Бемор холидан хабар олинг

10:23 03 Октябрь 2018 1453

Бемор энг аввало, яқин инсонларини кўришни истайди, уларни кутади. Чунки ҳасталик одамни бир оғиз таскин-тасалли, умидбахш сўзга муҳтож этиб қўяди. Беморнинг холидан хабар олиш - эзгу иш. Бу нафақат ҳаста инсон, балки ха­бар олгувчининг қалбига ҳам ёруғлик бахш этади.

Набий с.а.в: “Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича у жаннатнинг хурфасида бўлади", дедилар. “Эй, Аллоҳнинг расули, жаннатнинг хурфаси нима?”,  дейилди. “мевасидир”, дея жавоб бердилар.

Шу биргина ҳадиси шариф бизга беморларни зиёрат айламоқлик нақадар улуғ иш эканини англатади. Биз эса гоҳ вақтимизни қизғонамиз, гоҳ ишимиз кўплигини баҳона қилиб кўрсатамиз.

Устозларимиздан бири шундай воқеани сўзлаб берган эди. Кекса бир отахон дардга чалиниб, узоқ ётиб қолади. Унинг соғайиб кетишига умидлар сўна бошлаган бир паллада олис вилоятда яшайдиган дўсти уни кўргани келади. Улар бинойидек суҳбатлашишади. Яқинлари боягина бир сўз айтмоққа мажол топмаган бемор­нинг ҳолидан ҳайратга тушадилар. Бунча кучни у қаердан олди?

Бу - чинакам мўъжиза эди. Бе­мор дўстининг йўқловидан, меҳрибонлигидан куч олди, дардни енгди. Тез орада соғайиб кетди, узоқ йиллар яшади.

Шу ўринда зиёрат одоби ҳам борлигини, унга риоя қилиш зарурлигини ҳам айтиб ўтишимиз даркор. Зиёрат учун лозим вақтни танлай билиш, яъни у дам оладиган пайтларда безовта қилмаслик, бемор ҳузурига яхши кайфиятда бориш ва беморнинг кайфиятини кўтариш, унинг ҳузурида кўп қолмаслик, беморни уринтирмаслик, овозни кўтариб гапирмаслик керак.

 

 

 

Эгамназаров Хусниддин

«Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ёшлар иттифоқи аъзоси