Толстойнинг ҳидояти ёхуд "Аллоҳга иймон келтиришни хоҳлайсанми?.."

05:21 26 Март 2021 155

Бир киши қаршингизга чиқиб, Аллоҳнинг борлигига нима учун ишонасан деса, қандай жавоб берган бўлар эдингиз?...

Оддий, содда мисоллар билан тушунтириб бериш шунчаки “ишонаман” дегандан кўра кучлироқ бўлармиди?...

Қуйида сизга ана шундай далиллардан баъзиларини тақдим этамиз. 

Бироқ аввал ўйлаб кўринг, бир киши Аллоҳнинг борлигини қабул қилишни хоҳламаса, ҳар қанча далил келтирманг, уни ишонтириш қийин. Масалан, бир киши одамзоднинг Ойга қадам қўйиши мутлақо мумкин эмас, деб қайсарлик билан туриб олса, унга ойда фазогирларнинг сайр қилгани ҳақидаги видеолар, фотосуратларни кўрсатиш бефойда. Чунки ойга бориш мутлақо мумкин эмас деб қарор қилиб бўлди. Шунинг учун аввало савол беринг: “Агар Аллоҳ ҳақиқатан бор бўлса, Унга иймон келтиришни хоҳлайсанми?” 

Аллоҳнинг мавжудлигини қўллаб-қувватловчи баъзи далиллар: 

1.  Дунё тарихининг кўпгина маданиятли, илмли инсонлари ягона Аллоҳнинг борлигини қабул этганлар. 

Аллоҳнинг мавжудлигига ишонмайдиган бир одам тарихда ўтган кўпчилик олимлар, маданият кишилари адашган-у, мен тўғри йўлдаман деб қандай айта олади? Миллионлаб одамлар, хусусан, турли илм соҳаси вакиллари, олимлар, спортчилар, шоир-ёзувчилар, умуман ақли расо миллионлаб кишилар қандай қилиб адашган бўлиши мумкин?.. 

Антропологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бугунги кунда энг олис, яккаланиб қолган ва энг ибтидоий қабилаларда ҳам Тангрига бўлган умумий эътиқод мавжуд. Энг қадимги, антик тарихий асарларда ҳам ягона Яратувчининг борлиги ҳақидаги тушунчаларни кўриш мумкин. Ҳатто кўпхудоликка асосланган, бир-биридан алоҳида, мустақил жамиятларда ҳам энг юксак ва энг олий Тангрининг борлиги эътироф этилган. 

2.  Сайёрамизнинг мураккаблиги нафақат бизнинг коинотимизни яратган, балки ҳозирда ҳам уни тадбир қилаётган Зотга боғлиқ эканлигини кўрсатади. 

Аллоҳнинг яратувчи эканлигини исботлайдиган бир қанча, балки ҳисобсиз далиллар мавжуд. Аммо биз уларнинг баъзиларини келтирамиз.

Ер. Ер шарининг ҳажми мукаммалдир. Ернинг катталиги ва тортиш кучи ердан 80 км баландликда кислород ва азот газларининг ингичка қатламини ушлаб туради. Агар Ернинг ҳажми кичикроқ бўлганда, масалан, Меркурий каби, атмосферанинг мавжудлиги имконсиз бўларди. Агар Ернинг ҳажми каттароқ бўлганда, масалан, Юпитер каби, атмосферани эркин водородлар ўз ичига олар эди. Ер бу ҳайвонлар, ўсимликлар ва одамлар яшай оладиган атмосферанинг тўғри аралашмаси бўлган ягона сайёрадир. 

Ер сайёраси қуёшга энг тўғри масофада жойлашган. Агар Ер қуёшдан бироз узоқроқ бўлганда, биз музлаб қолардик. Агар бироз яқинроқ бўлганда, ҳаммамиз куйиб кетган бўлардик. Ер сайёрасининг жойлашувидаги озгина ўзгариш ҳам ундаги ҳаётни имконсиз ҳолга келтирган бўлар эди. Ер қуёш атрофида 107000 км/соат тезликда айланар экан, бу мукаммал оралиқ масофани сақлаб келади. Бу айланиш жараёнида Ернинг ўзи ҳам ўз ўқи атрофида айланиб боради. Шу тариқа Ер ўзининг сиртини иситиш ва совитишни таъминлайди. 

Ернинг бу даражада мукаммал ишлашини назорат қилиб турган ким?.. 

Сув. Рангсиз, мазасиз, ҳидсиз. Аммо ҳеч бир жонзот усиз яшай олмайди. Инсон танасининг учдан икки қисми, ўсимлик ва ҳайвонларнинг аксар қисми сувдан иборат. Келинг, сувнинг ўзига хос хусусиятларини кўриб чиқамиз. 

Сувнинг ғайриоддий музлаш ва юқори ҳароратда қайнаш нуқтаси бор. Сув – ўзгарувчан атроф-муҳит ҳароратига мослашишимизга ва тана ҳароратини доимий равишда ушлаб туришимизга имкон берувчи элемент ҳисобланади. Шунингдек, сув кимёвий жиҳатдан таъсирсиздир. Яъни у озиқ-овқат, дори-дармон ва минерал моддалар сифатига путур етказмайди. Аксинча уларнинг танага сингишига имкон беради. Сув ноёб сирт таранглигига эга. Ўсимликлар танасидаги сув тортишиш кучига қарши юқорига кўтарилиб, энг баланд шохларга ҳам озуқа моддаларини олиб бора олади. 

Рангсиз, ҳидсиз, таъмсиз сувга бундай хусусиятларни берган ким?..

Инсон мияси. У бир вақтнинг ўзида кўплаб маълумотларни қайта ишлайди. Инсон мияси бир вақтнинг ўзида шаклларни, рангларни, ҳидларни, ҳароратни, оёқ остидаги босимни, оғиз, қўллар намлигини ва шунга ўхшаш бир қанча маълумотларни қайта ишлайди.  Инсон мияси ҳиссий жавобларни, хотира ва фикрларни қайд этиб боради. Шу билан бирга нафас олиш, кўзнинг очилиб юмилиши, ички органларнинг ишлаши каби тананинг мунтазам ҳаракатини назорат қилади. Миямиз бир сонияда миллионлаб маълумотларни қайта ишлайди. Аҳамиятли хабарларни хотирага олиб, кераксизларини ташлайди, яъни филтирлайди. 

Энди ўзингиз айтинг, ҳар сонияда миллионлаб маълумотларни қайта ишлайдиган, танангизнинг онгли-онгсиз, барча функцияларини назорат қиладиган, сон-саноқсиз фаолият ва ижодкорликка эга бўлган миянгиз ҳеч қандай яратувчисиз пайдо бўлган бир парча гўшт бўлиши муминми?.. Бу мукаммал аъзонинг қандай пайдо бўлганини ким тушунтириб бера олади?.. Буни инсон миясидан ҳам билимлироқ комил илм ва қудрат соҳибигина ярата олади, холос. 

3.  “Тасодиф” сўзи тушунтириш учун етарли эмас.

Таниқли астроном Фредрик Ҳойл аминокислоталар инсон ҳужайраларида тасодифан бирлашган деган иддаонинг математик жиҳатдан кулгили эканлигини таъкидлайди. Ҳойл “тасодиф” эҳтимолини қуйидаги мисолга ўхшатади: “Чиқиндихона устидан бир шамол эсиб, турли хил темир парчалари бирлашиб, учишга тайёр “Боинг  747” самолёти пайдо бўлиб қолиши мимкинми? Бу “тасодифий” эҳтимол шу қадар беъманики, шамолда қанчалик имконият бўлса ҳам, бундай натижага эришиб бўлмайди”.

Шу каби мисолни Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит роҳматуллоҳи алайҳ ҳам Аллоҳнинг борлиги инкор этган кимсаларга далил ўлароқ келтирганлар. “Тасаввур қилинг, – дейдилар Абу Ҳанифа, – катта бир денгизда кема бор. Аммо у кемани бошқариб турадиган денгизчи йўқ.  У кема тўлқинларнинг шиддати, шамолнинг кучига қарамай ўз йўлида бир маромда юриб бориши мумкинми?” Тортушувга келган кишилар бир овоздан: “Бўлиши мумкин эмас, катта денгизда кема бошқарувчисиз юра олмайди”, дейишди. Шунда Абу Ҳанифа: “Оддий бир кема денгизда бошқарувчисиз юра олмас экан, бу олам, бу коинот қандай қилиб яратувчисиз, бошқарувчисиз давом этиб келяпти?” дедилар. Шундай экан, коинот ва ҳаётимиз мураккаблигини ҳисобга олсак, эҳтиёжларимизни қондирган олим, меҳрибон бир Яратувчининг мавжудлигини қабул қилишдан бошқа чорамиз йўқ.

4.  Инсонда табиатан мавжуд бўлган тўғри ва нотўғри ҳисларни биологик жиҳатдан изоҳлаш мумкин эмас. 

Барчамизда тўғри ёки янглиш ҳислар мавжуд. Ҳатто ўғри ҳам ўғрилик қилаётган вақтида нотўғри иш қилаётганини ҳис қилиб туради. Ёки бир ёш қизчанинг оиласидан олиб қочилиб, унга тажовуз қилингани ҳақидаги хабарни эшитган, ўқиган ҳар қандай инсон, қайси маданият вакили бўлишидан қатъий назар, қизга ачинади, бу ишни қилганлардан эса нафратланади. Энди жавоб беринг, биз бу ҳиссиётни қаердан олдик?  Бутун инсониятда ёвузликдан нафратланиш ва адолат туйғуси қандай пайдо бўлди? Жасорат, эзгу мақсад йўлида жон бериш, севги, раҳм-шафқат, қадр-қиммат, бурчга содиқлик ва шунга ўхшаш биологик жиҳатдан изоҳлаш мумкин бўлмаган туйғулар бизда қаердан пайдо бўлди? Агар инсон фақатгина жисмоний ривожланишнинг маҳсули бўлса, хато ва тўғри ҳақидаги ички ҳиссиётларга қандай эришди?..  

Бу туйғуларнинг барчасини “виждон” сўзи билан тушунтириш мумкин. Шу ўринда буюк ёзувчи Лев Николаевич Толстойдан иқтибос келтирмоқчиман. Толстой айтади: “Қалбимизда Аллоҳнинг нури бор, унинг оти виждондир”. 

Ҳа, бутун коинотни яратган, ҳар ишни тадбир қилган, инсонларга виждон аталмиш туйғуни сингдирган Зотни инкор қилиш аҳмоқликдан ўзга нарса эмас. 

 

Муҳаммадсодиқ Абдуолимов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси