Халқаро анжуманнинг якуний баёноти қабул қилинди

06:33 16 Март 2021 396

    15 март куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистон ўртасида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида Самарқанд шаҳрида “Имом Бухорий меросининг ўзига хосхусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда қардош халқлар диний соҳа раҳбарлари, етук уламолар, мутахассис ва мутасадди вакиллар қатнашди.

   Нуфузли тадбирда Имом Бухорий меросининг мазмун-моҳиятини батафсил очиб бериш, унинг ўзига хос хусусиятлари, афзаллик ва тарбиявий аҳамиятини кенг ёйиш ҳамда халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, миллатараро тотувлик, яхши қўни-қўшничилик фазилатларини тараннум этиш каби масалалар муҳокама этилди.

   Шунингдек, бугунги куннинг долзарб масалаларига қарши муштарак муносабат билдириш, экстремизм ва терроризм ғояларининг тинчлик ва барқарорликка таҳдиди каби жиҳатлар кўриб чиқилди, Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар кенг тарғиб қилинди.

   Юқоридагилардан келиб чиқиб, тадбир иштирокчилари томонидан қуйидаги тавсиялар билдирилди:

– Имом Бухорийнинг бой илмий меросини ҳамкорликда ўрганиш ва тадқиқ этиш;

– Аллома асарларининг изоҳли нашрларини чоп этиш, у кишининг маънавий мероси тарбиявий аҳамиятига бағишланган рисолалар яратиш;

– Бугунги кун учун муҳим бўлган масалалар: дин ва эътиқод эркинлиги, миллий қадриятлар, ислом динининг тинчликпарвар ва инсонпарвар моҳиятини кенг тушунтириш;

– Халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ва бузғунчи қарашлардан сақлашга қаратилган ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш;

– Замонавий таҳдид ва хуружлар масалаларида муштарак позицияни билдириш, экстремизм ва терроризм каби иллатларнинг салбий оқибатлари, тинчлик ва барқарорликка таҳдиди бўйича ёндашувларни уйғунлаштириш;

– Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳани ривожлантириш, мутаассиблик ва экстремизмга қарши курашдаги ижобий тажрибасини оммалаштириш.

   Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, тадбир иштирокчилари келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний-маърифий мавзуларга бағишланган анжуманларни ҳамкорликда ўтказиш, Ислом динининг “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояларини кенг тарғиб этишга келишиб олдилар.

   Самимий ва илмий-маърифий суҳбатга бой бўлган Имом Бухорий меросига бағишланган халқаро анжуман ўз ишини якунлади.

   Халқаро анжуман иштирокчиларининг юртимиз ва нуфузли тадбир ҳақидаги фикрларини сайт ва ижтимоий тармоқларимизда кузатиб боринг!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати