Азоннинг тарихи

16:34 09 Март 2019 1774

Мусулмонлар яратганнинг улуғлигини эслаб, буйруқларини адо этиб, қайтарган ишларидан ўзларини тийишлари учун намоз фарз қилинди. Аллоҳ таоло Анкабут сурасининг 45-оятида шундай марҳамат қилади: "Намоз гуноҳдан, ёмон ишлардан қайтаради”. Мусулмонлар ўртасида дўстлик алоқалари мустаҳкамланиши, дунёвий ва ухровий ишлар ҳақида маслаҳатлашиб туришлари учун жамоат намозлари энг афзал намоз ҳисобланади. Намоз вақти бўлганда ғофилларни уйғотадиган, бепарволарни ҳушёр торттирадиган, одамларни жамланишига ундайдиган бирон восита керак эди. Баъзилар одамлар кўриб келишлари учун намоз вақтида байроқ кўтарайлик, дейишди, лекин бундай усул уйқудагиларни уйғотолмаслиги, ғофилларни сергак торттиролмаслиги учун бу фикрга қўшилишмади. Айримларнинг баланд тепалик устида гулхан ёқиш фикрини расулуллоҳ яҳудийларга тақлид деб рад этдилар. Насронийлар сингари занг чалиб ибодатга чорлаш фикри ҳам Насронийларга ташбеҳ бўлгани учун маъқулланмади. Алал оқибат азон айтиб, намозга чорлаш усули маъқул топилди.

Шу кунларда Абдуллоҳ ибн Зайид Ансорийнинг тушида бир киши: "Намозга чақирувчи азонни сенга ўргатиб қўяйми?" деб сўради. Абдуллоҳ бажону дил рози бўлди. Нотаниш киши: "Икки марта Аллоҳу Акбар (Аллоҳ ҳаммадан улуғдир), икки марта “Ашҳаду ал-ла илаҳа иллаллоҳ” (Ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман), икки марта “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ” (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бераман), икки марта Ҳайя алас-солаҳ (Тезроқ намозга келинглар), икки марта Ҳайя алал-фалаҳ (Нажот топишга шошилинглар), икки марта Аллоҳу Акбарни айтиб, бир марта Ла илаҳа иллаллоҳ дейилади, деб ўргатди. Абдуллоҳ кўрган тушини расулуллоҳга айтган эди, у киши: "Жуда яхши туш кўрибсан. Бу нарсани Билолга ўргат, унинг овози сеникидан жаранглироқ. Азонни у айтгани яхши", дедилар. Худди шундай тушни Умар ҳам кўрган экан.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг муаззинларидан бири Билол, иккинчиси Абдуллоҳ ибн Умму Мактум эди. Ҳазрати Билол бомдод намозининг азонида "Ҳайял алал фалаҳ" дан кейин икки марта "Ассолату хойрун мин ан-навм" (Намоз уйқудан яхшироқ) деган гапни қўшиб айтди. Расулуллоҳ бу гапни маъқуллаб эътироф этдилар. Сарвари олам рамазон ойининг саҳар пайтлари икки марта Азон айтишни буюрганлар. Биринчиси, саҳарликка ухлаб қолганларни уйғотиш учун, иккинчиси бомдод намозига чақириш учун айтиларди. Расулуллоҳ, Абу Бакр ҳамда Умар халифа бўлган даврларда Жумъа намозида имом минбарга чиққанда биринчи азон айтиларди. Усмон р.а нинг даврига келиб мусулмонлар беҳад кўпайиб масофа узоқлашди, Заврода азон иккинчи марта қўшилганини имом Бухорий ривоят қилади. Ҳишом ибн Абдумалик тахтга чиққанда Усмон Заврода қўшган азонни минорада, кейинчалик масжиднинг ичида, хатиб минбарга кўтарилганда айтилишини жорий қилди. Масжидда хатибнинг олдида айтилган азон Ҳишом ибн Абдумалик пайдо қилган бидъатдир. Азондан мақсад намозга чорлаш, масжид ичидаги кишиларни ибодатга чақиришнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, ичкарида айтилган азонни ташқаридагилар эшитмайди. Шайх Муҳаммад ибн Ҳож "Мадҳал" номли китобида бу хусусида баҳс юритади.

Ҳофиз "Фатҳул Борий" номли асарида ёзилишича, Жумъа намозидан аввал баъзи жойларда дуо-дуруд ўқилади, баъзи жойларда йўқ. Бу масалада салаф солиҳларга - Исломнинг аввалидаги уламоларга эргашиш керак, дейди. Тарихдан маълумки, муаззин бўлмаган азон айтаётган пайтда расулуллоҳ минбарда ўтирганлар, хутбани ўқигач, намозни бошлаганлар. Бундан бошқа хатти-ҳаракат кейин пайдо қилинган бадъати ҳасанадир.

Иқомат айтиш масжид ичида намозга даъватдир. Иқоматнинг иборалари ҳар хил бўлгани учун мазҳаб имомлари ўртасида ихтилоф бор. Муҳаммад ибн Идрис Шофеий мазҳабида "Қод қомати салот" (Намоз ҳозир бўлди) ибораси такрор, қолганлари бир мартадан айтилади. Имом Молик ибн Анас мазҳабида ҳаммаси бир мартадан, Абу Ҳанифа Нуъмон мазҳабида эса ҳаммаси икки мартадан айтилади.

 

Аҳмадҳўжа  Ҳамзаҳўжаев

 “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси