Намознинг фазли

14:39 15 Ноябрь 2018 1595

Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бандаларига беш вақт намозни фарз қилди. Чунки намоз поклик рамзи. Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, балки бадани, кийим-боши ва ҳамда макони ҳам пок бўлади. Ҳозирда ҳеч кимга сир эмас, намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур бўлган ибодатдир. Намозхон киши ҳилм, мулойимлик, хотиржамлик, шошилмаслик ва сабр каби кўплаб инсоний ва юксак фитрий фазилатларга эга бўлади. Аллоҳ таоло намознинг фазилатини Ўз китобида шундай зикр қилган:

“Ва намозни тўкис адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва мункар  ишлардан қайтарадир. Аллоҳ таолонинг зикри (барча нарсалардан) улуғдир”.

Шу оят борасида муфассирлар айтадиларки, агар намозхон киши гуноҳи кабираларни, фаҳш сўзларни ва мункар, яъни Аллоҳ таоло қайтарган амаллардан қайтмаган бўлса, яъни шу ишларда бардавом бўлса, демак унинг намози Аллоҳ таолога мақбул эмаскан. Чунки Худои таоло - Албатта, намоз фаҳш ва мункар (қайтарилган) ишлардан қайтарадир. – деб айтаяпти, демак намоз бизларни фаҳш ва мункар ишлардан қайтарар экан, ҳақиқий намозхон одам бундай қабиҳ ишларни қилмайди, тўғрироқ қилиб айтадиган бўлсак, унинг намози қўймайди. Шундай қилиб, агар намозхон киши Аллоҳ таоло қайтарган амаллардан тийилмаган экан, билсинким унинг намоз Худои таборак ва таоло наздида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Демак, у инсон ўқиётган намозига эътибор берсин. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

“Беш вақт намознинг мисоли эшикларингиз олдидан оқиб ўтаётган суви кўп дарё кабидир. Унда ҳар куни беш маротаба ювинган одамнинг танасида кир қоладими?” деганларида. Саҳобалар : Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди – дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ таоло беш вақт намоз билан хатоларни ювади” -дедилар.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар». Яъни Аллоҳ таоло хоҳласа кечиради, хоҳламаса йўқ.

Демак, бизлар азиз мусулмонлар ҳаётимиз давомида, ҳар қандай шароитда беш вақт намозни тарк этмасдан доимо ўқиб юрсак, Холиқи зул жалолнинг Ўзи ваъда бераяптики - Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим.

Демак, жаннату ризвонни фақат беш вақт намознинг ўзи билан ҳам нақд қилиб қўйиш мумкин экан. Беш вақт намоз билан гуноҳлар кечирилса, беш вақт намоз билан баданию руҳи пок бўлса, беш вақт намоз билан бу дунёси файзи футуҳли бўлса, беш вақт намоз билан жаннатга эришса, яна банда учун нима керак. Бундан ортиқ бахт борми дунёда?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз ва жумадан жумагача ўз ораларидаги (гуноҳ)ларга каффоротдирлар. Модомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса!” дедилар.

Усмон р.а. биз билан ўтирган эдилар, муаззин келди. Усмон р.а. сув олдириб, таҳорат қилдилар, кейин: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мен қилгандек таҳорат қилганларини кўрганман ва: “Ким мен қилгандай таҳорат олиб, пешин намозини ўқиса, Аллоҳ таоло у намози билан бомдод намози орасида бўлган гуноҳларини кечиради, кейин асрни ўқиса, Аллоҳ таоло аср билан пешин орасидаги гуноҳларини кечиради. Сўнг шом намозини ўқиса, Аллоҳ таоло шом билан аср ўртасида ўтган гуноҳларини кечиради. Кейин хуфтон намозини ўқиса, хуфтон билан шом намози орасида бўлган хатоларини кечиради. Сўнг ётади ва думалаб кечани ўтказади. Сўнг туриб, таҳорат қилиб, бомдод намозини ўқиса, Аллоҳ таоло бомдод ва хуфтон намози орасидаги гуноҳларини кечиради. Бу яхшиликлар ёмонликларни кетказади”, деганларини эшитганман – дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан кейин беш вақт намоз ҳақида гапиришликни тўхтатса ҳам бўлади, чунки бунчалик неъмат, нақадар енгиллик ва нақадар башоратларнинг кўплиги. Энди қандай инсон бўлиш керакки бунчалик ваъдалардан сўнг ҳам намоз ўқимаса.

Ҳасан Басрий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

 “Намоз ўқувчи учун 3 каромат бор:

1. Яхшилик унинг бошига осмон булутидан сепилади;

2. Фаришталар уни қадамидан то осмон булутларигача ўраб олишади;

3.малоика нидо қилади – банда ким нажот топишини билса эди, намоздан ҳеч чиқмас эди, деб. Бу кароматларнинг ҳаммаси намозхонлар учундир”.

Буюк тобеъийн Қатода дейди: Дониёл алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларини сифатлаб, шундай дедилар: “Уммати Муҳаммад ўқиган намозларни агар Нуҳ алайҳиссалом қавми ўқиганида, сувда ғарқ бўлмасди. Агар Од қавми ўқиганида, фойдасиз шамол устларига юборилмас эди. Агар Самуд қавми ўқиганида уларни чақмоқ олиб кетмас эди”. Ва яна Қатода гапларини давом эттириб дедилар: “Сизлар намозни ўзларингизга лозим тутинглар, чунки у мўминнинг гўзал хулқидир.”

Савбон р.а.дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига дедилар: “Сен Аллоҳ таолога кўп сажда қилишни ўзингга лозим тут. Қачон сен Аллоҳ таоло учун бир сажда қилсанг, албатта, Аллоҳ таоло сенинг даражангни бир поғона кўтаради ва у билан битта хатоингни ўчиради”.

Шундай экан,  кимики Аллоҳнинг даргоҳида мақоми баланд бўлишини хоҳласа, олий мартабада бўлишни хоҳласа, бандачиликда қилиб қўйган хатоларини кечирилишини хоҳласа, бўш пайтида намоз ўқисин, кўпроқ сажда қилсин.

 

Ривожиддин НАСРИДДИНОВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси