Сочни йиғиштириш ва кийимни ерга судраш

09:25 05 Февраль 2019 653

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Рофеъ тик туриб намоз ўқиётган Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг ёнидан ўтди. У (Ҳасан) соч ўримини орқасига турмаклаб олган эди. Абу Рофеъ ечиб юборди. Бас, Ҳасан унга ғазаб ила назар қилди. У бўлса: “Намозингни ўқи. Ғазаб қилма. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Бу шайтоннинг тўқимидир, деганларини эшитганман”, деди”.

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Инсон намоз ўқиганида, сажда қилганида, унинг барча аъзолари, бутун вужуди ҳатто кийимлари ҳам иштирок этиши керак. Агар эркак киши сочини қайтариб турмаклаб олса, ўша ҳолатга зиён етади. Шунинг учун бу иш макруҳ ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда кийимни осилтиришдан ва одам оғизини тўсишида наҳий қилдилар.

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳолатлар кўпроқ Арабистон шароити ва у ердаги халқларнинг одатларидан келиб чиққан. Маълумки, уларда эркаклар ҳам узун кийим киядилар. Нафақат узун кийим киядилар, балки кийимини узун қилиш ила фахрланар эдилар.

Шунингдек, арабларда салласининг бир тарафи ила оғзини беркитиб юриш одати ҳам бор эди.

Ислом дини кибру ҳавога боғлиқ ҳамма нарсаларни манъ қилганидек, кийимни фахр, кибру ҳаво билан судраб юришни ҳам манъ қилди. Намоздан ташқарида манъ бўлган нарса, намозда манъ бўлиши турган гап. Шунингдек, киши намозда оғзини бирор мато билан тўсиб олиши ҳам макруҳдир.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ жалла зикруҳу изорини судраган одамнинг намозини қабул қилмайди», дедилар».

Шарҳ: «Изор» иссиқ ўлкаларга хос кийим бўлиб, тананинг киндигидан паст томонига тутилиб олинадиган узун матодан иборат бўлади. Изорни судраб юриш ҳам арабларда кибру ҳавонинг бир тури бўлган.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изорини осилтириб - ерга судраб намоз ўқиётган бир одамни кўриб қоладилар. Шунда унга, бор, таҳорат қилиб кел, дейдилар. У бориб таҳорат қилиб келади. Кейин яна унга, бор, таҳорат қилиб кел, дейдилар. У яна бориб таҳорат қилиб келади. Ана шунда бир одам:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уни таҳорат қилиб келишга икки марта амр қилидингиз?» дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни айтадилар.
Демак, намозхон одам фахр, кибру ҳаво ила кийимини осилтирмаслиги ва шунга ўхшаш ишларни ҳам қилмаслиги керак. Аксинча ўзини хокисор тутган ҳолида намоз ўқиши лозим.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозда кибр ҳаво ила изорини осилтирса, бас у Аллоҳ жалла зикруҳу ҳузурида ҳалолда ҳам эмас, ҳаромда ҳам эмас», дедилар». Икки ҳадисни Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: «Аллоҳ жалла зикруҳу ҳузурида ҳалолда ҳам эмас, ҳаромда ҳам эмас» деганлари Аллоҳнинг ҳузурида ҳеч қандай қадри қиймати йўқ, деганларидир.
Ушбу ҳадисда намозда манъ қилинган кийим осилтириш кибру ҳаво учун бўлгани эканлиги очиқ лафз ила таъкидланмоқда.

Кибру ҳавони хоҳлаган мутакаббирни Аллоҳ таоло, у ўйлаган нарсанинг тескариси, қадр-қийматсизлик билан жазолаши турган гап экан.
Шунинг учун намоз пайтида инсондан ҳеч бир томондан, ҳатто кийимидан ҳам кибру ҳаво иси чиқмаслиги керак. Ўта хору-зор бўлган ҳолда намоз ўқиш лозим бўлади.

            Исломбек Каримов

 Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти талабаси