Имом Замахшарийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси (2 қисм)
Қуръони карим 23 йил давомида мавжуд вазиятга кўра, ёки янги вазиятларга мос холда нозил қилинган. Олдин нозил бўлган оятларни кейинги оятлар насх қилган вақтлар бўлган. Зоҳирда бир хил, ботинда бошқа маъно берувчи оятлар мавжуд, баъзи оятларнинг ҳақиқий маъноларини тушуниш қийин бўлган. Бундай оятларнинг ҳақиқий маъноларини пайғамбар алайҳиссалом саҳобийларга шарҳлаб берган. Мусулмонлар асри саодатдан узоқлашгач, Қуръони каримга амал қилиш учун, унинг маъно моҳиятини кенгроқ очиб берадиган зотларга – муфассирларга эҳтиёж орта борган.
“Замахшарий ҳам тафсирини ёзишдан олдин ўзидан аввал ёзилган Қуръон тафсирига бағишланган кўплаб асарларни қунт билан ўрганган. Улардан унумли, танқидий фойдаланган. Натижада мукаммал бир тафсир яъни “ал-Кашшоф” вужудга келган. Асарда айниқса, Қуръоннинг филологик таҳлилига катта аҳамият берилган. Шу сабабли унинг филологик қиймати бениҳоя катта. Шу боис шу вақтгача етиб келмасдан йўқ бўлиб кетган кўплаб асарлар ҳақидаги маълумот ва тасаввурларни ҳозирги замон тадқиқотчилари фақат Замахшарийнинг “ал-Кашшоф”идан олиб, ўша асарлар қиймати ҳақида фикр мулоҳазаларга эга бўладилар холос[5].
Бу асар Замахшарий Маккада турган пайтида уч йил давомида, 1132-1134 йиллар давомида ёзилган. Замахшарий ўзининг биродар ва шогирдларига оятларни шарҳлаб берган вақтларида, муътазила ақидасига мансуб шогирдлари ниҳоятда мамнун ва шодон бўладилар, шунинг билан бирга Замахшарийдан бир тафсир китоб ёзишни илтимос қиладилар. Ҳолбуки, Замахшарий кексалик ёшига қадам қўйган эди.
“Ал-Кашшоф”нинг муқаддимасида тафсирнинг ёзилиш сабаблари ҳақида муаллиф шундай ёзади: “Фозиллардан бўлмиш араб тили ва дин асослари билан шуғулланувчи мен билан замондош диндаги биродарларим менга бирор оятни шарҳлаш учун мурожаат қилганларида, мен бу оятлардаги баъзи бир яширин маъноларни очиб беришга ҳаракат қилардим. Тафсирни эшитиб улар севинчларини ичига сиғдира олмай таажжубда қолардилар ва мен қўллаган усулларнинг барчасини ўзида жамлаган бир тафсир китоби кераклигини зўр интиқлик билан сўзлар эдилар, ҳатто “Қуръондаги берк ҳақиқатларни ва уларни шарҳлаш орқали ривоятлар кўзини очиш” борасида сабоқ беришимни сўраб менинг олдимга кела бошладилар.
Лекин мен тафсир ёзишдан бош тортдим. Шунда улар менинг қилган бу ишимга эътироз билдириб, дин улуғларига ва шариат, тавҳид илмининг олимларига ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Улар менинг бу ишдан бош тортганлигим, ҳар қандай фикрда бўлишимга қарамасдан, уни амалга оширишга мажбур эканлигимни, чунки бу масалада баҳс юритиш фарзи айндур, деб талаб қилишди. Бу нарсалар замонамнинг нақадар ночорлигини ва одамларнинг бефаросатлигини ва илм ал-маъоний вал баёнга асосланган илмга етиш тугул, бу илмни билишга заррача ҳаракат қилмасликлари кўриниб турарди. Шундай бўлишига қарамай, мен Бақара сурасининг ҳақиқатлари масаласида бир неча сабоқлар ўтдим. Савол ва жавобга ниҳоятда бой ушбу мубоҳасалар етарли даражада мукаммал эди. Мазкур сабоқларда мен бу илм нафислигу нозикликка жуда бой эканлигини ва қўлланган усуллар уларнинг тўғри йўлдан боришлари учун йўлчи юлдуз, тақлид қилишлари учун эса бир намуна бўлишини таъкидлаб ўтдим. Байтуллоҳга қайтиб бориш масаласи қатъий ҳал бўлгандан сўнг Макка томон сафарга отландим. Йўлимда кесиб ўтган мамлакату шаҳарлар аҳли мени жуда яхши кутиб олиб, муътазила намояндаларига берган сабоқларимни уларга ҳам беришимни илтимос қилганликлари, ушбу илмни жуда чанқоқлик билан ўрганишга интилишларининг гувоҳи бўлдим. Бу ҳодисалар менинг ҳиссиётларимни, фаолиятимдаги сустликни жунбушга келтирди”[6].
Тафсир муқаддимасида Замахшарий келтиришича, Маккага етиб борганда Макка амири Абул Ҳасан Али ибн Ҳамза ибн Ваҳҳосни учратади. Маълумки, у зот Замахшарий олдинги сафар Маккага мужовир бўлиб яшаган вақтда унга (Замахшарийга ) кўп хайрихоҳлик кўрсатган эди. Амир ибн Ваҳҳос Замахшарийнинг Маккадан қайтиб кетган вақтларида фироқ аламида қийналганини, Замахшарий ёзган Бақара сурасининг тафсирини эшитиш учун ҳатто Хоразмга, унинг ҳузурига боришгача тайёр бўлганлигини изҳор қилади ва бошлаган тафсирини охирига етказишни илтимос қилади.
Замахшарийга ўзи бошлаган ишни охирига етказиш зарурлиги аниқ бўлди. Ёши олтмишдан ўтиб қолганлиги, ёшлик пайтидаги куч-қуввати йўқлиги сабаб кейинги суралар тафсирини мухтасар қилади ва қисқа муддат ичида ёзиб тугатади. Замахшарий муқаддимада тафсирни Абу Сиддиқ халифалик қилган муддатда ёзиб тугатганини айтиб ўтади.
“Ал-Кашшоф”нинг моҳияти тўғрисида тарих фанлари доктори, профессор У. Уватов шундай ёзади: “Замахшарий Макка амирининг кўрсатган хайрихоҳлик ва ёрдами туфайли ўша пайтда маълум бўлган барча Қуръон тафсирлари билан танишиш имконига эга бўлган. Мазкур тафсир ва шарҳлардан оқилона фойдаланган Замахшарий ўзига хос қимматли бир тафсир “ал-Кашшоф”ни ёзган. Бу ўринда Замахшарийнинг буюк хизматларидан бири шундаки, у ушбу тафсирни ёзишда турли хил сабабларга кўра, ўз даврида машҳур бўлган тафсир, ҳадис, фиқҳ, илмул қироат ва бошқа илмларга оид илмлардан фойдаланган эди шу сабабли унинг филологик қиймати бениҳоя катта”[7].
Гарчи аллома муътазила эътиқодига мансуб бўлсада, лекин мазкур асардан унинг шу ақидага мансуб олдинги уламоларга нисбатан биз эътиқод қилаётган аҳли сунна вал-жамоа фикрларига яқинроқ эканлиги кўриниб туради. Фиқҳий ҳукмларда аллома Абу Ҳанифа мазҳабига амал қилади. Баъзи манбаларда келтирилишича, ўзининг ҳанафий мазҳабида эканлигидан фахрланади. Бу хусусда Замахшарийнинг қуйидаги сўзларини келтириш мумкин: “Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ҳазратларнинг мазҳабига мансуб уламолар дини Исломнинг тизгинларидир”. “Саховат ва ҳалимлик Хотам Тойга мансубдир, дин бўлса Ислом динидир, илм эса Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит илмидир”[8].
[5] Қаранг: Уватов. У. “Маҳмуд аз-Замаҳшарий”. – Т.: Абдулла Қодирий. 1995. – Б. 23.
[6] Маҳмуд аз-Замаҳшарий. “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ат таъвил ва уювнил ақовил фи вужуҳ ат таъвил. Байрут. Дор ал-кутуб ал-илмия. 2006. – Б. 8.
[7] Уватов.У. “Маҳмуд аз-Замаҳшарий”. Т.: Абдулла Қодирий. 1995. Б – 23.
[8] У.Уватов.Нозик иборалар. – Т.: Камалак. 1992. Б – 20.
Ахунжанов Қобилхон
таълим муассасаси ўқитувчиси