Мотуридий эътиқодига кўра имоннинг моҳияти ва унинг шартлари
Исломнинг асоси ақида. Ақиданинг асоси эса Аллоҳ таолонинг биру борлигига имон келтиришдир. Динимизнинг бешта асоси бўлиб, улардан биринчиси ва барча амалларимизнинг қабул бўлишига асос бўладигани- имондир. Имон сўзи луғатда тасдиқлаш, ишониш деган маъноларни англатади. Юртимизда анъанавий ҳисобланган мотуридийлик мазҳаби таълимотларида эса, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, тил билан ифодалаш " имон" дейилади. Бу ҳақда "Ақоидун Насафия " китобида шундай дейилган. " Иймон, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва унга иқрор бўлишдир". Бундан келиб чиқадики, киши дилида тасдиқлаган нарсани узрсиз тилида айтмаса у Аллоҳнинг наздида мўъмин бўлади, лекин одамларнинг наздида мўъмин хисобланмайди. Аксинча, тилида айтиб, дилида тасдиқламаса, одамларнинг наздида мўъмин хисоблансада, лекин аслида мунофиқ бўлади. Демак, чин мўъмин бўлиш учун киши дили билан тасдиқ қилган нарсани тили билан иқрор қилиши шарт қилинган.
Абдулазиз Бобамирзаев