Ислом шариатида электрон савдога муносабат

10:24 22 Октябрь 2018 2079

Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби азми қатъий тадбиркор

ва хушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир.

Амир Темур.

 

Бандаларини неъматлар узра яратган, ва улардан фойдаланиш йўлларини таълим берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!

Умматига барча ишлар қатори ишбилармонлик ва тадбиркорликда ҳам намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз солавоту дурудлар бўлсин!

 Юртбошимиз томонидан жорий йил “Фаол тадбиркорлик, инноватсион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” деп номланди. Албатта, бу йил давомида мазкур соҳада янада кўпроқ ислоҳатлар олиб борилиши ва бунга давлат дастури сифатида катта эътибор қаратилишини англатади. Зеро, жамиятнинг ривожи ва барқарорлиги фаол инноватсион тадбиркорликнинг шаклланиши билан узвий боғлиқ.  Шундай экан мазкур мавзуда изланишлар олиб бориш барча соҳа ходимлари зиммасидаги асосий вазифадир.

Ислом шарияти ҳам мусулмон кишининг рухсат берилган йўллар билан, ҳалол касб, меҳнат билан топган хусусий мулкини ҳамда инсонларнинг ўз хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолда жамиятта юзага келган табақаланишни инкор қилмайди. Зеро, ислом фиқҳида бойлар учун алоҳида келган ҳукмлар мавжуд. Ўз навбатида фақир, мискинлар учун ҳам алоҳида имтиёз ва мажбуриятлар бор. Буннан кўринадики мусулмон киши шарият кўрсатмаларига мувофиқ равишда Аллоҳ берган ризққа эгалик қилиши ва ўзини, аҳлини, яқинларини моддий таъминотини амалга ошириши мумкин, ҳатто мажбур. 

Демак, ҳар қандай мусулмон шарий ҳукм сифатида Ислом динидаги молиявий жараёнларни, савдо-сотиқ масалаларини ўрганиб бориши шарт.

Фаол тадбиркорлик, инноватсион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминловчи асосий бўғин ва амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Айниқса, бугунги куннинг энг муҳим кашфиётларидан бири ва иқтисодий жараёнларни усиз тасаввур қилиб бўлмайдиган даражага келган – биржа ва электрон савдо масалалари ўзининг долзарблиги билан бутун дунё назарида турибди. Республикамизда ҳам биржа ва электрон савдо тизимини барқарор ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлаш мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий устувор йўналишларидан бири қилиб белгиланган[1].

Шунга қарамай, бугунги кунда инноватсион тадбиркорликни ривожлантиришда қатор муаммолар юзага келмоқда. Жумладан, ҳуқуқий базанинг тўлиқ шаклланмаганлиги, инноватсион тадбиркорга етарлича инноватсион муҳитнинг яратилмаганлиги ва ушбу соҳада етарлича малакали кадрларнинг етишмаслиги.

Иқтисодиётнинг эркинлашуви шароитида электрон тармоқда фаолият юритувчи инноватсион тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиялаштиришни ташкил этишнинг илмий асоси ва механизмини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш зарурдир.

Бугунги кунда тармоқдаги инноватсион корхоналари фаолиятини ривожлантиришда қўйидаги муаммолар: инноватсион муҳитни яхшилаш; экспорт ва импорт қилиш жараёнини самарали ташкил этиш; молиялаштириш, солиққа тортиш механизми; тайёр маҳсулотларни ташқи ва ички бозорларга тўлиқ реализатсиясини амалга ошириш муаммоси мавжудлиги аниқланди.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки халқининг асосий қисми ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлардан иборат юртимизда барча, хусусан тадбиркорлар ҳам ўз оиласини ҳалол ризқ билан боқиш, ислом дини кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ҳаёт тарзиларини, шу билан бирга иқтисодий фаолиятларини ташкил қилиш истагида яшайди. Шундай экан электрон савдо ёки биржа масалаларининг шаръий ҳукмларини ўрганиш ва натижаларини халққа ўргатиш лозим бўлади.

Зеро, Савдо инсонлар орасида ҳаётнинг бир маромда давом этишининг асосий омилларидандир. Шубҳасиз у Аллоҳнинг  бизга берган неъматидир. Ул зот Қуръонда шундай деб марҳамат қилади: “Аллоҳ бай(савдо-сотиқ)ни ҳалол қилди ва рибони ҳаром қилди”( Бақара 275-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Умматим ризқининг ўнда тўққизтаси савдодадир” (Имом Табароний раҳматуллоҳи алайҳ ривояти). Набий алайҳиссаломдан энг покиза касб қайси касб эканлиги ҳақида сўрашди. Ул зот соллалоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Кишининг ўз қўли билан қилгани ва шариатга мувофиқ бўлган ҳар қандай савдо”. (Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ ривояти)

Исломда савдо-сотиқ ҳалоллик, поклик, ўзаро розилик, қулайлик яратиш, адолат, омомандорлик, ростгўйлик, ошкоралик, қаноат, ақдга вафо қилиш  кабилар  асосида амалга оширилади. Турли хил ғил-ғашликлардан, ҳийла, алдов, фирибгарлик, айбни яшириш, рибо, тарозудан уриш, ёлғон, ғазаб, бошқаларнинг молини ботил йўл билан ейишнинг ҳар қандай туридан эҳтиёт бўлиш керак.

Мусулмон савдогарнинг иймом-еътиқоди мустаҳкам, Аллоҳ таолодан қўрқадиган бўлиши лозим.  Шу билан бирга савдо борасида етарлича билим ва салоҳиятга эга бўлиши жуда муҳим.

Мазкур фикрлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Биржа ва электрон савдонинг шаръий ҳукмлари” мавзусига доир илмий ишлар қилиш бугунги кундаги энг долзарб масаладир.

 

Алишер РАҲИМОВ

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

 

[1] “Ўзбекистон иқтисодий ахбаротномаси” журнали, 2012й. 3-сон. Иқтисодий жараёнларда устувор вазифалар. З.Иномов. – Б. 12.