АБДУЛЛОҲ ИБН АББОС

14:45 22 Май 2018 1801

Абдуллоҳ ибн Аббос

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) ибн Абдулмуттолиб Ал-Қураший Ал-Ҳошимий бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га амакивачча бўладилар. Ибн Аббоснинг оналари Лубоба Ал-Кубро Ҳорис ибн Ҳузн Ал-Ҳилолийнинг қизи бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг завжалари Маймуна анамизнинг сенгилларидир.

 Ибн Аббос ҳижраттдан уч йил олдин дунёга келганлар. Туғилган вақтларида, чақалоқни Пайғамбаримиз (с.а.в.) га олиб келишади ва  Пайғамбаримиз (с.а.в.) чақалоқнинг танглайига ўзларининг муборак тупукларидан суртиб қўйдилар.

Ибн Аббос жуда ёш бўлишларига қарамай, Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан ажралмас эдилар. Кунладан бирида Абдуллоҳ Ибн Аббос р.а. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг хонадонларида тунаб қоладилар. Ёш бўлишларига қарамай ўз ақл-заковатлари билан барвақт туриб, Пайғамбар а.с. таҳорат олишлари учун сув ҳозирлайдилар. Бу воқиани кузатиб турган ҳолалари мўъминларнинг онаси Маймуна онамиз “Эй Аллоҳнинг расули! Абудуллоҳ Сизга сув ҳозирлади” дедилар. Пайғамбар а.с. Абдуллоҳ Ибн Аббос ҳақларига “Эй Аллоҳим! Уни динда фақиҳ қилгин ва унга таъвил (тафсир) илмини ўргатгин” деб дуо қилдилар.

Бошқа бир ривоятда “Эй Аллоҳим! Ибн Аббосга ҳикматни бергин ва унга таъвил (тафсир) илмини ўргатгин” деб дуо қилганлар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) вафот этганларида Ибн Аббос ўн уч ёшда эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан кейин саҳобаи киромларнинг улуғлари этагидан ушлаб, улардан тафсир ва ҳадис илмини чуқур ўргандилар.

Пайғамбар а.с.ни Абдуллоҳ Ибн Аббос р.а.нинг ҳақлари  қилган дуолари ижобат бўлган эди. Ҳазрат Абдуллоҳ Ибн Аббос р.а. илмда мисоли денгиз эдилар. Аллоҳнинг каломини билишда буюк мужтаҳидлик мақомида бўлдилар. Буни яхши тушунган Ҳазрати Умар (р.а.) Ибн Аббосга алоҳида эътибор қаратардилар. У ҳақда: "Ибн Аббос Қуръони Каримнинг қандай ажойиб таржимони!" — деб мақтов сўзини айтган эдилар. Имом Ал- Бухорий ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос (р.а.) шундай эслайдилар: "Ҳазрат Умар (р.а.) мени ёш бўлишимга қарамай, Бадр жанги иштирокчилари билан бўладиган кенгашга киритдилар. Ёши катта саҳобалар  таажжубланиб:"Ўғлимиз, набирамиз билан тенг бўлган ёш болани бизнинг орамизга киритди", —деб ҳазрати Умар (р.а.) дан бироз ранжишди. Шунда Умар (р.а.): "Бу бола ёш бўлса ҳам барчангиздан олимроқдир", — дедилар. Бу гапларини исботлаш учун яна бир куни ҳамма ёши улуғларни жам қилиб, мени ҳам таклиф этдилар. Кейин ўтирганлардан:

) إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ ( ١

(Эй Муҳаммад), қачонки Аллоҳнинг нусрати ва ғалабаси келса" ( Наср, 1) деган ояти ҳақида қандай фикрдасизлар? — деб сўрадилар. Ўтирганларнинг баъзилари: "Аллоҳ Таъоло бизга, агар ғалаба ва нусратга эришсак, унга ҳамд ва сано айтишимизни буюряпти", — дедилар. Баъзилар эса сукут сакладилар. Шунда Ҳазрат Умар менга қараб: "Эй Ибн Аббос, сен қандай фикрдасан?" — деб савол қилдилар. Мен: "Аллоҳ Таъоло бу оят билан Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ажаллари яқинлашгани хабарини бермоқда", — дедим. Ҳазрати Умар (р.а.) менинг жавобимни тасдиқ қилиб: "Мен ҳам шундай деб ўйлаган эдим", — дедилар.

Тобиъйнладан Лайс ибн Абий Салам айтади: “Саҳобалардан етмишга яқинларини кўрдим. Улар бирор масалада баҳслашиб қолишса, Абдуллоҳ ибн Аббосга мурожаат қилишар эди”.

Абдуллоҳ Ибн Аббос Пайғамбар с.а.в.дан 1660 та ҳадис ривоят қилганлар. Тафсир, фиқҳ ва ҳадис каби илмларда шогирдалари томонидан ривоят қилинган сўзлари сон-саноқсиз.

Хулафои рошидинларнинг замонларида ислом динининг кенг ёйилиб, Саҳобалар волий, вазир, қозий ёки муаллим сифатида дунёнинг турли бурчакларига тарқалишган.

Абдуллоҳ Ибн Аббос Маккада туришни ихтиёр қилганлар ва у ерда Пайғамбар с.а.в.дан олган илмларни мўъмин-мусулмонларга ўргатганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос шогирдларига Аллоҳнинг Китобини тафсир қилиб, баъзи оятлардаги тушиниш мушкул бўлган ўринларини равшанлаштириб берардилар. Абдуллоҳ Ибн Аббос (р.а.)нинг маккалик шогирдлари орасида Саид ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима, Товус ибн Кайсон ва Ато ибн Абу Рабоҳ каби буюк олимлар таҳсил олишар эди.

Абдуллоҳ Ибн Аббос 68 ҳижрий йилда, 70 ёшларида Тоифда вафот этдилар ва шу ерга дафн қилиндилар. Ибн Аббоснинг жанозалари ва дафнларида иштирок қилган Муҳаммад ибн Ҳанафийя: "Бугун бу умматнинг донишманди вафот этди", — деганлар.

 

Абдулбоқий Турсунов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси