Қорилар шайхи Маҳмуд Халил Ҳусорий

09:10 10 Апрель 2018 3005

Қорилар шайхи Маҳмуд Халил Ҳусорий

 

“Қорилар шайхи” номини олган Маҳмуд Халил Ҳусорий Мисрнинг ғарб томонида жойлашган “Танто”  вилоятининг “Шибран Намла” қишлоғида 1917-йил 17-сентябрда дунёга келди. У саккиз ёшида қуръони каримни тўлиқ ёд олди. “Ал-Азҳар” университетида Қуръони каримга оид илмларни таҳсил олди. У чиройли овоз соҳиби ва қироъат борасида қобилиятли  бўлганлиги боис радио эшиттиришида иштирок этиш учун ўтказиладиган имтиҳонда пешқадамлардан бўлди.

 У киши 1944-йил “Аҳмадийя” масжиди қориси этиб тайинланди. Бир муддат ўтиб, Миср қорилар мактабида “Бош қори” вазифасида, сўнг мудир ўринбосари бўлиб ишлади. Мана шундан кейин “Шайхул Қурро” (қорилар шайхи) унвонига муносиб деб топилди.

1961-йил биринчи бўлиб Ҳафс қироатида Қуръони каримни овозли шаклда тасмага туширди. Шундан сўнг Миср диёрида тақрибан ўн йилча фақатгина Халил Ҳусорийнинг қироати эшиттириб келинди.

1964-йилларга келиб У кишининг “Варш”, “Қолун” ва “ад-Дуварий” қироатида ўқиган тиловатлари ҳам ёзиб олинди.

1968-йилда бутун ислом оламига мўлжалланган тиловатлари тасмага туширилди ва у кишига “Ислом олами қориларининг раиси”, деган мақом берилди.

Қори кўплаб йиғин ва конференцияларда тиловатлар қилар эди. Бундан ташқари Араб ва Осиё ҳамда Африка давлатларига сафар уюштириб, у ердаги одамларга Қуръони каримни гўзал тарзда етказар эди. Бунинг натижаси ўлароқ бир қанча инсонлар у кишининг тиловатлари сабабли Исломни қабул қилган.

У зот биринчи бўлиб қорилар манфаатларини ҳимоя қиладиган, уларнинг маиший эҳтиёжларини кафолатлайдиган уюшма ташкил қилган ва қуръон ёдлашга ихтисослашган мактаблар барпо қилиниши зарурлигини ўртага ташлаган эди.

Умрлари охирида ўзлари туғилиб ўсган “Шиброн Намла” қишлоғда ҳам масжид ва олий маъҳад ҳамда қуръонга ихтисослашган мадраса қуришга қаттиқ бел боғладилар ва мол–давлатларининг учдан бир қисмини қуръони карим ходимлари ва ҳофизларига берилишини васият қилдилар.

Қуръони каримни тиловат қилиш билангина чекланиб қолмай, балки қуръон ва қироат илмларига оид ўндан ортиқ асарлар ёзганлар. Бунга мисол тариқасида:

Аҳкаму қироъатил қуръанил карим;

Ал қироътул ашара минаш шотибийяти вад дуррати;

Маолимул иҳтида ила маърифатил ибтида;

Ал фатҳул кабир истиозати ват такбир;

Аҳсанул асар фий тарихил қурроил арбъа ашар;

Маъал Қуръанил карим ва бундан бошқаларни келтиришимиз мумкин.

Ўзларининг гўзал овозлари ва адо этишдаги маҳорати билан қуръони карим қироати борасида ўчмас из қолдирди. У кишининг фазилатлари ҳақида қанча гапирса шунча кам. Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон муфтийлик давриларида бизнинг диёримиз Ўзбекистонга ҳам ташриф буюриб, чиройли тиловатлари билан мусулмонларни хушнуд қилганлар.

Маҳмуд Халил Ҳусорий сер маҳсул ва мазмунли ҳаёт кечириб, 1980- йил 24- ноябр, хуфтон намозидан сўнг фоний дунёдан ўтдилар.

Аллоҳ у кишининг жойларини жаннатдан қилсин, омин.

 

 

Манбалар асосида

Хошимов Нуриддин тайёрлади

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси