Яратилиш санаси 10.11.2023

Ҳар бир иш Аллоҳнинг изни ила бўлади

Яратганни инкор қиладиганлар “Ўзимга ўзим хўжайинман” деган гапни айтадилар. Бу эса Аллоҳнинг наздида энг катта жиноятдир. Бизнинг жисмимиз Аллоҳнинг мулки. У нимани хоҳласа, шуни қила оламиз. Бунга ишонмаганлар эса ўзи ҳақида яхшилаб фикр юритсин.

Юрагимиз тўхтовсиз уриб туради. Хўш, уни ким доимий ҳаракатда ушлаб туради? Ким юракни озгина бўлса ҳам тўхтатиб тура олади? Уришдан тўхтаган юракни ким ҳаракатга келтиришга қодир? Уйқу пайтида ихтиёримиз ўзимизда бўлмайди. Демак, юракни биз ҳаракатга келтирмаймиз.

Нафас олишимиз ҳам шунга ўхшайди. Ким бизни нафас олдириб қўйди? Ўзимизми? Йўқ, албатта.

Чунки ухлаган пайтда ҳам нафас оламиз. Бу ҳаракатлар илоҳий буйруқ ила содир бўлади. Илоҳий буйруқ бўлсагина тўхтайди ҳам.

Ошқозонимиз овқат тушганда уни ўзи парчалай бошлайди. Хўш, унга буйруқни ким беради? Ичакларимизда овқатнинг ҳаракатланишини, унинг ичак деворлари бўйлаб сўрилишини биз назорат қиламизми?

Қонимизга микроб аралашганда унга қарши иммун тизими ишга тушишини ким бошқаради? Уларга “курашинглар” деган буйруқни ким беради?

Бу амалиётларда заррача бўлса ҳам аралашувимиз борми? Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг изни билан содир бўлади.

Шукрки, жисмимиз назорати Аллоҳнинг қўлида. Агар ўзимизга ташлаб қўйилганда, ухлаган пайтимиз юрагимиз уришдан тўхтар эди, нафас ололмасдик.

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло жисмимизни Ўзи бошқариб туради ва бу биз учун катта неъмат. Айнан шу сабабдан инсон “мен ўзимга ўзим хўжайинман” дейиши нодонликдан бошқа нарса эмас. Чунки биз ўзимизнинг заррача қисмимизга ҳам хўжайинлик қила олмаймиз, бошқара олмаймиз. Баъзи хоҳишларимизни бажара олишимиз ҳам Аллоҳнинг бизга кўрсатган марҳаматидандир.

Паттаев Мусохон

 “Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти талабаси