Яратилиш санаси 24.04.2024

ОТА-ОНАГА ЭҲТИРОМ УЛУҒ ФАЗИЛАТ!

Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-онадан етим қолган бўлсалар ҳам, эмизган оналарига нисбатан юксак ҳурмат намуналарини кўрсатганлар. Ибн Саъднинг “Табақот” китобида ёзилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамизга уйланиб, Маккада яшаб турганларида ёнларига Ҳалимаи Саъдия келиб: “Қаҳатчилик туфайли ҳаёт кечириш жуда ҳам қийинлашиб кетди, қурғоқчиликдан ҳайвонлар қирилиб кетмоқда” – деб айтадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз билан маслаҳатлашиб унга қирқта қўй ва битта туя берадилар.

Ҳатто бир куни Ҳалимаи Саъдия Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига келганида ўринларидан туриб:“Онажон!, онажон!”, – деб ҳурмат ва муҳаббат кўрсатганлари, ридоларини ерга солиб унга ўтқазганлари ҳам нақл қилинган. Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳо Мадинадаги Бақиъ қабристонига дафн қилинган.

Муҳтарам ота-оналар фарзандлари камоли, уларнинг чин инсон бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганишлари йўлида жонларини, молларини, куч-ғайратларини сафарбар этишади. Фарзандга келган бало-қазоларга кўксиларини қалқон қилишади. Аммо айрим ёшларимиз ота-оналарига қўпол муомалада бўлиб, дилларини ранжитиб, ўзининг ёмон хулқи билан эл орасида ота-онасини шарманда қиладиган, кексайган чоғларида эъзозлаб парваришлаш ўрнига, қаровсиз ташлаб қўядиган ёки қариялар уйига жўнатадиган нобакор фарзандлар ҳам учраб туриши сир эмас. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: яъни: “Ота (она)ларингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, шунда фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади. Иффатли бўлинглар, шунда аёлларингиз ҳам иффатли бўлишади” (Имом Ҳоким ривояти).

Доно халқимизда “Нимани эксанг, шуни ўрасан”, “Ота рози – Худо рози” каби ажойиб ҳикматлар бор. Ҳар бир эркак ва аёл бу ҳикматлардан тўғри хулоса чиқариб, ўзини ўнглаши, хато қилган бўлса, дарров ота-оналаридан узр сўраб, уларнинг кўнглини топиш, дилларидан озорни кетказиш пайида бўлиши даркор. 

яъни: Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир Яманлик киши ўз онасини елкасига кўтарган ҳолда Каъбатуллоҳни тавоф эттириб юрганини кўрдилар. У одам тинмай қуйидаги байтни айтар эди:

Онаи зорим учун бўйнини эгган туяман,
Туя минган онам ҳорисада, мен ҳоримасман.

Бу байтни ўқир экан ҳалиги киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога қараб: “Эй Абдуллоҳ, мана шу хизматим билан онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?”, – деб сўради. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Йўқ! Бу хизматинг онангнинг сен туфайли битта оҳ тортганига ҳам тенг келмайди”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Тобеинлардан бири Муҳаммад ибн Мункадир раҳматуллоҳи алайҳи ҳар куни оналарининг оёқлари остига ётар ва: “Эй, онажон, юзимни оёқларингиз билан босиб ўтинг ва менинг юзларимни дўзахдан қутқаринг”, – дер экан.Демак азизлар ота онаси борларимиз дуоларини олиб дунёда жаннатни калитини қулга киритиб олайлик. 

Олимхон Исақов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар