Яратилиш санаси 17.08.2021

Туббаъ аҳли ҳақида

Туббаъ қавми, Яманда яшаган қавм бўлиб, Қаҳтон қабиласининг арабларидан эди. Улар ҳақида Қуръони каримнинг Қоф, Сабаъ ва Духон сураларида зикр қилинади.

Аллоҳ таоло “Духон” сураси 36, 37- оятларида шундай марҳамат қилади: “Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринглар». Улар яхшироқми ёки Туббаъ қавмию улардан олдин ўтганларми?! Биз уларни ҳалок қилдик. Албатта, улар жиноятчи бўлган эдилар”.

Шунингдек “Қоф” сурасининг 13, 14-оятларида: “Ва Од, Фиръавн, Лут биродарлари. Ва дарахтзор эгалари ва Туббаъ қавми — барчалари Пайғамбарларни ёлғонга чиқарганлар. Бас, (азоб) ваъдам ҳақ бўлди”.

Туббаъ – ўша қавмнинг подшоҳи бўлиб, у Яман ва унга тегишли бўлган, Ҳимяр, Сабаъ ва Ҳазрамавт ўлкаларини ҳам бошқарар эди. Бу ҳукмдор, Аллоҳга имон келтирган, солиҳ киши эди. 

У ҳақда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Туббаъни хақоратламанглар, у Исломга кирган бўлган” деганлар. Имом Аҳмад ривояти.

У подшоҳ ҳақида тарихчилар, қуйдаги маълумотни келтирадилар: “Аввалда мушрик бўлиб, сўнг Исломга кирган. Мусо алайҳиссаломнинг шариатларида ибодат қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақида солиҳ инсон бўлганми ёки йўқлигида бир тўхтамга келмаганлар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлиб, солиҳлардан эканлиги маълум бўлган”.

Бу подшоҳ дунёдаги кўп мамлакатларни босиб олди. Ҳатто Ҳинд ўлкаларини ҳам эгаллади.

Сўнг у Каъбани бузиб ташлаш учун Маккага келди. У энди шум ниятини амалга оширмоқчи бўлиб турганда, тўсатдан бедаво дардга чалинди.

Табиблар уни даволашдан ожиз қолдилар. Маслаҳатчиларидан бири, унга, Каъбани бузмоқчи бўлганлиги сабаб унга бу касаллик етганини айтишгач, бу фикридан қайтди. Шундан кейин Аллоҳ унга яна соғлигини қайтарди.

У бунинг шукронаси учун Каъбани Яманий бурда (каъбапўш) билан ўради. Бу воқеа мелодий бешинчи асрда бўлиб ўтган эди.

Кейин Аллоҳ таоло Туббаъ қавмини ҳалок қилди. Қуръони каримда уларнинг ҳалокатга учрашлари батафсил баён қилинмади. Аллоҳ таоло “Сабаъ” сурасининг 15 –17-оятларида шундай марҳамат қилади:

“Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида оят (белги) – ўнг ва чапдан икки боғ бор эди. «Роббингиз ризқидан енг ва Унга шукр қилинг! Не гўзал юрт ва ўта мағфиратли Роббингиз бор», (дедик).

“Улар юз ўгирдилар. Бас, Биз устларига арим селини юбордик ва уларнинг икки боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва бир озгина сидрли икки «боғ»га айлантирдик”.

“Уларни ношукрлик қилганлари учун ана шундоқ жазоладик. Биз фақат ўта ношукрларгагина жазо берурмиз”.

«Арим» сўзи, катта тошларни оқизиб келадиган кучли сел, деган маънони билдиради. «Сидр» бутасимон дарахт бўлиб, Арабистон ярим оролида ўсади. Бироз меваси ҳам бўлади.

Баъзи муфассирлар “Сабаъ” қавми ҳақида қуйдагиларни зикр қиладилар.

Сабаъликлар Яман жанубида яшаб ўтган қавмдир. Боболари Сабаъ ибн Яхшаб ибн Қахтон исми билан «Сабаъ қавми», «сабаъликлар», деб номланганлар. Улар жуда ҳам ҳосилдор ерга эга бўлганлар. Сулаймон алайҳиссалом билан қиссаси ўтган малика ҳам шу юртдан бўлган. Оятда ўша қавм ҳақида хабар берилмоқда.

Қуръони каримга тафсир ёзган муфассирларнинг баъзилари бу қавмнинг ҳалокати Арим тўфонида содир бўлган эди деб айтишади. (Арим тўфони- Сабаъ подшоҳлиги даврида Маъриб тўғонини бузиб кетган катта сув тошқини).

Бу воқеа, Аллоҳ таоло уларни Фиръавн ва унинг қавмини азоблаши билан огоҳлантирганидан сўнг содир бўлган эди. Лекин, Туббаъ қавми бу огоҳлантиришдан ўзлари учун керакли хулоса чиқармадилар.

Баъзи тафсир китобларида зикр қилинишича, Туббаъ подшоҳи ва унга эргашган қавм раҳбарлари, Туббаъ аҳлини ҳаққа чақирганлари ва туғёнга кетганлари учун, бошларига тушадиган муқаррар азоб келишидан огоҳлантирганлари сабабли, Аллоҳ таоло уларни Туббаъ қавми бошига келган балодан омон қолдирди.

Аброрхўжа Рашидов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ходими