Яратилиш санаси 29.11.2022

Қуръон тиловатининг савоби марҳумларга етиши ҳақдир

Аксар уламолар, Қуръон тиловатининг савоби марҳумларга етади, дейишади.   Қуръони каримда: "Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар:" Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан! "дейилган.(Ҳашр сураси, 10-оят)

Ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб,савобини уларга бағишлаш бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари билан жорий қилинган амалдир. Уламоларимиз Қуръон тиловат қилиб савобини ўтганларнинг ҳақига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига киради деб такидлайдилар. 

Абу Довуд Маъқал ибн Ясордан ривоят қилади:"У киши айтдилар:"Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  вассалам: "Ўликларингизга"Ясиин"ни ўқинг", дедилар". Бу ҳадис ёнида ўқилган Қуръондан маййит манфаат кўришига далолат қилади ва"Маййит Қуръон қироатидан манфаат кўрмайди"деганларга қарши ҳужжат бўлади.

"Саҳиҳи-Бухорий"шарҳи  "Умдатул-қори" китобида Пайғамбаримиз алайхиссалом икки қабрга икки ҳўл новдани тиқиб,шу новдалар қуригунча уларнинг тасбеҳи сабабли қабр эгаларидан азоб енгиллашишига умид қилганлари ҳақидаги ҳадисни шарҳлаб шундай дейилади:Хаттобий айтади:"Бу ҳадисда қабрлар ёнида Қуръони-карим ўқишнинг мустаҳаблигига далил бор.Чунки дарахтнинг тасбеҳи сабаб маййитдан азоб енгиллашишига умид қилинса,Қуръони-карим тиловатидан янада кўпроқ умид ва барака бўлади.Абу Ҳанифа  ва Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳумо Қуръон қироатининг савоби маййитга етади,деганлар".

Хулоса шуки, бир қанча манбаларда Қуръон қироатининг савоби вафот этганларга етиб бориши айтилган. Шундай экан,бу борадаги ҳар хил нотўғри фатволарга эътибор бермаслик керак.

Турсунов Исоқҳўжа 

Билим юрти ходими 

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар