
Намозда қуръон ўқиш фазилати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан сўрадилар:
Биронтангиз оиласи олдига борганида ўркачлари катта-катта учта ҳомиладор туяни кўришни истайдими? – Ҳа.
Сизлардан бирон киши намозда учта оят ўқиши ўркачлари катта учта ҳомиладор туядан яхшироқдир[1].
Бу ривоятда айтилишича, намозда ўқилган ҳар бир оят учун банда номаи аъмолига битта катта ҳомиладор туя садақа қилганлик савоби ёзилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида ўркачлари катта-катта ҳомиладор туянинг қадри жуда баланд бўлган. Ҳозирги давр билан таққослаганда битта замонавий енгил машина қийматига тенг келган.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Намозда Қуръон ўқиш – намоздан ташқаридаги қироатдан афзал. Намоздан ташқаридаги қироат – такбир ҳамда тасбеҳдан афзал. Тасбеҳ садақадан, садақа эса рўзадан афзал. Рўза жаҳаннамдан (тўсувчи) қалқондир[2]”.
Шу ерда муҳим бир нарсани эслатиб ўтамиз: банда намозда Қуръондан қанча кўп ўқиса, шунча яхши. Бир ўзи намоз ўқиганда шундай қилса бўлади. Масалан, уйда нафл намоз ўқиётганда хоҳлаганча узун сураларни тиловат қилаверади. Лекин жамоатга имом бўлган одам, “Ҳадисда шундай дейилган экан”, деб қироатни ҳаддан ташқари чўзиб юбориши тўғри эмас. Имом сафда турган кексалар, заифлар, узрли кишиларни ҳисобга олиши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ким тунда 100 оят билан намоз ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким кечаси 200 оят билан намоз ўқиса, дуо-илтижо қилувчи ихлослилардан деб ёзилади[3]”.
Иложи борича кўпроқ Қуръон ўқилса, ўқиганда ҳам намозда тиловат қилинса, савоби зиёда бўлади, устимизга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Кечаси Қуръон ўқиган одам ғофиллар қаторидан чиқади, ихлослилар сафидан жой олади.
[1] Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. “Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол”. – Байрут.:Муассасатур рисолат, 1989.
[2] Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Абу Бакр Байҳақий. “Шуабул имон”, 7 жуз. – Байрут.:Дорул кутубил илмия, 1410 ҳ.
[3] Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма Суламий Найсобурий. “Саҳиҳу ибни хузайма”, 4 жуз. – Байрут.:Ал-мактабул исломий, 1970.
Ахунжанов Қобилхон
таълим муассасаси ўқитувчиси