
Ҳайит намозларига чиқиш ва ўзига хос одоблар
Ҳайит намозлари мусулмонлар учун муҳим ибодатлардан бири бўлиб, уни адо этишда баъзи махсус одоблар ва суннатларга риоя қилиш тавсия этилади. Ҳадисларга ва уламоларнинг кўрсатмаларига асосланган ҳолда, ҳайит намозига чиқиш ва ўқишда амалга оширилиши лозим бўлган асосий одоблар қуйидагилардан иборат:
1. Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан аввал ширинлик ейиш
Агар ҳайит Рамазон ҳайити бўлса, намозга чиқишдан аввал хурмо ёки бошқа ширинликлар ейиш суннат ҳисобланади. Имом Бухорий ҳазратлари Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида хурмо ейиб чиқар эдилар ва уларни тоқ сонига етказиб ейишга аҳамият берганлар.
2. Қурбон ҳайитида ҳайит намозидан аввал овқат емаслик
Қурбон ҳайити куни ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса емай, қурбонлик қилингандан сўнг гўштидан ейиш тавсия қилинади. Имом Термизий, Ибн Можа ва бошқа муҳаддислар ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу тартибга риоя қилганлари қайд этилган.
3. Ҳайит намозига мисвок қилиб ва ғусл қилиб бориш
Ҳайит намозига покиза ҳолда бориш муҳим аҳамиятга эга. Намоздан олдин мисвок ишлатиш суннат бўлиб, Пайғамбаримиз ҳайит намозлари учун махсус ғусл қилишларини Ибн Можа ривоят қилган.
4. Чиройли ва тоза кийим кийиш
Ҳайит куни янги ёки ювилган тоза кийим кийиш мустаҳаб ҳисобланади. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозларига йўл-йўл (бурда) чопон кийиб чиққанлар. Ибн Умар разийаллоҳу анҳуга эса ҳайит учун чиройли кийим сотиб олиш тавсия қилинган.
5. Фитр садақасини адо қилиш
Рамазон ҳайитига чиқишдан олдин фитр садақаси берилиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақаси намозга чиқишдан аввал берилиши кераклигини таъкидлаганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларига кўра, у зот фитр садақасини бир-икки кун олдин адо қилганлар.
6. Ҳайитга йўлда такбир айтиб бориш
Ҳайит намозига кетаётганда йўлда такбир айтиш суннат ҳисобланади. Имом Дорақутний ривоят қилишича, саҳобийлардан Ибн Умар разийаллоҳу анҳу ҳайит куни ошкора такбир айтганлар. Қурбон ҳайитида такбир айтиш айниқса муҳим саналади.
7. Намозга борганда ва қайтганда йўлни ўзгартириш
Имом Бухорий ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозига бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтганлар. Бу амал савобни кўпайтириш, мусулмонлар билан кўришиш ва ҳайитга чиққанлигининг гувоҳларини кўпайтириш учун тавсия қилинади.
8. Ҳайит намози жойида нафл ўқимаслик
Ҳайит намози ўқиладиган жойда нафл намоз ўқиш тавсия этилмайди. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз ҳайит намози жойига етиб келиб, намоздан аввал ҳам, кейин ҳам қўшимча намоз ўқимаганлар.
Мазҳабимизнинг уламолари яна баъзи мустаҳаб ва мандуб амалларини зикр қилганлар. Улар бу хилдаги ишларни саҳобаи киромлар ва тобиъини изомларнинг одатларидан олишган. Чунончи, фиқҳий асарларда фақиҳларимиз бомдод ва Ҳайит намозиларини ҳар ким ўз маҳалласининг масжидида ўқиши, хушбўйланиб бориш, иложи бўлса пиёда бориш, бир-бировни ҳайит билан муборакбод этиш каби ишларни қилишга тарғиб қилганлар.
Абдураҳманов Муҳаммадхон,
Таълим муассасаси ўқитувчиси