
Саҳобаларни сўкиш катта жиноятдир
- عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: اللهَ اللهَ فِي أَصْحَابِي اللهَ اللهَ فِي أَصْحَابِي لاَ تَتَّخِذُوهُمْ غَرَضًا بَعْدِي فَمَنْ أَحَبَّهُمْ فَبِحُبِّي أَحَبَّهُمْ وَمَنْ أَبْغَضَهُمْ فَبِبُغْضِي أَبْغَضَهُمْ وَمَنْ آذَاهُمْ فَقَدْ آذَانِي وَمَنْ آذَانِي فَقَدْ آذَى اللهَ وَمَنْ آذَى اللهَ يُوشِكُ أَنْ يَأْخُذَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
2806. Абдуллоҳ ибн Муғоффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Мендан кейин уларни мўлжал қилиб олманглар. Бас, ким уларга муҳаббат қилса, унга мен ўз муҳаббатим ила муҳаббат қилурман. Ким уларни ёмон кўрса, уни мен ўз ёмон кўришим ила ёмон кўрурман. Ким уларга озор берса, менга озор берган бўлади. Ким менга озор берса, Аллоҳга озор берган бўлади. Ким Аллоҳга озор берса, У Зот уни тутишига оз қолади», дедилар». Термизий ривоят қилган
Шарҳ: Ушбу ривоятни шарҳ қилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Унда саҳобаи киромларни сўкиш қанчалар оғир жиноят эканлиги очиқ-ойдин баён қилинмоқда. Саҳобаи киромларни сўкиш Аллоҳ таолони сўкиш билан тенглаштирилмоқда. Албатта, Аллоҳ таолони сўкиш дунёдаги энг катта жиноят эканлиги ҳаммага маълум.
Ким Аллоҳ таолога тақво қиладиган бўлса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.
Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларига сазовор бўлишни истаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.
Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёмон кўришларидан сақланишни истаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.
Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сўккан одам бўлиб қолишни истамаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.
Ким Аллоҳ таолони сўккан одам бўлиб қолишни истамаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.
2807- عَنْ أَبِي سَعِيدٍ t قَالَ: كَانَ بَيْنَ خَالِدِ بْنِ الْوَلِيدِ وَبَيْنَ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ شَيْءٌ فَسَبَّهُ خَالِدٌ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: لاَ تَسُبُّوا أَحَدًا مِنْ أَصْحَابِي فَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَوْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ. رَوَاهُ الأَرْبَعَةُ. وَلِلتِّرْمِذِيِّ: إِذَا رَأَيْتُمُ الَّذِينَ يَسُبُّونَ أَصْحَابِي فَقُولُوا لَعْنَةُ اللهِ عَلَى شَرِّكُمْ.
2807. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Холид ибн Валид билан Абдурраҳмон ибн Авфнинг ўртасида бир гап ўтган эди. Бас, Холид уни сўкди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг саҳобаларимдан бирортасини ҳам сўкманглар! Сизлардан бирингиз Уҳуд мислича олтин нафақа қилса ҳам, улардан бирининг муддича ёки ярим муддичасини топа олмас», дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар.
Термизийнинг ривояти:
«Қачон саҳобаларимни сўкаётганларни кўрсангиз, сизнинг шаррингизга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, денглар», дедилар».
Шарҳ: «Мудд» – оғирлик ўлчови.
Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча хулосалар келиб чиқади:
1. Саҳобаи киромларни мутлақо сўкиб бўлмаслиги.
2. Саҳобаи киромларнинг қилган амаллари, жумладан, садақаларининг савоби ҳам кўп мартага зиёда қилиб берилиши.
3. Саҳобаи киромларни сўкиш шарр – ёмонлик эканлиги.
4. Саҳобаи киромлар сўкилаётганлигининг гувоҳи бўлган киши у зотларни ҳимоя қилмоғи лозимлиги.
5. Саҳобаи киромларни сўккан одамларга: «Сизнинг шаррингизга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», демоқлик лозимлиги.
Юқорида ўрганган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар саҳобаи киромларнинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини, уларни эҳтиром қилиш ва эъзозлаш лозимлигини кўрсатади. Биз – мусулмонлар бу ишни ихлос билан бажармоғимиз лозим. Шу билан бирга, ўзимиз бу улуғ инсонларнинг ҳеч бирларини сўкишга журъат қилмаслигимиз, баъзи бир ушбу нобакорликни қиладиганлар чиқиб қолгудек бўлса, уларни бу ишдан қайтаришимиз керак бўлади.
Энди саҳобаи киромлар ҳақида асар бўлиб қолган баъзи бир фикрларни ҳам ўрганайлик.
Абу Нуъайм «Ҳулятул авлиё»да Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Аллоҳ таоло бандаларининг қалбларига назар солиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ихтиёр қилди ва у зотни Ўз рисоласи ила юбориб, Ўз илми ила танлаб олди. Сўнгра у зотдан кейинги одамларнинг қалбларига назар солди ва у зотнинг саҳобаларини танлаб олди. Бас, уларни Ўз динининг ёрдамчилари ва Набийининг вазирлари қилди».
Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Ким бировнинг суннатини оладиган бўлса, вафот этган кишининг суннатини олсин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ушбу умматнинг энг қалби яхшилари, энг илми чуқурлари ва энг такаллуфи озлари эдилар. Улар Аллоҳ таоло томонидан У Зотнинг Набийсига саҳоба бўлиш учун ва У Зотнинг динини нақл қилиш учун танлаб олинган қавм эдилар. Бас, уларнинг ахлоқлари ва тутган йўлларига ўхшашга урининглар. Каъбанинг Роббиси бўлган Аллоҳ ила қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мустақим ҳидоятда эдилар».
Саҳобаи киромларни эҳтиром қилиш ва уларга нисбатан беодоблик қилмаслик ҳақидаги шунча таълимотларга қарамасдан, кейинчалик баъзи бир томонлар у буюк зотларга нисбатан беодоблик қилишга ўтдилар. Орада кўплаб тортишувлар бўлди. Ниҳоят, «Аҳли Сунна ва жамоа» ақийдавий мазҳабининг уламолари саҳобаи киромларга нисбатан мўмин мусулмонлар қандай муносабатда бўлишлари кераклиги ҳақидаги гапларни ақийда китобларига битиб қўйдилар.
Қуйида намуна тариқасида саҳобаи киром ҳақида «Талхийси шарҳи ақоиди тоҳовия» китобида келтирилган матндан парча келтирамиз.
Муҳиддинов Музаффар
таълим муассасаси ўқитувчиси