Яратилиш санаси 29.01.2025

Аллома Анваршоҳ Кашмирий роҳимаҳуллоҳ ҳақларида уламоларнинг фикрлари

Шайхул Ҳинд номи ила машҳур бўлган олим, муҳаддис Маҳмуд Ҳасан Девбандий роҳимаҳуллоҳ (в.1920) Аллома Кашмирийга берган ижозасида қуйидагиларни ёзган: “Аллоҳ таоло унга илм ва амал, сийрат ва сурат гўзаллиги, вараъ ва тақво, ўткир фаҳм ва юксак заковат насиб этган.[1]

Устозининг баъзи вақтларда баъзи масалаларда ўтган уламоларни қарашлари борасида саволлар сўрагани, Ҳижозга кетаётган вақтида ўзини ўрнига бошмударрис ўлароқ қолдиргани унинг илмига тақдирлаганини далолатидир.

Девбанд мудири бўлган Аллома Кашмирий ҳақида Ҳабибур Роҳман Усмоний: «У ишончли, вараъ ва тақво соҳиби, ҳофиз, ҳужжат, муфассир, муҳаддис, ақлий ва нақлий илмларда етук ва муғлақ масалаларни таҳқиқ қилиш иқтидорига соҳиб олимдир.» — деган[2].

Муҳаммад Зоҳид Кавсарий роҳимаҳуллоҳ (в.1952) Аллома Кавсарийнинг илмий қобилиятига ҳайрон эканини шундай ифодалаган: «Ҳадислаэрда келган нодир масалаларни юзага олиб чиқиш хусусида Ибнул Ҳумомдан кейин унга ўхшаши йўқдир.»[3] 

\Яна Кавсарий роҳимаҳуллоҳ «Таънибул-Хатиб» номли асарида уни қуйидаги васфлар ила мадҳ этган эди: «Аллома, ҳибр (олим), баҳр (илм денгизи): Анваршоҳ Кашмирий.»[4]

Ўн йил Аллома Кашмирийга шогирд бўлган Ал-Миртаҳий устози ҳақида шундай ифодаларни баён қилган: «Аллома Кашмирийни кўрсангиз ҳадисларни ҳифзи борасида Имом Заҳабийга, ҳадисларни зобти (иснодини текшириш) ва саҳиҳлигида Ҳофиз ибн Ҳажарга, шеър мавзусида Баҳтарийга ўхшаган; масалаларга нозик ёндашувда Ҳофиз Ибн Дақиқ билан рақобат қила оладиган зотни кўрар эдингиз.»

Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда: Ислом оламининг йигирманчи юз йилида яшаган олти нафар буюк фақиҳни зикр қилган «Тарожимус Ситта» номли асарида илк ўринга Аллома Кашмирийни қўйгани Аллома Кашмирийни фиқҳ илмида нечоғлик эканини намоён қилади. 

Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда, Аллома Кашмирийнинг ҳаётини ёзар экан, унинг илмий салоҳиятига диққатни тортиш учун қуйидаги ифодаларни қўллаган: «Асрининг имоми, муҳаддис, муфассир, усулул фиқҳ олими, фақиҳ, мутакаллим, мутасаввиф, шоир, луғатшунос, мунаққид (асарларни илмий танқид этувчи) ва муҳаққиқ Анваршоҳ Кашмирий.» 

Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда, Кашмирийга тегишли бу мадҳларни зикр қилганидан сўнгра, ушбу мадҳлар жуда юқори экани ҳақида танқидлар содир бўлишини ўйлаб, яна шундай деган: «Бу ифодалар Аллома Кашмирий ҳақида муболаға эмас, билакс, Аллома Кашмирийда топилган васфлардир. Илмининг нақадар етук эканини унинг китобларини мутолаа қилган барча тан олади.»[5]

[1] Муҳаммад Юсуф ал-Баннури, Нафҳатул Анбар фий ҳаяти Имамил Аср аш-Шайхул Анвар, ал-Мажлисул Илми, Карачи - 1969, Б. 224.

[2] Баннурий, Нафҳатул Анбар, 231

[3] Баннурий, Нафҳатул Анбар, 304

[4] Кавсарий, Таънибул Хатиб, 166

[5] Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда, Тарожимус Ситта мин Фуқаҳоил-оламил-исламийя, Мактабатул-Матбуот ал-Исламийя, Ҳалаб, 1997, 13

Маҳмудов Калимуллоҳ

таълим муассасаси ўқитувчиси