Диний соҳа вакиллари билан учрашув

14:59 16 Декабрь 2020 497

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги мажлислар залида диний соҳа вакиллари билан учрашди.

Учрашув давомида Дин ишлари бўйича қўмита раиси сўнгги йилларда диний соҳани ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган изчил сиёсат, яратиб берилаётган имкониятлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, диний соҳа вакиллари томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

-  Бугунги тобора шиддат билан ривожланаётган дунёда имом-хатиблар нафақат диний, балки замонавий билимларни ҳам чуқур эгаллаши, мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиши лозим, – деди Абдуғофур Аҳмедов.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи эшитилди ва 2021 йилда бажарилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтди. Унда имом-хатиблар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар Дин ишлари бўйича қўмита раиси томонидан қўллаб-қувватланди.

Тадбирда вилоят бош имоми Абдулҳай Турсунов, вилоятдаги масжидлар имом-хатиблари, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти устозлари, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси Малака ошириш маркази вилоят филиали директори ва ўқитувчилари  иштирок этди.

 

Билим юрти матбуот хизмати