Ҳизбийларнинг даватчиси бўлмиш Маҳмуд Абдулмўминнинг «светафор чироқларининг қизиладами, яшилдами ўтишлик гуноҳ эмас» деб фатво бериши тўғрими?
Исломда йўл ҳаракат қоидаларига риоя қилишда, ахлоқий, маънавий, руҳий жиҳатларга эътибор беришимиз керак.
Йўл юрувчи одам аввало ўз Яратувчиси Робб таолога нисбатан ўзини қандай тутиши лозимлигини ўйлайди ва йўл ҳаракати қоидалари ва одоб-аҳкомларига амал қилишда Аллоҳ таолонинг кўриб турганини ҳис этишга ҳаракат қилади. Бошқаларнинг ҳақларига риоя қилишда ҳам иймону ихлос билан ҳаракат қилади.
Йўл ҳаракати қоидалари умумий манфаатларни, инсон ҳаётининг эминлигини таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айни шу.
Бугунги кунда ҳукуматлар томонидан жорий қилинган йўл ҳаракати қоидалари билан танишар эканмиз, уларнинг бир қанча фиқҳий қоидаларга, жумладан, «зарарни бартараф этиш ва фойдани жалб қилиш», «зарар келтириш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ», «жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан муқаддам туради» каби шаръий қоидаларнинг асосларига таянганини кўрамиз. Ушбу зарар ва манфаатлар жонга бўладими, молга бўладими, фарқи йўқ.
Бу борда асосий далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бўлиб, у Ислом фиқҳида энг машҳур шаръий асослардан бирига айланган: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ». Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши аввало, ўзининг жону молини қолаверса бошқаларни ҳам хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида қатъий ҳаромдир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Ўзингизни ҳалокатга ташламанг». (Бақара: 195).
Мана шу маънолардан келиб чиқиб, уламоларимиз йўл ҳаракати қоидалари, Ислом шариатининг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайдилар ва уларга амал қилишни шариат эътиборидан вожиб дейдилар. Зеро, бу қоидалар инсоннинг жони ва молини муҳофаза этиши эътиборидан, Ислом шариати қоидаларини татбиқ этишнинг бир бўлаги ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, барча ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдалар масъул томонлар тарафидан жорий қилинган йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари, уларга хилоф иш тутмасликлари вожиб. Зотан, бу қоидаларга хилоф қилиш йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликгина эмас, балки вожибни тарк қилганлик, мусулмонларга зарар келтириш, одамларнинг ҳаётини таҳликага қўйиш жиҳатидан улкан гуноҳ ҳамдир.
Муҳаммад Абдураҳманов