Яратилиш санаси 09.10.2021

АҲЛИ ҚИБЛАДАН БИРОРТАСИНИ КОФИРГА ЧИҚАРМАДИК

Абу Ҳанифа (роҳимаҳуллоҳ) «Ал-Фиқҳул акбар» китобида шундай дейди: 

وَلَا نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَإِنْ كَانَتْ كَبِيرَةً إِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا، وَلَا نُزِيلُ عَنْهُ اسْمَ الْإِيمَانِ، وَنُسَمِّيهِ مُؤْمِنًا حَقِيقَةً، وَيَجُوزُ أَنْ يَكُونَ مُؤْمِنًا فَاسِقًا غَيْرَ كَافِرٍ 

«Биз бирорта мусулмонни, бирор гуноҳ сабабли, гарчи у кабира бўлса ҳам, модомики ўша гуноҳни ҳалол ҳисобламас экан, кофир демаймиз. Ва ундан иймон исмини олиб ташламаймиз. Балки уни ҳақиқатан мўмин деб атаймиз. Киши кофир эмас, балки фосиқ мўмин бўлиши мумкиндир». 

Бу матн шарҳида Али Қори айтади: «Имом Абу Ҳанифа бу сўзларни қибла аҳлини, гарчи у аҳли бидъат бўлса ҳам кофирга ҳукм қилиш мумкин эмаслигини билдириб қўйиш ниятида келтирганлар». 

Али Қори имом Абу Ҳанифанинг «Аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармадик» деган сўзларини ҳам нақл қилган.

 Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтардилар: «Бир нарсани вожиб ёки ҳаром дейиш, бировга савоб ёки азоб бериш, бировни кофир ёки фосиқ деб ҳукм қилиш Аллоҳнинг ишидир! Бу бизнинг ишимиз эмас. Биз фақат Аллоҳ ва унинг Расули харом деганни «ҳаром» деймиз, ҳалол деганини «ҳалол» деймиз».

Абдураҳманов Мухаммад

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими