Яратилиш санаси 21.11.2023

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юртининг фидоий мудири “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳа ривожи йўлида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу жараён соҳа ходимларидан ҳам алоҳида масъулият ва фаоллик талаб этади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, уларнинг фидоийлиги, шарафли меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, қадрланмоқда.

Бугун, 20 ноябр куни Пойтахтимизда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда бир гуруҳ уламо ва соҳа ходимларининг самарали фаолияти эътироф этилиб, “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони топширилгани ана шундай хайрли ишларнинг мантиқий давомидир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, ушбу кўкрак-нишони билан диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, фуқаролар эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва маънавий муҳит барқарорлигини сақлашдаги ибратли ишлари учун етук уламолар, атоқли арбоблар, диний соҳа раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий олимлар тақдирланиши белгиланган.

Диний-маърифий соҳанинг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш, динлараро ва конфессиялараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширган ишлари муносабати билан «16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни» муносабати билан диний-маърифий соҳа вакилларининг бир гуруҳи «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони билан мукофатландилар.

 

Шу қаторда Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти мудири Абдуазиз БОБАМИРЗАЕВ ушбу мукофот билан муносиб тақдирланди.

Ҳидоя  ўрта махсус ислом таълим муассасаси жамоаси фидойи ва жонкуяр устоз-домламизга Аллоҳ таолодан дин, халқ ва Ватан йўлидаги хизматларида улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Аллоҳ таоло ушбу мукофотларни муборак айласин.

Ҳидоя  ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар