Яратилиш санаси 02.09.2021

Илм ва уламолар ҳақида

Аллоҳ таоло Фотир сурасининг 28 оятида: 

قال تعالي: انما يخشي اللهَ من عبادهِ العلماءُ 

“Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар”, деган.

Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, улардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузулиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб ҳам уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир”, деган эканлар.

Имом Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу: “Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир”, дея туриб: “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар” оятини тиловат қилар эканлар.

Яна У зот Зумар сурасининг 9 оятида шундай марҳамат қилади:

قال تعالي: قل هل يستوي الذين يعلمون و الذين لا يعلمون

 “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?” 

Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар куфр келтириб, исён этадилар.

Раҳмон Раҳим бўлган зот Анкабут сурасини 43 оятида:

قال تعالي: و تلك الامثال نضربها للناس و ما يعقلها الا العالِمون

 “Бу мисолларни одамларга келтирамиз, уларга фақат олимларнигина ақли етар”, деган.

Мана шу уч оятда илм ва уламолар фазли ҳақида сўз кетмоқда.

Биринчи оятда Аллоҳдан қўрқиб, Уни улуғлаш фақат илмли кишилар томонидангина содир бўлиши таъкидланмоқда. Демак, илмсиз киши Аллоҳдан қўрқмайди ҳам, уни улуғламайди ҳам. Тажриба ушбу Қуръоний ҳақиқатни тасдиқлади. Турли илмлар бўйича мутахассис олимлар Аллоҳни танишларини эълон қилиб, иймон-эътиқодсиз яшаш мумкин эмас, деган фикрга келганларини айтдилар ва айтмоқдалар.

Иккинчи оятда биладиганлар билан билмайдиганлар, яъни илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олмасликлари ҳақида сўз кетмоқда. Илмли доимо устун туриши ва фазилатли ҳисобланиши, илмсизда эса бу нарсалар бўлмаслигига ишора қилинмоқда.

Учинчи оятда эса, келтириладиган масалаларни англаб улардан ўрнак олиш учун ҳам илм зарурлиги таъкидланмоқда. Бу ҳам илмни ва олимни улуғлашдир.

عن معاوية رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال: من يرد الله به خيرا يفقهه في الدين و انما انا قاسم و الله يعطي و لن تزال هذه الامة قائمة علي امر الله لا يضرهم من خالفهم حتي يأتي امر الله. رواه الاربعة

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди”, дедилар”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, демоқдалар. 

Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида: 

“Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради”, демоқдалар. 

Яъни, мен Аллоҳ берган илмни етказаман холос, ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифнинг давомида сиз билан биз умматларига улкан башорат қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматининг келажаги ҳақида сўз юритиб: 

Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди”, дедилар.

Бу гап дарҳақиқат улкан башоратдир. Мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол ҳамма мусулмонлар Аллоҳнинг амрини бирдек тутмаслар. Баъзилари, ҳатто баъзан кўплари Аллоҳнинг амрини тутмаслар. Аммо, Ислом уммати ичида Аллоҳнинг амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмаслиги аниқ.

Бу башорат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари экани ҳам очиқ-ойдин. Агар у зотдан бошқа одам бўлганида бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. Бир минг тўрт юз йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу башоратларини тасдиқлаб келмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

1. Исломни яхши англаб, фақиҳ бўлишга тарғиб.

2. Исломда фақиҳ бўлишлик-Аллоҳнинг яхшилиги экани.

3. Ислом уммати қиёматгача Аллоҳнинг амрида қоим бўлиши.

4. Ислом умматига биров зарар етказа олмаслиги.

عن ابي الدرداء رضي الله عنه قال:  سمعت رسول الله صلي الله عليه و سلم يقول: من سلك طريقا يبتغي فيه علما سهل الله به طريقا الي الجنة و ان الملائكة لتضع اجنحتها رضاء لطالب العلم و ان العالم ليستغفر له من في السماوات و من في الارض حتي الحيتان في الماء وفضل العالم علي العابد كفضل القمر علي سائر الكواكب ان العلماء ورثة الانبياء ان الانبياء لم يورثوا دينارا و لا درهما انما ورثوا العلم فمن اخذ به اخذ بحظ وافر. رواه ابو داود و الترمذي. 

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди”, деганларини эшитдим”, деган эканлар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

عن ابن عباس رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال: فقيه واحد اشد علي الشيطان من الف عابد.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир фақиҳ Шайтон учун минг обиддан ҳам ашаддийроқ (душман)дир”дедилар”.

عن ابي امامة الباهلي رضي الله عنه قال ذكر لرسول الله صلي الله عليه و سلم رجلان احدهما عابد و الآخر عالم فقال رسول الله صلي الله عليه و سلم: فضل العالم علي العابد كفضلي علي ادناكم ثم قال صلي الله عليه و سلم: ان الله و اهل السماوات و الارض حتي النملة في جحرها و حتي الحو ت ليصلون علي معلم الناس الخير.     

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: “Бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди”, дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар, дедилар”.

عن عثمان رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال: يشفع يوم القيامة ثلاثة الانبياء ثم العلماء ثم الشهداء. رواه ابن ماجه

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: “Анбиёлар, уламолар ва шаҳидлар”, дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.

Абдулносир Бобамирзаев

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси