Яратилиш санаси 02.07.2025

Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳунинг фазллари

Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром ал-Ансорий ас-Саламий. Насаблари ансорларнинг ўртасидан бўлмиш Бани Саламадан. 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Ясриб аҳлидан биринчи бўлиб, мусулмон бўлган олти кишининг бири эдилар.

Пайғамбарлик келганига ўн бир йил тўлди. Яна ҳаж мавсуми келди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўзларини қабилаларга таништира бошладилар.

У зот ҳожилар шайтонга тош отадиган «Ақаба» номли жойда Ясрибда истиқомат қилувчи Хазраж қабиласига мансуб бир гуруҳ кишиларга дуч келдилар. Улар олти кишидан; Асъад ибн Зарора, Авф ибн ал-Ҳорис, Рофеъ ибн Молик, Қутба ибн Омир, Уқба ибн Омир ва Жобир ибн Абдуллоҳлардан иборат эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан:

«Сизлар ким бўласизлар?» деб сўрадилар.

«Хазражликлармиз», дейишди.

«Яҳудийларнинг дўстлариданми?» дедилар.

«Ҳа», дейишди.

«Ўтирсаларингиз, бир гапим бор эди», дедилар. Улар:

«Хўп», деб ўтиришди. 

У зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар. Қуръони Каримдан тиловат қилиб бердилар ва Исломга чақирдилар. 

Мазкур хазражликларнинг қалбларида Исломга кириш тайёргарлиги бор эди. Уларнинг юртида яҳудийлар ҳам яшар эдилар. Яҳудийлар аҳли китоб бўлганлари учун кўп нарсаларни билар эдилар. Агар араблар билан яҳудийлар ўртасида жанжал чиқиб қолса, яҳудийлар уларга:

«Бизнинг пайғамбаримиз чиқиш вақти яқинлашиб қолди. Биз унга эргашамиз ва сизларни Од ва Ирамга ўхшатиб, қатл қиламиз», дер эдилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур хазражликларга гапириб бўлишлари билан улар бир-бирларига қарашиб:

«Билдингизми?! Бу яҳудийлар васф қиладиган пайғамбарнинг худди ўзи-ку! Улардан олдин иймон келтириб қолиш керак!» дедилар.

Уларнинг барчалари иймонга келдилар. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Биз ўз қавмимизни қолдириб келганмиз. У қавм­га ўхшаш адоватли ва ёмон қавм бўлмаса керак. Шояд Аллоҳ уларни сизнинг сабабингиздан жам қилса. Биз бориб, уларни ҳам сизнинг ишингизга даъват қиламиз. Уларга сиздан қабул қилган динни арз қиламиз. Агар Аллоҳ уларни сизнинг атрофингизда жамласа, сиздан иззатли одам бўлмайди», дедилар.

Сўнгра келаси йили яна учрашишга ваъдалашиб, қайтиб кетишди.

Ўша йили мазкур гуруҳ ҳаракати билан Ясрибда Ислом дини тарқалди.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу оталари ва тоғалари билан «Ақаба» байъатининг иккинчисида бирга бўлганлар. Бу байъатда ансорлардан етмиш уч киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни ғалаба қозонтириш ва динлари бўлмиш Исломни ер юзига ёйишга аҳд қилиб байъат беришган.

Жобир розияллоҳу анҳу Бадр ва Уҳуд жангларидан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган барча жангларда қатнашгандилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн тўққизта жангда бирга бўлдим. Бадр билан Уҳуддагина отамнинг монеъликлари сабабли иштирок этмадим. Отам вафот этганларидан кейин, бирон-бир жангда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан қолганим йўқ», дейдилар.

Уҳуд уруши аввалида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оталари шаҳид бўлганларидан кейин охирида ўзлари иштирок этганлар, десак ҳам бўлаверади.

Мусулмонларни енгдик деган хаёл билан жанг майдонини ташлаб, Маккага қайтиб кетаётган мушриклар бир ерга борганларидан сўнг ихтилоф қила бошладилар.

Уларнинг баъзилари:

«Ҳеч нарса қилганингиз йўқ, уларга бир оз мусибат етказдингиз, холос. Уларни шундай қолдириб келяпсиз, ичларида бошлиқлари бор. Ҳали сизга қарши одам тўплашади. Орқага қайтиб, уларни охиригача йўқ қилиб тугатиш керак», де­йишди. 

Бу хабар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етиб бориши билан одамларни тўплаб, душманга қарши чиқишга ундадилар: 

«Биз билан урушда қатнашганлардан бошқалар чиқмасин», дедилар у зот. 

Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай: 

«Мен ҳам борай», деган эди: 

«Йўқ!» дедилар. 

Мусулмонлар чарчаган, ярадор бўлган ва қўрқ­қан бўлишларига қарамай, эшитдик ва итоат қиламиз, деб тўпланиб чиқдилар. 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу келиб: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиз қатнашган ҳамма урушларда қатнашишни ният қилган эдим. Отам қизларга қараб тур, деб қолдириб кетган эди. Изн беринг, сиз билан борай», деди. 

Унга изн бердилар. Расулуллоҳ мусулмонлар билан юра-юра, Ҳамроул Асад деган жойга етдилар...

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўзларича тўлақонли мужоҳид сифатида қатнашган биринчи жанглари Зотирриқоъ юришидир.

У нима учун Зотирриқоъ деб номланиши ҳақида уламолар икки хил фикр айтганлар. 

Аввало, «Зотирриқоъ» дегани луғатда ямоқ эгаси деган маънони билдиришини айтиб ўтмоғимиз лозим. Юришнинг бу ном ила номланиши ҳам худди шу омилдан келиб чиқади. Ўша жангда ишлатилган байроқларда ямоқ борлигидан шу ном машҳур бўлган, дейди баъзи тарихчиларимиз. 

Бошқалари эса, бу юришда иштирокчилар оёқларига йиртиқ латталарни боғлаб олганлари учун шундоқ аталган, дейди.

У учинчи ҳижрий сананинг Жумадул охира ойида бўлган. Ғатафонлик Бани Миҳроб ва Бани Саълабаларга қарши қаратилган бу юришда мусулмонлардан тўрт юз жангчи иштирок этган.

Ушбу юришни уюштиришдан асосий мақсад Беъри Маъунада қатл қилинган етмишта саҳобийнинг ўчини олиш, душманга мусулмонлар кучи борлигини кўрсатиб қўйиш эди.

Ғатафонликлар ҳам жуда кўп одам тўплаган эдилар. Икки томон бир-бирини қўрқитиш учун баъзи бир ҳаракатлар қилдилар-у, аммо уруш бўлмади. Мусулмонлар душман билан юзма-юз турган ушбу юришда Аллоҳ таоло Қуръони Каримдан оятлар нозил этиб, хавф намози қандоқ ўқилишини баён қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар ушбу юришдан қайтиб кетаётиб, бир сердарахт водийда дам олгани тушдилар. Одамлар турли дарахтлар соясига тарқалиб кетдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир дарахт соясига тушиб, қиличларини дарахтга илиб қўйиб, дам олдилар.

Жобир розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтади:

«Бир оз ухлаб қолдик. Сўнгра бирданига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни чақириб қолдилар. Шошилиб борсак, ҳузурларида бир аъробий ўтирибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ухлаб ётганимда манави қиличимни олволибди. Уйғонсам, бошимда қилич яланғочлаб турибди ва менга «Сени мендан ким қутқаради?» дейди, Аллоҳ, дедим. Ана у, ўтирибди», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги одамни афв этдилар».

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Хандақ урушида ҳам иштирок этдилар ва фидокорлик кўрсатдилар.

Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: 

«Хандақ куни хандақ ковлаб турганимизда ўта қаттиқ нарса чиқиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, хандақда ўта қаттиқ жой чиқиб қолди, дейишди. Ўша жойга сув сепдик. 

Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мен тураман, деб ўринларидан турдилар, қоринларига тош боғлаб олган эдилар. Уч кундан буён бир нарса татимаган эдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чўкични олдилар ва уч марта «Бисмиллоҳ»ни айтдилар-да, бир урдилар, ҳалиги жой қум бўлиб оқиб кетди. 

Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга уйга изн беринг, дедим. 

Изн бердилар. Хотинимга: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бир ҳолда кўриб, сабрим қолмади, егулик нарсанг борми?!», дедим. 

«Менда бир оз арпа билан, бир улоқчадан бош-қа нарса йўқ», деди. 

Улоқчани сўйдим. Арпани янчдим. Гўштни декчага солдик. Хамир кўпчиб ва декча тош ўчоқда пишай деб қолганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва: 

«Озгина таомим бор. Эй Аллоҳнинг Расули, бир ёки икки кишини олиб юринг», дедим. 

У зот:

«Кўп ва покдир. Сен у(хотининг)га айт, мен боргунимча декчани туширмай, нонни тандирдан узмай турсин, дедилар. 

Сўнгра одамларга: 

«Қани, туринглар», дедилар. 

Муҳожир ва ансорлар туришди. 

(Жобир) хотини олдига бориб: 

«Ишинг чатоқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлар, ансорлар ва улар билан бирга бўлганларни олиб келмоқдалар», деди.

«Сендан сўрадиларми?» деди хотини. 

«Ҳа», деди у.

«Киринглар, шошилиб, сиқилишманглар», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва нон синдириб устига гўшт қўйиб саҳобаларга тақдим қила бошладилар. Ҳар гал нарса олганларидан кейин декча билан тандирнинг оғзини беркитиб қўяр эдилар. Одамлар тўйиб бўлгунча нон узиб, гўшт олишда давом этдилар. Сўнг, аёлга: 

«Сен ҳам е, ҳадя ҳам қил, одамларга очлик етди», дедилар».

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ақл-фаросатлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга меҳрибонликлари, Аллоҳ таоло у кишининг сабабидан Ўз Пайғамбарининг мўъжизасини изҳор қилгани ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу машҳур Ҳудайбийя воқеасининг ҳам иштирокчилари эдилар. Ўшанда у киши ҳам кўпчилик қатори Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари гувоҳи бўлганлар.

Имом Бухорий ва Муслимлар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Ҳудайбийя куни одамлар чанқаб қолдилар. Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида кичик меш турарди. Бас, у зот таҳорат қилдилар. Одамлар у зот томон шошилдилар. Шунда у зот:

«Сизларга нима бўлди?» дедилар.

«Ҳузурингиздагидан бошқа таҳорат қилишимизга ҳам, ичишимизга ҳам сув йўқ», дейишди. 

Бас, у зот қўлларини кичик мешкоб ичига солдилар. Шунда панжалари орасидан худди булоқларга ўхшаб, сув отилиб чиқа бошлади. Биз ичдик ҳам, таҳорат ҳам қилдик.

«Неча киши эдинглар?» дейилди.

«Юз мингта бўлганимизда ҳам етар эди. Ўн беш юзта эдик», деди».

Ҳудайбийяда «Байъатир-Ризвон» бўлганлиги, унда Жобир ибн Абдуллоҳнинг қатнашганликлари маш-ҳур. Бу эса, бошқа иштирокчилар қатори Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу учун мисли йўқ фазл эди.

Бир ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳуга ва «Байъатир-Ризвон»да иштирок этган бошқа саҳобийларга қарата: 

«Сизлар ер юзидаги энг яхши одамларсиз», деганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўзлари иштирок этган Хайбар юриши ҳақида ҳам ривоят келтирганлар.

Ибн Асокир қилган ривоятда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Хайбар куни Али эшикни орқасига қўйиб, кўтариб турди. Мусулмонлар унинг устидан тушиб, у(қалъа)ни фатҳ қилдилар. Кейин уни судрадилар, фақат қирқ кишигина кўтара билди».

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Маккаи Мукарраманинг фатҳида ҳам фаол иштирок қилдилар. Бу тарихий кунда ҳам у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили Маккага кирганларида бошларида қора салла бор эди».

Бу жуда ҳам машҳур бўлиб кетган ҳол. Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни бошларига қора рангли салла кийиб кирганларини дўсту душман, кофиру мусулмон барча-барча кўрган ва ривоят қилиб қолдирган.

Ўша оламшумул ҳодиса жараёнида Жобир ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг махсус топшириқларини ҳам бажарганлар.

Ўша кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лот, Манот ва Уззо каби мушрикларнинг бутларига жангчи гуруҳларни юбориб, уларнинг ҳаммасини буздириб юбордилар. Макка кўчаларида жарчи юриб:

«Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, уйида ҳеч бир бутни қўймай синдирсин!» деб жар солди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турли қабилаларга ҳам одам юбориб бутларини буздириб ташладилар. 

Жумладан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни мушрикларнинг «Зул хасла» номли ибодатхонасини бузишга юбордилар. 

У киши аҳмаслик юз эллик отлиқ билан бориб, уни бузиб ташладилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, хабарни етказдилар. У зот у кишининг ва аҳмасликларнинг ҳаққига дуо қилдилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан кейин бўлиб ўтган Ҳунайн ва Тоиф юришларида яна Аллоҳ таолонинг йўлида жанг қилдилар. У кишининг Тоиф юришдаги иштироклари далили сифатида бир ривоятларини келтирамиз.

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Тоиф куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алини ўзларига чорладилар ва сирли суҳбатлашдилар. Одамлар:

«У зотнинг амакиларининг ўғли билан бўлган сирли суҳбатлари роса чўзилди-ку», дедилар.

 «У билан мен сирли суҳбатлашганим йўқ, у билан Аллоҳ сирли суҳбатлашди», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам».

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари иштирок этмаган юришлар–сарияларда ҳам қатнашар эдилар.

Имом Бухорий ва бошқалар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни, уч юз отлиқни Абу Убайданинг амирлигида Қурайшнинг карвонини пойлаш учун юбордилар. Бас, бизга шиддатли очлик етди. Ҳаттоки, дарахт баргларини едик. (Гуруҳимиз) барг лашкари, деб номланди. Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни отиб чиқарди. Биз уни ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга суртдик. Жисм­ларимиз яхши ҳолга келди. Абу Убайда унинг бир қовурғасини олиб тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди. Ичимиздан бир киши очлик шиддатлашганда учтадан, учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни (бу ишдан) қайтарди».

Ушбу маъно турли кишилар томонидан, турли шакл ва лафзлар ила энг мўътабар ҳадис китоб­ларимизда ривоят қилинган. 

Ушбу уч юз отлиқнинг юриши кўпроқ «Сайфул баҳр ғазоти» номи ила машҳур.

Гуруҳнинг амири бўлган Абу Убайда–машҳур саҳобий Омир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳудир. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Аллоҳнинг йўлида жангга чиққан, ичларида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бўлган бу саҳобийлар гуруҳи катта қийинчиликларга дуч келганлар. Бошқа ривоятларда айтилишича, таомлар озлигидан Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳамманинг таомини тўплаб, оз-оздан тановул қилишни йўлга қўйганлар. У ҳам тамом бўлганидан кейин, ушбу ривоятда зикр қилинганидек, дарахтларнинг баргини ейишга мажбур бўлганлар. Бу қийинчиликларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг дини йўлида бўлгани улар учун шарафдир.

Чин дилдан «Аллоҳ» деган бандани Аллоҳ таоло қаровсиз қолдирмайди. Ушбу гуруҳ ҳам чин дилдан «Аллоҳ» деган экан, Аллоҳ таоло Ўзи уларнинг мушкулини кушойиш қилди.

«Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни отиб чиқарди. Биз уни ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга суртдик. Жисм­ларимиз яхши ҳолга келди».

Дарҳақиқат, уч юз жангчига ярим ой муддат давомида таом бўлган «анбар» жуда ҳам улкан де­нгиз жонивори бўлган. Бошқа ривоятларда, уни еб семириб кетдик, дейилганини эътиборга олсак, уни тергаб-тежаб эмас, бемалоллик билан еганлари келиб чиқади. Албатта, мазкур гўштни сақлаш, айниб қолмаслиги чораларини кўриш бўйича ўша вақтнинг услублари қўлланган бўлади.

Қаранг, очликдан дарахт баргларини ейишга мажбур бўлиб турган кишиларга Аллоҳ таоло Ўзи ғойибдан ризқ ато қилиб, турар жойларидагидан ҳам яхши ҳолатни вужудга келтириб берганини!

Ривоятнинг давомида мазкур денгиз ҳайвонининг катталигини баён қилиш учун баъзи миқёслар келтирилади.

«Абу Убайда унинг бир қовурғасини олиб тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди».

Мазкур «анбар» ана шунчалик улкан экан. Албатта, у пайтларда метрлаб ўлчаш таомилда бўлмаган ва кишилар ўз услублари билан қиёслаганлар.

«Ичимиздан бир киши очлик шиддатлашганда учтадан, учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни (бу ишдан) қайтарди».

Мазкур саҳобалар гуруҳининг очлиги кучайиб, ҳожат тушганда учтадан, учтадан туя сўйиб турадиган қассобларининг исми, Қайс ибн Саъд ибн Убода ал-Ансорий бўлган. 

Агар ҳар куни ёки икки кунда бир туя сўйилиб турарди, деб фараз қилсак ҳам мазкур «анбар» тахминан 25–45 туянинг ўрнини босган бўлади. Чунки у қирғоққа тушиб, саҳобаларга таом бўлганидан кейин Абу Убайда розияллоҳу анҳу ўз қассобларини туя сўйишдан тўхтатган эканлар. 

Муҳаддис ва тарихчи уламоларимиз Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан яна бошқа юришларда қатнашганликлари ҳақидаги ривоятларни ҳам келтирганлар.

Имом Муслим ва Абу Довудлар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Бир юришда эдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Кавушни кўпайтиринглар. Чунки, киши модомики кавуш кияр экан, улов минган билан баробар», деганларини эшитдим».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёққа кавуш кийишни улов минишга ўхшатганлари, икки ҳолатда ҳам инсоннинг оёғи турли озор берувчи нарсалардан сақланиши сабабидан экан.

Ўша пайтда бошқа зарур нарсалар қатори оёқ кийимлари ҳам етишмаганлиги маълум. Бунинг устига одамлар умуман оёқ кийими кийишга ўрганмаган ҳам бўлганлар. Юриш одатдан ташқари турли хавф-хатарларга тўла тадбир эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Кишиларнинг саломатлигини эҳтиёт қилиш мақсадида уларнинг бош қўмондонлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кавуш ки­йиб олишга чорлаган эканлар.

Улуғ саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Видолашув ҳажида бориб келгунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етакловчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам бу тарихий ҳажда бўлган ҳар бир нарсани тартиб билан ёдлаб олганлар ва айтиб берганлар. 

Ушбу ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажларини тўлиқ васф қилувчи ҳадисдир.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўзларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажлари ҳақида гапириб беришни сўрашганда тўққиз бармоқларини юмиб кўрсатиб туриб қуйидагиларни айтганлар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил ҳаж қилмай турдилар. Сўнгра ўнинчи йили одамлар ичида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилурлар» деб эълон қилдирдилар. Мадинага жуда кўп одамлар етиб келдилар. Уларнинг барчаси Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилишни, у зотнинг амалига ўхшаш амал қилишни хоҳлар эдилар».

Имом Абу Довуд Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жангда қатнашар эдик. Бас, мушрикларнинг идиш-товоқларини қўлга туширардик. Улардан фойдаларнардик ва бу бизга айб ҳисобланмасди».

Ибн Ҳиббон ва бошқалар Абул Мисбаҳ ал-Муроийдан ривоят қиладилар:

«Биз Рум ерларида Молик ибн Абдуллоҳ ал-Хасъамий бошлиқ гуруҳда кетаётган эдик. Молик хачир ҳайдаб кетаётган Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг олдидан ўтиб қолди ва:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Миниб ол! Аллоҳ сенга бериб қўйибди!» деди.

Бунга Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:

«Уловимни дам олдираман ва оёғимга таянаман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «Кимнинг қадами Аллоҳнинг йўлида чанг бўлса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», деганларини эшитганман», деб жавоб берди.

Молик юриб бориб овоз эшитиладиган жойдан яна:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Миниб ол! Аллоҳ сенга бериб қўйибди!» деди.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу унинг нима демоқчи эканини англаб яна:

«Уловимни дам олдираман ва оёғимга таянаман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимнинг қадами Аллоҳнинг йўлида чанг бўлса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», деганларини эшитганман», деб жавоб берди.

Одамлар уловлари устидан сакраб тушдилар. Ўша кундақа кўп пиёда юрган одамни кўрмаганман».

Бу ривоятда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ихлослари билан бирга, мусулмонлар оммаси ичидаги обрўлари ҳам яққол кўриниб турибди.

Муҳиддинов Музаффар

таълим муассасаси ўқитувчиси