АРАБ ТИЛИНИ ЎРГАНИШДАГИ ОМИЛЛАР

19:59 26 Март 2018 2101

АРАБ ТИЛИНИ ЎРГАНИШДАГИ ОМИЛЛАР

1. Ўрганаётган чет тили билан ҳар куни шуғулланинг. Бир кун ҳам канда бўлмасин. Оз бўлса ҳам, албатта шуғулланинг. Чет тилида ўқиш ёки ёзишга хоҳиш бўлмаса, шу тилда бирор нарса эшитинг ёки тамоша қилинг. Жуда бўлмаса, луғат варақласангиз ҳам майли, энг муҳими, ўйлаганингиз ўрганаётган тил бўлсин.

Ўзингизга учраган ҳар бир янги сўз ёки иборани ёзиб олиш учун луғат дафтарингиз албатта ёнингизда, тўғрироғи қўл остингизда бўлсин.

Бунинг учун луғат дафтари ўғил болаларнинг чўнтаги, қиз болаларнинг сумкасига сиғадиган катталикда бўлгани яхши. Шундагина сиз уни доим ёнингизда олиб юра оласиз. Бўш қолдим дегунча, сўз ёзишга ёки сўз ёдлашга тутинасиз.

Луғат дафтарига тушаётган ҳар бир сўз ёки иборани албатта рақамлаб боринг. Бу сизга ўзингизнинг сўз бойлигингизни курсдошларингиз сўз бойликлари билан солиштириштириб юриш билан бирга, ёдлаб бўлинган сўз ва ибораларнинг рақамлари устидан чизиб қўйиш орқали ҳали ёдланмаган сўз ва ибораларни аниқлаш ва бутун диққат-эътиборни уларни ёдлашга қаратиш учун керак бўлади.

2. Чет тилида нима ёзсангиз ҳам, уни албатта паст овозда, бўғинлаб айтиб туриб ёзинг. Шунда ёзилаётган нарсанинг деярли ярми ёзиш чоғининг ўзида ёдингизда қолади.

Арабча машқ ёки матнни фақат зарур ҳаракатларини қўйиб бўлганингиздан кейин, юқорида айтилган тарзда айтиб туриб кўчиринг.

Бунда ўзбек тилида ўхшаши йўқ араб товушларининг талаффуз ўрни - махражи албатта тўғри бўлишига эришинг. Бунинг учун матнда учраган ва ўзига хос талаффуз этиладиган араб ҳарфларини оч рангли маркер билан бўяб чиқинг-да, ўқиш чоғида уларга дуч келишингиз билан бутун диққат- эътиборингизни уларни тўғри талаффуз қилишга қаратинг.

Талаффузи ўта қийин сўзларни устозингиз ёрҳамида, сўнгра кўзгу олдида қайта- қайта машқ қилишга эринманг. Бунда уяли телефоннинг овоз ёзиш имкониятидан фойдаланиш ҳам яхши натижа беради.

Ўрни келганда чўзиқ унлиларни керакли микдорда чўзишни ҳам унутманг. Чунки араб тилида чўзиқ унлилар маъно ўзгартириш хусусиятига эга. Масалан, [макатибу] билан [макатииибу] бир нарса эмас. Бир сўзда бир эмас, икки чўзиқ унли келса иккинчи чўзиқ унли [иии] биринчи чўзиқ унлига қараганда чўзиқрок; ўқилишини ҳам унутманг. Агар юқорида айтилганларга амал қилишга одатлансангиз, албатта нутқингиз равон, ўқиётган ёки ёзаётган сўзларингиз тўғри бўлади.

3. Арабча матнда учраган нотаниш сўзларни ёзиб олиб, ёдлар экансиз, қайси сўз кўпинча қайси сўз билан келишига эътибор беринг. Биз бундай сўзларни "хасан-хусан сўзлар", деймиз. Чунки, бири бор жойда одатда иккинчиси ҳам бўлади. Масалан, ҳамкорликни мустаҳкамлаш маъносида “аттааъвуну” сўзи одатда “таъзиизун” сўзи билан келса, бор куч- имкониятларини ишга солмок, мазмунида “жаҳдаҳу” ёки “жуҳудуҳу” ёки “вусъуҳу” отлари “базала” феъли билан, ишончга кириш, ишонч қозониш маъносида эса, канчалик ғалати туюлмасин, “бинау” ва “ассиқату” отлари “бинаус сиқати” шаклида қўлланилади. Бундай сўзларни бирга ёдлаш керак.

Араб тилидаги феълларни ўтган ва ҳозирги- келаси замон шаклларини, отларнинг бирлик ва кўплик шаклларини ёнма-ён ёдлашга одатланинг. Бу тилда муайян феъллар муайян кўмакчи билан келгандагина муайян маънони англатгани боис уларни ҳам бирга ёдланг.

Гап араб тилидаги кумакчилар хакида кетар экан, уларни тўғри қўллай билиш ўта муҳим эканини асло унутманг.

4. Менинг маслаҳатимга кирсангиз сўз эмас, бирикма ёдланг. Мисол учун араб тилида чиқмоқ феълини, ёнғин, низо, уруш маъносини англатувчи отларни билмайдиган талаба топилмайди. Лекин бу ёнғин чиқди, низо чиқди, ypyш чиқди маъноларини англатиш учун ярамайди. Ҳатто хат ёзиш билан протокол ёзмоқ орасида ҳам фарқ бор. Йиғилиш ўтказмоқ “аъқада ижтимаъа” бўлса, кўргазма ўтказмоқ “ақома муъроза” бўлади. Буни қанча эрта англаб етсангиз, шунча яхши.

Дарвоқе, нима ёдласангиз ҳам орадан 20 минут ўтмай уларни яна бир-икки бор такрорлаб олинг. Чунки 20 минутдан кейин унутиш жараёни жуда тезлашиб кетади.

5.  Баъзи бир сўзлар хеч ёдингизда қолмаса ранжиманг. Чунки, сўзлар осон ёдда қоладиган, қийин ёдда қоладиган, қанча ёдласаиг ҳам ёдда қолмайдиган турларга бўлинади. Баъзи шундай “ўта ўжар” сўзлар актив сўзлар қаторига ўтмаса, бунга ҳам куюнманг. Жуда бўлмаса, унинг ўрнига шу маънони англатувчи бошқа бир сўзни хотирангизга ташлаб қўйинг.

6.  Чет тилида тузаётган ҳар бир жумла тўғри бўлиши учун шу тил грамматикасини пухта эгаллашингиз керак. Бунда сизга бармоқ услуби  қўл келади. Унда грамматикага оид ҳар бир янги мавзу якунида хулоса ёки эътиборга молик муҳим жиҳатларни бармоқ билан санаб олиб, уни мавзу сарлавхаси ёнига рақам билан ёзиб қўясиз-да, ҳар сафар ушбу мавзуга мурожаат қилинганда, мазкур рақам иималарии англатганини эслаб кўрасиз. Агар бирор нарсани унутган бўлсангиз уни кайта тиклаб оласиз. Ана шундай килиб юрсангиз, билимингиз пухта, тузган жумлаларингиз мукаммал ва тўғри бўлади.

7.  Таржима хусусида сизга маслаҳатим, кўзингиз тушган, қулогингиз эшитган нарса борки, уни ўрганаётган тилингизга таржима қилишга урининг. Агар ўша заҳоти бунинг уддасидан чиқа олмасангиз уйга келганда, лугат ёрҳамида, шундай қилинг. Шу тарика нафакат таржима килиш малакангизни оширишга, балки кўрган-эшитган нарсангизни,    эслаш орқали хотирангизни ўстиришга ҳам муваффак бўласиз.

 8. Таржима жараёнида арабча нотаниш сўзлари луғатдан қидиришга шошилманг. Уларнинг ўзак ундошларига ва гапда тутган ўрни ҳамда гап мазмунига кўра англатиши мумкин бўлган маъноларини топишга уриниб кўринг. Кишининг ўзи топган сўзи одатда эсида яхши қолади.

Луғатда сиз қидираётган сўзнинг бир неча маъноси берилган бўлса, факат шу жумлада англатган маъносини олинг. Нима учун бу сўз шу ерда айнан шу маънода келаётганини ҳам ўйлаб кўринг. Лекин уни матнга, шу сўз устига ёки бет ҳошиясига ёзишга одатланманг.

Агар шундай сўзларнинг баъзиларини луғат дафтарингизга тўлиқ шаклда эмас, фақат биринчи ҳарфи, ёки биринчи ва охирги харфларини ёки яна бошқа бир тарзда қискартириб ёзсангиз ёки умуман ёзмай, унинг маъносини эслаб қолишга ҳаракат қилсангиз, бу ҳам сизнинг хотирангиз ўсишига хизмат қилади.

9. Хорижий тилни ўрганишга киришган бўлсангиз, аста-секин шу тилдаги латифа, ҳикоя, қисса ёки ривоят каби кичик ҳажмдаги асарларни асл нусхадан она тилига ўгиришни ҳам бошланг.

Бунда кичик ҳажмдаги луғатлар сизга иш бермайди. Умуман кичик ҳажмдаги луғатларни ҳарид қилмасликни маслахат берамиз. Маъно жихатидан ўзаро боғланган жумлаларни таржима қилишда, биринчи жумланинг таржимаси чиқмагунича иккинчи жумлага ўтманг. Жумлалар бир-бирига боғланиши ва мазмунан бир-бирини тўлдиришига эътибор беринг.

Қилган таржималарингиз дафтар қатларида қолиб кетмасин. Уларни, ижод аҳлининг таъбири билан айтганда, бир муддат “сиёхи қуриш” учун ташлаб қуйинг. Шундан кейин қилган таржимангизни яна бир ўқиб кўрсангиз, ундан кўнглингиз тўлмайди. Ҳаёлингизга энди бутунлай янги фикр, янги ифода услублари келади.

Ана шу ўзгартиришларни киритиш, таҳрир қилиш учун таржимангизни бир сатр ташлаб, дафтар четидан ғошия қолдириб ёзган бўлишингиз керак.

Шу йўсинда қайта ишланган “аввалги тайёр” таржима янада ўзгача сайқал топади. Ана энди уни яқин кишингизга ўқиб бериш, таҳсил олаётган ўқув юртингиз деворий газетаси ёки вақтли матбуот саҳифаларида чоп этишга киришсангиз бўлади.

10. Бир тилдан иккинчи тилга ўгирмоқчи бўлинса асар қандай ҳажмда бўлмасин, аввал уни албатта охиригача ўқиб чиқинг. Шунда мавзу нима ҳақида экани, асар “тугуни”, “кульминацион нуқтаси” ва “ечими” сизга аён бўлади.

11.  Араб тилида ёдламоқчи бўлган ҳар қандай Ўқув материалини Устозингиз назаридан ўтказиб,  тўғрилатиб олганингиздан кейингина ёдланг. Чунки хато нарса хотирамизга муҳрланиб қолганидан кейин ундан осонликча қутилиб бўлмайди.

12. Ёд олинган фойдали иборалар, айниқса, мақол, матал, ҳикматли сўз ҳамда эзгу тилакларни иложи борича тез-тез ишлатиб туришга ҳаракат қилинг. Жуда бўлмаса, ўрни келганда, уларни ўзингизга бўлса ҳам айтиб юринг.

13. Фойдали тайёр жумла ва идиоматик ибораларни ўзингиз тилингиздан, яъни бирлик, биринчи шахс номидан қилиб кўчириб олинг, ёдланг ва ишлатинг.

14. Ўрганаётган            тилингизда гапиришдан, гапирганда хато қилишдан чўчиманг. Аксинча, хатоларингизни тўғрилашларини сўранг. Агар сизни тўғрилай бошлашса, бундан зинҳор ва зинҳор хафа бўлманг.

15. Билимингизни мустақил ва мунтазам тарзда ошириб боринг. Чет тилида газета ва журналлар ўқиш, радио эшиттиришларини тинглаш, телекурсатувларни тамоша қилиш, шу тилда сўзлашувчилар иштирокидаги тадбир ва учрашувларда қатнашиш, улар билан ўзаро ёзишиб, учрашиб, фикр алмашиб туриш кабилар ҳаёт тарзингизга айлансин.

16.  Репититор ёллашга шошилманг. Ота-онангиз, ҳукумат сизнинг ўқишингизга шу пайтгача  қанча маблағ сарфлаганини бир ўйлаб кўринг. Уларга раҳмингиз келсин. Репититор ҳам нима қилиб берарди. У ҳам “ундай қил, бундай қил, деб ўзингизни “савалайди”. Сиз бўлсангиз унинг “қамчиси” эвазига пул тўламоқчисиз. Яна кимнингпулини?!  Бунинг ўрнига ўз ўқитувчингиз айтганларини вақтида, тўла-тўкис, хатто ошиғи билан бажаришга, кўшимча тарзда ўз устингизда мустақил, энг муҳими, мунтазам ишлашга одатланинг.

17. Шуни яхши билингки, чет тилини ҳамма ўзи истаган, ўзи ҳохлаган даражада ўрганади. Қоникарли баҳо олсам бўлди, деса, уни олади. Фикримни бир амаллаб тушунтира олсам бўлди- да, деса, билгани шундан ошмайди. Чет тилидаги адабиётларни асл нусхада ўқисам, шу тилда иш юритсам, деса, бунга ҳам эришади. Шу хорижий тилда шеър ёки ҳикоя ёзсам, деса, бугун бўлмаса, эртага албатта ёзади. Чунки у шунга яраша ҳаракат қилади, интилади. Интилганга эса толе ёр. Юксак орзу-умид кишига қанот бахш этади ва уни юксак- юксакларга парвоз қилишга ундай беради. Улкан марраларни кўзлаб яшаш ҳаёт мазмунига айланади. Шунда нолиш, армонга асло ўрин колмайди.

 

 

Шавкатжон МАДАМИНОВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси