Исломда кўз ёш тўкишнинг мохияти

10:02 23 Ноябрь 2018 1725

Исломда кўз ёши тўкишнинг мохияти

Тафаккур, зикр, Аллоҳдан қўрқув туфайли, хато, гуноҳ ва исёнлар учун тўкилган бир томчи кўз ёшининг инсон қалбига нақадар муҳаббат, ҳаяжон ва нурли бир ҳаяжон  бериши фақат қалб аҳлигагина маълум.

Булбулдан сўранг гулнинг ишқини... Бу савдо ва бу ишқ бўлмаса, нозли булбул бутун вужуди билан куйлай олармиди?!

Инсон булбул мисоли ишқли ва савдолидир. Аллоҳга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, валийларга, олимларга муҳаббати бор. Аллоҳнинг раҳматини умид қилиб, азобидан қўрқади. Нафс ва шайтон каби, адашган ва шафқатсиз душманлар ҳар он уни залолат ва оташ томон тортадилар. Инсон ожизлигини ва Раббига сиғинишини кўз ёшлари билан ифода қилади. Кўз ёши ожизликка ишорадир. Ожизлик эса бандаликдир. Яъни, Раббининг азамати қаршисида ожизлигини эътироф

етиши, кибр ва ғурурдан халос бўлиши демакдир. Кўз ёши қўрқув ва тафаккурдан келса, инсонга олийлик ва маънавий юксаклик бахш

етади."Кўз ёш тўкиш гўзал экан, ёш тўкайлик", деб ҳар йерда ва ҳар замон йиғлаш тўғрими? Ҳар турли ибодатнинг ичига фасод солган нафс ва шайтон йиғига ҳам аралашсачи?...Йиғига риё ва сумъа аралашса-чи?

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ёш тўкканлар. Фақат бутун манбаларни тафтишимиздан сўнг билиндики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яширин йиғлаганлар. Яширин йиғлашни тавсия этганлар. Чунки, ошкора йиғига кишининг нафси аралаишши мумкин.

   Шу сабабли Аллоҳнинг дўстлари ўз асарларида ошкора йиғидан ман қилганлар. Кечанинг ярмида танҳолик ҳолатида истиснолик кўрсатганлар.

 

 Қуръони каримда кўз ёш ҳақида

 Қуръони каримда кўз ёш тўкиш билан боғлиқ бир неча оят келади. Мўминнинг йиғлаши кулишидан кўп бўлиши кераклиги ҳақида Аллоҳнинг тавсияси бор:

"Бас, ўзларининг касб қилган нарсалари (яъни, кофирликни танлаганлари) жазосига улар

(бу дунёда) оз кулсинлар, (сўнгра охиратда) кўп (абадий) йиғласинлар!" (Тавба  сураси 82-оят).

Илм берилган зотларнинг барчаси илоҳий лутф ўлароқ Аллоҳнинг азамати қаршисида йиғлаганлари ҳақида:

"Айтинг: "(Ей мушриклар), сизлар (хоҳласангиз) унга ишонинглар, хоҳласангиз, ишонманглар. Зотан, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм (яъни, Таврот) берилган кишилар уларга (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар". Ва улар: "Ей Пок Парвардигор! Албатта Парвардигоримизнинг

("Мен сўнгги Пайғамбаримни юборурман ва унга Қуръон нозил қилурман", деган)

ваъдаси адо қилингувчи ваъдадир", дейдилар. Улар йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур (Исро сураси 107-109-оятлар).

Ҳамма пайғамбар ҳам йиғлаган. Улар умматлари учун йиғлашган. Уммат аҳлини ишлатмаётганидан йиғлашган. Аллоҳнинг неъматларига қарши инсонларнинг нонкўрлигига йиғлашган. "(Ей Муҳаммад алайҳиссалом), ана ўшалар (яъни, Биз Сизга қиссаларини сўйлаб берган

кишилар) Одам зурриётидан бўлган (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан бўлган (Иброҳим каби), Иброҳим зурриётидан бўлган (Исмоил, Исхоқ, Яъқуб каби), Исроил Яъқуб (зурриётидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Исо каби пайғамбарлардан) ва Биз хидоят қилган ва танлаб олган кишилардан иборат Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотлардир. қачон уларга Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида йиқилурлар" (Марям сураси 58-оят).

Инсонга йиғи ва кулгуни Аллоҳнинг ўзи берган. Марҳамат ирмоқларини ҳаракатга келтирган, қўрқув ва рағбат туйғуларини жўштирган ҳам Ўзидир.

"Албатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир" (Нажм сураси 43-оят

Охирини ўйламай, кундалик арзимас нарсалар билан бахтли бўлишга интилган ва бу йўлда кулиши йиғисидан кўп бўлган инсонларга Аллоҳ таоло хитоб қилади:

Куласизлар-у, йиғламайсизлар". (Нажм сураси, 60-оят)

 

Муҳаммадамин БОҚИЖОНОВ

 “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ёшлар  иттифоқи аъзоси

Tags:   yosh , mohiyati , maqola , kishning , Karim , islomda