Қуръони каримнинг жамланиш тарихи

10:33 03 Апрель 2019 1473

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамлаб китоб шаклига келтирилмаган. У кишининг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг мусулмонларга

Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлиқ этиб сайландилар. У кишининг даврида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанглар бўлди. Шу жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда хазрати Умар Абу Бакрга (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин): қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб жамлаб қўйиш керак, деган маслаҳатни берди.

Аввал бошида ҳазрати Абу Бакр иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. Кейинроқ эса, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканлигини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит исмли саҳобани чақириб, бу ишни амалга оширишни унга топширдилар. Чунки, Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида ёдлаган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида бирга бўлган эди.

Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ва бошқалар Қуръони Каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва унинг Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», деб эълон қилдилар. Икковлари масжидда ўтириб, гувохларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқарди.

Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у кишидан саҳобалар, саҳобалардан эса, улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келган.

Шундай қилиб, Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумолар машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. У киши оламдан ўтгандан кейин саҳифалар ҳазрати Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари ва Пайғамбаримизнинг хотинлари Хафса онамиз ҳузурларида қолди.

Вақт ўтиши билан Ислом давлатининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар ҳам мусулмонликни қабул қилиб, мусулмонларнинг сони кўпайгандан сўнг Қуръонни ўқишда турлича келишмовчиликлар чиқа бошлади. Бу ҳолатни кўрган ўша вақтдаги халифа Усмон ҳазратлари Хафса онамиздан Абу Бакр давридаги саҳифаларни сўраб олиб, ундан олти нусха кўчиришга буйруқ бердилар.

Нусхалар тайёр бўлгандан сўнг мусулмонлар яшайдиган диёрлардаги марказий шаҳарларга битгадан нусхага битгадан қори қўшиб жўнатдилар ва ҳаммага фақат шу нусхадан Қуръонни кўчириш ва шу қоридан қироат ўрганишга буйруқ бердилар. Бошқа мусҳафларни ёқиб юборишга фармон чикди. Дунёда ҳеч бир уммат ҳеч бир китобга Ислом уммати Қуръони Каримга аҳамият берганидек аҳамият берган эмас.

Илк оятлар тушган вақтдан бошлабоқ, аввало, уларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёдлар эдилар, сўнг мусулмонларга ўқиб берар эдилар, ёзишни билганларга ёздириб қўяр эдилар. Бошқа муқаддас китоблар каби Қуръон махсус бир тоифа кишилар қўлида турмади. Балки у барча омманинг кўз ўнгида ва қулоқ остида бўлдики, уни ҳамма доимо ўқир эди.

Намозда ҳам, бошқа жойларда ҳам Қуръон ўқилар эди. Хукмни ҳам Қуръондан чиқарар эдилар. Қуръон уларнинг ягона қўлланмаси бўлиб, диний, ижтимоий ва сиёсий ҳаётларида доимо йўлбошчи бўлиб келди. Бундай нарсани ҳеч ўзгартириб бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръонни ҳеч қандай ўзгаришсиз сақлашни зиммасига олган. Бу ҳакда Қуръонда шундай дейилади:

«Албатта, Биз Қуръонни туширдик ва албатта, уни Биз Ўзимиз муҳофаза қиламиз».

 

Абдурашид Яқубжанов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси