Яратилиш санаси 07.11.2023

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча исмлари бор. У зот алайҳиссолату вассалом шундай деганлар:

«Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен билан куфрни ўчиради. Мен Ҳоширман, одамлар оёқарим остида тўпланади. Мен Оқибман, менинг ортимдан набий келмайди».

Бошқа бир ривоятда «Мен Муқаффийман, Тавба пайғамбариман, Раҳмат пайғамбариман», дейилган. «Саҳиҳи Муслим»да «Малҳама пайғамбариман», дейилган.

Аллоҳ таоло у зотни Ўзининг азиз Китобида башир (башоратчи), назир (огоҳлантирувчи), сирожун-мунир (нурли чироқ), роуф, роҳим, роҳматан лил оламин (оламларга раҳмат), Муҳаммад, Аҳмад, Тоҳа, Ёсин, муззаммил, муддассир, абд деб атаган. Абд исми У Зот таолонинг ушбу оятидан олинган: «Бандасини кечаси Масжидул-Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул-Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. У Зт эшитгувчи, кўриб тургувчидир» (Исро сураси, 1-оят).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда у зотни Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси) деб тилга олган: «Аллоҳнинг бандаси Унга ибодат қилиб турганида улар унинг атрофида отнинг ёлидек тўпланиб, босиб юборай дейишди» (Жин сураси, 19-оят). Мадҳи улуғ бўлган Зот ушбу қавлида у зотни огоҳлантирувчи деб атаган: «Мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман», дегин» (Ҳижр сураси, 89-оят).

Қуйидаги оятда исмлари муқаддас Зот Ўзининг Расулини музаккир (эслатувчи) деб атаган: «Эслатгин, чунки сен эслатувчисан, холос» (Ғошия сураси, 21-оят). Бундан бошқа исмлар ҳам зикр қилинган бўлиб, уларнинг аксари сифатлардир.

Фатҳуддин Абулфатҳ Яъмурийнинг «Нурул-уйуун» китобидан

Абдувоҳидов Муҳаммадбилол

 “Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти талабаси