Шариатнинг умумий мақсади – инсонларнинг манфаатларини юзага чиқаришдир
Аллоҳ таоло шариат ҳукмларини жорий қилишидан асосий мақсади ҳаётда инсонларнинг манфаатларини юзага чиқариш ҳисобланади. Шариат ҳукмларини жорий қилишдан бош мақсад ҳам инсонларнинг бу дунё ҳаётидаги фойдаларини кўзлашдир, юзага чиқаришдир.
Шариат ҳукмларини яхшилаб ўрганилса, шариат Соҳиби ҳукмларни шариатга киритиш пайтида одамларнинг фойдасини риоя қилгани намоён бўлади. Инсонга фойда бўладиган бирон нарсаини эътиборсиз қўймаган. Қай бир ҳукмни шариатга киритса, албатта ўша ерда одамларнинг фойдасини юзага чиқариш кўзда тутилган. Ҳар бир ҳукмда инсоннинг фойдаси бор. Ҳукм бирон бир фойдани жалб қилади, ёки бир зарарни кетказади.
Аллоҳ таоло ислом шариатидаги ҳикмати ҳидоят, раҳмат ва қалбларга шифо эканини мақсад қилган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ
“Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк иллати)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди. Айтинг: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган (бойликлари)дан яхшироқдир» («Юнус» сураси, 57,58-оятлар).
Бу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинмоқда. Бири фазли. Яъни, Ислом дини. Иккинчиси раҳмати. Яъни, Қуръони карим.
Аллоҳ таоло Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламни юборишдаги ҳикмати, у зотнинг оламларга раҳмат эканликларини хушхабар қилиб:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ
«(Эй, Муҳаммад,) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз», дея марҳамат қилган («Анбиё» сураси, 107-оят).
Оламларга раҳмат бўлганларидан кейин, дунёдаги барча оламларга яхшилик келтирган, манфаатни жам қилган ва зарарни даф қилган бўладилар. Ана шунинг ўзиёқ инсонлар учун энг катта неъмат бўлган. У зот алайҳиссалом фақат инсонларга эмас, жинлар олами, ҳайвонлар олами , наботот олами ҳамда барча оламларга раҳмат бўлганлар.
Аллоҳ таоло пайғамбарларни юбориш ва китобларни нозил қилишдаги мақсадни бундай баён қилган:
لَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَأَنْزَلْنَا مَعَهُمُ الْكِتَابَ وَالْمِيزَانَ لِيَقُومَ النَّاسُ بِالْقِسْطِ
«Биз Ўз пайғамбарларимизни ҳужжат (мўъжиза)лар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон (тарози) туширдик» («Ҳадид» сураси, 25-оят).
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло диннинг бино қилинишининг ўзида тангликни кўтариш ниятида бўлганини айтади:
وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ
«…ва динда сизларга бирор танглик (қийинчилик) қилмади» («Ҳаж» сураси, 78-оят).
Аллоҳ таоло таҳоратнинг фойдаси ҳақида шундай марҳамат қилади:
مَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيَجْعَلَ عَلَيْكُمْ مِنْ حَرَجٍ وَلَكِنْ يُرِيدُ لِيُطَهِّرَكُمْ وَلِيُتِمَّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
«Аллоҳ сизларга бирор қийинчилик (пайдо) қилишни раво кўрмайди, аксинча, сизларни поклаш ва неъмат(лар)ини сизларга мукаммал беришни хоҳлайди, зора шукр қилсангизлар» («Моида» сураси, 6-оят).
Демак, «Намоз ўқисанг таҳорат қил», «Қуръон ўқисанг таҳорат қил», «Фалон нарсага таҳорат қил», деган буйруқлар «одамлар бир қийналсин», деган мақсадда эмас. Одамлар покиза юрсин, Аллоҳнинг неъмати уларга тўлиқ бўлсин, деган мақсадда қилинган. Яна пок юришнинг инсонга кўплаб фойдалари бор.
Аллоҳ таоло намоз ҳақида бундай марҳамат қилади:
إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ
«Албатта, намоз фаҳш ва ёмонликдан қайтарур!» («Анкабут» сураси, 45-оят).
Инсонларни намоз ўқишга амр қилишдан мурод уларни эрта тонгда уйғотиш, ёки уларни вақтларини олиш эмас. Балки намоз уларни ҳар қандай фаҳш ва мункардан қайтариши мақсад қилинган. Қаерда Аллоҳ таолонинг ана шу буйруғи зоэ қилинса, фаҳш ишлар, турли гуноҳлар юзага чиқа бошлайди.
Шунингдек, Аллоҳ рўза ҳақида бундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
«Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди» («Бақара» сураси, 183-оят).
Бандаларни Рамазон рўзасини тутишга буюрар экан, уларни очлик чанқоқлик билан машаққатга солишни ирода қилинмаган. Балки, уларнинг Аллоҳ таолонинг олдидаги энг ҳурматли банда бўлиш мақомига эришишларини мақсад қилган.
Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборишдаги мақсад тузатиш эканини баён этган:
وَمَا أُرِيدُ أَنْ أُخَالِفَكُمْ إِلَى مَا أَنْهَاكُمْ عَنْهُ إِنْ أُرِيدُ إِلَّا الْإِصْلَاحَ مَا اسْتَطَعْتُ وَمَا تَوْفِيقِي إِلَّا بِاللَّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَإِلَيْهِ أُنِيبُ
«Мен сизларга мухолифлик қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман. Ислоҳдан ўзга ҳеч нарсани имконим борича хоҳламасман. (Бунга) муваффақ қилиш эса Аллоҳнинг ихтиёридадир. Унга таввакул этдим ва Унга инобат қилдим (ихтиёримни топширдим)» («Ҳуд» сураси, 88-оят).
Яна Аллоҳ таоло закот ҳақида шундай марҳамат қилади:
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا
«Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг…» («Тавба», 103-оят).
Аллоҳ таоло мол-давлатни Ўзи ато этиб, ундан закот беришни буюрди. Бу ҳам банданинг манфаати учун. Инсон Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариб закотни адо этар экан, у мол-дунёнинг қули эмас, балки мол-дунё унинг қули эканини исбот қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсон илоҳий шариатга комил суратда амал қилар экан, ўзига ва бошқаларга фойдаларни жалб қилади ва зарарларни кетказади. Бу ўринда кўплаб ояти карималар мавжуд. Шаръий ҳукмлардан нафақат инсониятга балки, барча оламларга етадиган манфаатларнинг кўламини фақат Аллоҳ таоло билгувчи. Аллоҳ таоло бу оятларнинг ҳар бирида муайян бир ҳукм ёки муайян бир ҳолатдаги ҳикматга ишора қилган. Аллоҳ таоло бирон бир шаръий ҳукмни беҳуда ва ҳикматсиз қилмаган. Балки, уларнинг ҳар бирида ўзига хос ҳикмат ва бандалар учун манфаат бор. Баъзиларини инсон ақли ва фаҳм-фаросати англаб етса, баъзиларидан ожиз қолади. Инсон Аллоҳ таолонинг ҳар бир ҳукмидаги ҳикматни билса ҳам, билмаса ҳам сўзсиз бўйсуниб амал қилса, фақат ютуққа эришади.
Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти матбуот котиби