Изланинг, тафаккур қилинг, роҳатланинг!

04:58 23 Март 2021 78

Бизларни йўқдан бор қилган ва бизлар учун тўкис неъматларини яратиб қўйган Аллоҳга ўзи яратган яратилмишларининг ададича ҳамду санолар бўлсин!

Аллоҳ таоло ўзини бизларга танитиш ва ўзининг ризолигини топишни, тўғри йўлини кўрсатиб бериш учун бизларга устоз қилиб берган, Ўзининг элчиси, Жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳнинг салом ва раҳматлари бўлсин!

Биз гуноҳкор бандаларнинг эҳтиёжимиз кўп. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам бизларга барча эҳтиёжларимизни яратгувчи Аллоҳдан сўрашни (энг майда нарсаларни ҳам), қачон, қандай йўл ёки усул билан сўрашни ҳам ўргатганлар. Биз бандалар Аллоҳдан кўп нарсаларни сўраймиз ва тезроқ ижобат бўлишини истаймиз. Биз сўраган нарса бизга ҳақиқатдан фойда келтириш, келтирмаслигини билмасак-да.

Шу нарса маълумки, Аллоҳ чин қалбдан исталган(сўралган) нарсани у ким сўраган бўлишидан, нима нарса сўраган бўлишидан қатъи назар албатта беради. Ҳаракатларига қараб, ундан-да ортиқ қилиб беради. Масалан: уяли алоқа тизими, дори-дармонлар, роботлар, космик ракетадан тортиб атом бомбасигача. Чунки инсонларнинг ўзлари шу нарсани яратишни истаб унинг устида кун-у тун изланиб, буни ўзининг ҳаёт мақсадига айлантиради. Сўнггида, Аллоҳ унинг истаганини беради.

Бандасига қандай йўл билан унинг истаганини беришни Ўзи яхши билади. Кимгадир очиқ ҳолда, кимгадир кимдир орқали, кимгадир тафаккур йўли орқали, кимгадир тушида ва ҳакозо...  

Аллоҳ таоло Расулулоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни фаришта Жабройил алайҳиссалом орқали илмли қилиб қўйди. Сулаймон алайҳиссаломга жинларни бўйсиндириб қўйди, Довуд алайҳиссаломга темирни илмини берди. Луқмони Ҳакимга ўсимликлар орқали инсонларни даволашни ўргатди. Аллоҳ инсонларни динидан, миллатидан, ирқидан ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар унинг сўраганини беради. Яқин ўтмишдан мисоллар: авлиёлар фақат Аллоҳни мухаббатини, ўзларидан кечиб, унинг “Ўзи”ни исташди ва унга етишишди. Г.Форд ўз уйида туни билан йиллаб изланишлар ва тажрибалар натижаси ўлароқ, биринчи автомашинани ясади ёки кимёгар олим Д.Менделеев кимёвий элементларни жадвалини яратиш учун қанча уриниб, излангани учун Яратгувчи унинг тушида кимёвий элементлар даврий жадвалини мукаммал тарзда кўрсатиб қўйди.

Сизнинг сўраётганингизни Аллоҳ сизга турли ишора, белги ва инсонлар орқали ечимини кўрсатиб турибди. Лекин сиз буни пайқамаяпсиз ёки тафаккур қилиб кўрмаяпсиз. Баъзан, Аллоҳ сизга яхши бўлиши учун сўраётганингизни бермаётган бўлиши мумкин ёҳуд хали сиз сўраган нарсангизга тайёр бўлмаслигингиз мумкин. Агар сўраган нарсангиз Аллоҳни ризоси учун бўлса, бу ҳақиқий бахт, у амалга ошса ҳам, амалга ошмаса ҳам. Сиз ўзингиз истаган нарсани кимдир орқали амалга ошганини ёки қандайдир ишора, белги ва воқеалар орқали айнан сиз сўраган нарса бўлаётганини тафаккур қилиб кўрсангиз, сиз ажойиб роҳатни сезасиз. Аллоҳни яқиндан танийсиз, уни нақадар Ҳаким, Раҳмон ва Раҳим зот эканига амин бўласиз.

Бу билан нима демоқчиман, Аллоҳдан нимани сўраётган бўлсангиз ҳам ниятни тўғри ва яхши қилинг, чунки барчамизни хотимамиз бир ҳил - ўлим. Ўлимдан кейинги ҳолатимиз эса шу ниятларимиз ва амалларимизга боғлиқ.

Сўраяпсизми? Ҳаракат қилинг!

Сўраяпсизми? Тафаккур қилиб, изланинг ва натижадан роҳатланинг!

Ниёзбек Пайғамов

       “Ҳидоя” ўрта-махсус ислом
билим юрти талабаси