Рибонинг салбий оқибатлари

14:32 10 Апрель 2019 1363

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўмин-мусулмонлар ҳаёт тарзи, турмуши нималардан иборат бўлишини батафсил баён қилиб берган. Яьни қайси нарсаларга амал қилинса жаннатга олиб боришини, дўзахдан сақланиш учун эса Аллоҳ таоло наҳий ( қайтарган) амалларни баён қилиб берилган. Шулардан бири гуноҳи кабиралардан рибо емоқлик, яьни судхўрлик билан пул топишдир. Масалан, бир киши иккинчи кишига минг сўм бериб, бирминг бир юз сўм қилиб қайтариб олиши судхўрлик бўлади. Шу юз сўм ҳаром пул, шу йўл билан бойлик орттириш гуноҳи кабира бўлади. Ҳар қандай пул меҳнат орқали топилиши керак. Рибо ҳам энг катта гуноҳи кабиралар жумласидан, чунки Аллоҳ таоло рибони емасликка буюрган.

         Али разияллоҳу анҳу айтадилар: “ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам рибо еювчини, унга вакил бўлганни, гувоҳларни ва уни ёзганни, безовчи хотинни, унга даъват қилувчини, бошқанинг баданига из ёки сурат солувчини, сурат солдирувчини, уч талоқ қилинган аёлни ҳалол қилиб бориш мақсадида никоҳга олувчини, уни ўзи учун ҳалол қилдирувчини (яъни, уч талоқ қилинган аёлнинг эрини), закотни бермайдиган кишиларни лаънатладилар”.

  Рибо еювчи – молнинг эгаси, фойда олувчи, вакил қилинган киши эса, унга рибо берувчи. Шунингдек, гувоҳлар – ўшанинг устидаги ва уни ёзган кишилар. Чунки улар бу ишда ёрдам қиляптилар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “ одамларга бир замон келади, ҳеч ким рибо емасдан қолмайди, ундан емаса, ғубори етади”.

Бундай деганлари рибонинг кўпайишига, қарзлар ва олди-сотдилар ҳар хил ҳийлалар ва шубҳалар зоҳир бўлишига, одамларнинг молини судхўрлик, шубҳа ва ҳаромлар билан аралашиб кетишига, ҳатто моллар орасини фарқлаш мумкин бўлмай қолишига, одамлар ўзлари билмаган ҳолда ейишларига ва унинг зарари ҳаммага етишига далолатдир. Ҳолбуки, улар ўртага тушмаган, шоҳидлик қилмаган, уни ёзмаган ёки судхўр билан муомалада бўлмаган.

Ато Хуросонийдан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу айтадилар: “судхўрлик 72 гуноҳдир. Гуноҳнинг энг кичиги онаси билан зино қилганга баробар. Бир рибодан топилган бир дирҳам 36 марта зино қилишдан ёмон. Аллоҳ таоло қиёмат кунида яхшига ҳам, фожирга ҳам туришга рухсат беради. Рибо еганга рухсат берилмайди. Улар шайтон чалган каби турадилар”, яъни, жинни каби, қачон турса, йиқилаверадилар.

«Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб жинни бўлган кишилардек довдираб турадилар. Бундай бўлиши уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки Аллоҳ таоло тижоратни ҳалол, рибони эса ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар»

        Бу оятнинг нозил бўлишлигининг сабаби; Аббос ва Холид ибн Валид жоҳилиятда шерик эдилар. Улар одамларга қарз бериб, сўнгра қарзларини фоиз (ортиғи) билан олар эдилар. Бу оят келиб, бу тарздаги муомалани ҳаром қилди. Биринчи ботил бўлган рибо Аббоснинг рибосидир.

  Бизнинг тилимизда «рибо» сўзи судхўрлик деб таржима қилиб келинган. Яхшироқ тушуниш, маънонинг Қуръони Каримдагига янада яқинроқ бўлиши учун айтиш керакки, араб тилида «рибо» сўзи зиёда бўлди, кўпайди маъносини англатади. Шариатда эса, қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган зиёдадир. Ушбу тушунтиришдан кейин рибо сўзини истеъмол қилишга ижозат бергайсиз.

  Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввал-бошдан яхшилаб ўрнатиш мақсадида, ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматда ҳар бир одамнинг сиртқи ҳолидан иши қандоқ эканини билиб олинади.

 

 

Аброрхўжа Рашидов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти

ёшлар иттифоқи етакчиси