Қўлга ўргатилган "фарзанд"

08:40 19 Февраль 2021 50

Фарзандининг “қулоқсиз” бўлишини ҳеч ким истамайди. Рост-да, ҳали бир қаричлигидан гапга қулоқ солмаса, ақл ўргатса, улғайгач, нима бўлади? Кўпчилик ота-оналар болага тарбия беришда айни хавотир асосида иш олиб боришади. Қўлланиладиган услуб ҳам шунга монанд. Масалан, гўдак пичоқ ёки иссиқ чойнакни ушламоқчи бўлса, “жизз” дейилади. Шу билан чекланмай, “жизз” нима эканини билиб олсин учун боланинг қўлини иссиқ тафтга енгилгина тутилади. Бир муддатдан кейин гўдак “жизз” деган сўзни эшитиши билан, ўзида қўрқув ҳис қилади. Бирор ишдан қайтаришни истаса, гўдакка “жизз” дейди-ю, ота-онанинг жони роҳат топади...

Ёки қайсарлик қилган болага “агар ҳозир айтганимни бажармасанг, сени яхши кўрмайман”, дейиш оналарнинг одати. Ўз истаклари ва онасининг меҳрини йўқотиб қўйишдек қарама-қаршилик орасида қолган гўдак ноилож  буйруққа бўйсунади...

Ота-оналик фарзандни “жизз” ёки “олабўжи”лардан қўрқитиб, таҳдидлар билан катта қилишдан иборатми? Фақат қўрқитувлар остида берилган тарбияни тўғри дейиш мумкинми? Таассуфки, бу кенг тарқалган ва ота-оналар наздидаги энг қулай усул.

Шу ўринда рус психологи Иван Павловнинг “шартли рефлекс”ига тўхталиб ўтамиз. Бу атама бир тажриба асосида келиб чиққан. Тажриба ит устида ўтказилган бўлиб, унга гўшт беришдан аввал қўнғироқ чалинади. Аввал қўнғироқ, кейин гўшт... аввал қўнғироқ, кейин гўшт... Маълум муддатдан кейин ит қачон қўнғироқ овозини эшитса, гўшт беришларидан умид қилиб, думини ликиллата бошлайди. Мазкур тажриба ҳайвонлар ҳаракатларини ўзгартиришда муваффақиятли самара кўрсатди...

Авваллари кўчаларда чилдирма чалиб, айиқ ўйнатиб юрувчилар бўларди. Нега каттакон, йиртқич ҳайвон бўлмиш айиқ, чилдирма овозини эшитиши билан рақсга туша бошларди? Чунки унга шундай усул билан тарбия берилган: айиқни темир қафасга солиб, тагидан ўт ёқилади. Айиқ ўйнатувчи эса қафас рўпарасига келиб олиб, чилдирма чалади. Қафаснинг таги билан бирга, айиқнинг оёғи ҳам куя бошлайди. Бу ҳолатда айиқ ўйнатувчи чилдирмани яна ҳам шиддат билан уради. Олов кучайгани сари бечора жонивор қафас ичида тинмай дам у, дам бу оёғини иссиқдан қутқариш пайида ҳолдан тойиб бораркан, қулоғида бир овоз қолади – чилдирма овози... Бу ҳол бир неча кун давом этгач, айиқ чилдирма товушини эшитиши билан, оёғим куяди деган ўйда, сакрай бошлайди. Хулоса, қаршингизда чилдирмага ўйнаяпти деб ўйлаганингиз айиқ, аслида оёғининг куйишидан қўрқиб сакраётган, онгига босим ўтказилган, “шартли рефлекс”га кўра ҳаракатланаётган бечора ҳайвондан бошқа нарса эмас...

Биз бу мисолларни нега келтирдик? Шунинг учунки, ҳайвонларнинг ҳаракатларини ўзгартиришда муваффақият қозонган “шартли рефлекс ҳосил қилиш” усулидан ота-оналар бола тарбиясида баҳузур фойдаланишади. Айиқни қўрқитиб, ўйинга тушишга ўргатиш билан жазо, таҳдид услубларидан фойдаланиб болани истакларидан воз кечишга мажбур қилиш ўртасида қандай фарқ бор?

Ҳайвонлар, қийноқ, исканжа, мажбурлаш билан биз истаган ҳолга келиши мумкин. Лекин одамда иззат-нафс бор, ор-номус бор, виждон, ақл, қалб бор. Балки ҳайвонни оч қолдириб, қийнаб тарбиялаш мумкиндир, аммо одамни асло...

Жазо ва таҳдид усули билан фақатгина гўдакликда ҳаммаси меъёрида кечади. Лекин келажакдаги натижа-чи?.. Ўкситилган кўнгил, камситилган иззат-нафс, дахл қилинган виждон билан ота-онасини қон йиғлатадиган, ўқитувчисига бўй бермайдиган, ўзидан бошқани одам ҳисобламайдиган маънавий мажруҳ ўсмирлар...

“Жизз”, “олабўжи”ларга болангизда “шартли рефлекс” ҳосил қилишдан аввал ўйланг, сиз фарзанд ўстираяпсиз, кўчаларда ўйнатиб, пул топиш учун айиқ тарбиялаётганингиз йўқ. Шундай қилингки, бугун ҳам, келажакда ҳам фарзандингиз топширилган вазифани фақат таҳдид қилинганида бажарадиган бўлмасин. Руҳи, иродаси бақувват, фикрида собит, ҳам ота-онаси, ҳам жамиятга фойдали инсон бўлиб етишсин. Зотан, чин инсонларни улғайтирмоқ истаган ота-она, эл фарзандлар ғурурига, иззатига дахл қилмайди.

ШАВКАТЖОН МАДАМИНОВ

 “Ҳидоя” ислом билим юрти

ўқув-услубий бўлим бошлиғи