Яратилиш санаси 30.06.2025

Масжиди набавийнинг фазилатлари

Масжиди набавий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари жуда кўпфазилатларга эгалиги билан ажралиб туради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Биринчи кундан тақвога асосланган масжид туришингга лойиқроқдир», деган. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «У қайси масжид?» деб сўрашди. Узот: «Менинг мана шу масжидим», дедилар.

Зайд ибн Собит, Ибн Умар, Саъид ибнМусаййиб, Молик ибнАнас ва бошқалар оятдаги «масжид»дан Масжиди набавий ирода қилинган деган фикрда бўлишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «У Қубо масжидидир», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга асос солганлар ва Мадинага кириб келган пайтларида душанбадан жума кунигача унда намоз ўқиганлар. Бу қавл оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги қиссага тўғри келади. Уни имом Бухорий «Тарих» номли китобида келтирган. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Саломдан келтирилган қуйидаги ривоят ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақво асосида қурилган масжид – Қубо масжидига келганларида: «Аллоҳ таоло сизларни покиза кишилар деб мақтади. Бунинг сабабини менга айтмайсизларми?» дедилар. Улар:«Ё Расулуллоҳ! Тавротда бизҳақимизда сув билан истинжо қилиш ёзилганини билардик. Ҳозир шунга амал қилмоқдамиз», дедилар.

Имом Термизий ваАбу Довуд «Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор» ояти Қубо аҳли ҳақида нозил бўлган, деб келтиришган. Ибн Можанинг ривоятида ҳам худди шунга ўхшаш маъно мавжуд. Мазкур ривоятларни қуйидагича жамлаш мумкин: «Тақвога асосланган масжид деганда шундай сифатга эгаҳар бир масжид ирода қилинади. Қубо аҳли ҳақида зикр қилинган сўзлар Масжиди набавий аҳлига ҳамтўғри келади».

Масжиди набавийнинг фазилати ҳақидаги баъзи ҳадислар билан танишиб чиқамиз.

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта масжиддан бошқасига уловда сафар қилиб борилмайди: Масжиди Ҳаром, менинг бу Масжидим ва Масжидул Ақсо», дедилар. Бууч масжид учун атайлаб, тайёргарлик кўриб, сафар қилиб борилади. Қолган масжидлар мартаба вафазилатда баробардир. 

Масжиди набавий вабошқа масжидларга кирганда қуйидаги дуони ўқиб кириш суннатдир. Имом Абу Довуд келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибнАмр розияллоҳу анҳумо айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирсалар: «Буюк Аллоҳ, Унинг карамли зоти, азалий ҳукмронлиги билан қувилган шайтондан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Имом Бухорий ваНасоий ривоят қилишади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Масжиди набавийда баланд овозни эшитиб, унинг эгасини чақириб: «Кимлардансан?» дедилар. У: «Сақиф қабиласиданман», деди. Укиши: «Агар мана шу икки шаҳарнинг биридан бўлганингда адабингни бериб қўяр эдим. Бизнинг масжидимизда овозни кўтарилмайди», деди.

Муҳаммад ибн Маслама: «Масжиди набавийда қасддан овозини баланд кўтаришга, азият етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Уни номуносиб ишлардан пок тутиши лозим», деганлар.

Уламоларнинг барчаси қолган масжидларнинг ҳукми ҳам Масжиди набавийнинг ҳукми билан бир хил эканига иттифоқ қилганлар, чунки ҳамма масжидларда одобга риоя этиш мўмин-мусулмонларнинг бурчидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг бу масжидимдаги битта намоз Масжидул Ҳаромдан ташқари бошқа масжидларда ўқилган мингта (нафл) намоздан яхшироқдир», деганлар.

Макка ва Куфа аҳли, Ато ибнАбу Рабоҳ, Ибн Ваҳб, имом АбуҲанифа, имом Шофеъий, имом Аҳмад, моликийлар  Ибн Ҳабиб, Суфён Саврий, Ҳаммод, Алқама раҳматуллоҳи алайҳм юқоридаги ҳадисга ва Расули акрам алайҳиссаломнинг Макка ҳақидаги: «Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг Аллоҳга энг яхши ерисан. Агар сендан чиқарилмаганимда чиқмаган бўлардим», деган ҳадисларига асосан Маккаи мукаррамани Мадинаи мунавварадан афзал дейишган.

Бундан ташқари, имом Аҳмад Абдуллоҳ ибнЗубайрдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам: «Менинг бу Масжидимда ўқилган битта намоз Масжидул Ҳаромдан ташқари бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаромда ўқилган битта намоз менинг бу Масжидимда ўқилган юзта намоздан афзалдир», деганлар. Бу ҳадисда ҳаммаси очиқ-равшан келмоқда. Демак, Масжидул Ҳаромда ўқилган битта намознинг савоби бошқа масжидларда ўқилганидан юзминг марта ортиқроқ.

Шуни яхши билиб олиш керакки, бу қазо намозларга тегишли гапэмас. Масалан, бир кишининг зиммасида иккита қазо намози бор. Масжидул Ҳаромда ёки Масжиди набавийда ёхуд Масжидул Ақсода битта намоз ўқиб қўйса, иккитанинг ўрнига ўтмайди. Бу масалада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Баъзи илмсиз одамлар ҳадиси шарифлар маъносини тўғри англамай, хато тушунчада юрмасинлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларининг ўрни шак-шубҳасиз, ҳеч қандай ихтилофсиз ернинг энг афзал жойидир.

قَالَ: لاَ تُشَدُّ الرِّحَالُ إِلاَّ إِلَى ثَلاَثَةِ مَسَاجِدَ: مَسْجِدِي هَذَا وَمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَمَسْجِدِ 

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади: менинг ушбу масжидимга, Масжидул ҳаромга ва Масжидул Ақсога», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: «Кўч боғлаб бориш» дегани Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун тайёргарлик кўриб, кўч-кўронини олиб сафар қилиш тушунилади.

Демак, зиёратидан савоб умид қилиб, алоҳида ният билан сафар қилиш мумкин бўлган масжид учта экан. Улар: Мадинаи мунавварадаги пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари;

Маккаи мукаррамадаги Масжидул ҳаром;

Қуддус шарифдаги Масжидул Ақсо. 

Бу нарса мазкур уч масжиднинг фазли нақадар юксак эканини кўрсатади. Шу билан бирга, у бош­қа жойлардаги масжидларга кўч боғлаб бориш йўқлигини ҳам билдиради.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирги кунимизда, яъни, ўн бешинчи ҳижрий асрнинг бошида Масжидул ҳаром ва Масжидул Набавийга мусулмонларнинг кўч боғлаб боришлари, улардаги файзу баракотлардан баҳраманд бўлишлари яхши йўлга қўйилган. Афсуски, Масжидул Ақсо ҳақида бундоқ дея олмаймиз.

قَالَ: مَا بَيْنَ بَيْتِي وَمِنْبَرِي رَوْضَةٌ مِنْ رِيَاضِ الْجَنَّةِ وَمِنْبَرِي عَلَى حَوْضِي.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйим билан минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор. Минбарим эса, ҳовузимнинг тепасидадир», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги маълум жойнинг, ўша жой орқали бутун масжиднинг фазли ҳақида сўз бормоқда.

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари масжидларига ёпишган бўлган. ҳужраи саодатдан оёқ қўйиб масжидга чиқилган. 

Ҳозирги вақтда ҳам буни яққол сезиш мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳужраларига дафн қилинганлар, қабрлари масжиднинг бир томонида – ҳужраи саодатда жойлашган. Ана ўша жойдан маълум масофага минбарлари ўрнатилган. Уйлари билан минбарлари орасига ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифнинг матни ёзиб ҳам қўйилган. Ана ўша оралиқ масофа равзаи шариф дейилади. Бу маъно ушбу ҳадисдан олинган бўлиб, жаннат боғларидан бир боғ, деганидир. 

Ўша маконнинг жаннат боғларидан бир боғ бўлиши маъносига келсак, уламоларимиз бир неча хил фикрлар айтганлар. 

Баъзилар Пайғамбаримиз масжидларининг равза деб аталмиш қисми жаннатдан келтирилган, деганлар.

Бошқалар эса равзада намоз ўқиган одамни жаннатга эриштириши учун шундоқ дейилган, деб таъвил қиладилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Минбарим ҳовузимнинг тепасидадир» деганларида гап қиёматдаги ҳовузлари ҳақида бораётганига ишорадир. Бу ҳовуз ҳақида баъзи маълумотлар олдинги китоб­ларда ўтди. Қолгани эса, қиёмат ҳақидаги ҳадисларда келади. 

Ҳозир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарларининг, бинобарин, масжидларининг ўша ҳовузга алоқаси борлигини билиш билан кифояланиб турсак бўлди. 

Бу эса ўз навбатида Масжидун Набавийнинг фазлини янада орттиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло имкон бериб, Мадинаи мунаввара зиё­ратига мушарраф бўлган кишилар равзада, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари билан минбарлари орасида намоз ўқишга, зикру дуо қилишга астойдил ҳаракат қилишлари лозимлигини тушуниб етмоғимиз керак. Ўшандоқ фурсат берилганда фойдаланиб қолмоғимиз зарур.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг ушбу масжидимдаги намоз ундан бош­қалардаги мингта намоздан афзалдир. Фақат Масжидул ҳаром бундан мустасно», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Мен анбиёларнинг охиргисиман, масжидим масжидларнинг охиргисидир», деганлари зиёда қилинган. 

Ибн Можа: «Масжидул ҳаромдаги намоз ундан бошқадаги юз минг намоздан афзалдир» деган жумлани зиёда қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Масжидул ҳаром ва Масжидун Набавийларнинг бошқа масжидлардан афзаллик даражаси баён қилинмоқда.

1. Маккаи мукаррамада жойлашган «Масжидул ҳаром»даги бир намоз бошқа масжидлардаги юз мингта намозга тенг экани. 

Бу эса, муборак масжид яқинида яшаётганларга ва уни зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлганларга улкан масъулият юклайди. Ўзларига берилган имкониятдан тўла фойдаланишга ундайди. Бошқаларга ҳам ўша масжидни зиёрат қилишга, унда намоз ўқишга ҳаракат қилишга чақиради.

2. Мадинаи мунавварада жойлашган Масжидун Набавийдаги бир намоз бошқа масжидлардаги намоздан минг марта афзал экани. Албатта, ҳадиси шарифда айтилганидек, Масжидул ҳаром бундан мустасно. 

У муборак масжиддаги намоз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги намоздан ҳам юз марта афзал. 

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари афзалликда Байтуллоҳдан ке­йин иккинчи ўринда туради. 

Шунинг учун бу муборак масжидни зиёрат қилиш имконига эга бўлган одам ҳам ўзига берилган имкониятдан тўла фойдаланишга уринмоғи лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир ривоятда: 

«Мен анбиёларнинг охиргисиман, масжидим масжидларнинг охиргисидир», деганларининг маъноси мендан кейин пайғамбар келмайди, менинг масжидимдан кейин бунга ўхшаш фазилатли масжид бўлмайди, деганларидир.

Шу ерда Масжидул Ақсонинг афзаллик даражаси ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтмоғимиз лозим. 

Юқорида зикр этилган маълумотлардан Масжидул Ақсо тарих жиҳатидан Масжидул ҳаромдан кейин ва Масжидун Набавийдан олдин барпо бўлганини билиб оламиз. 

Афзаллик жиҳатидан эса, Масжидул ҳаром ва Масжидун Набавийдан кейин учинчи ўринда туради. 

Шунинг учун ҳам бу муборак масжидни икки қибланинг биринчиси, икки ҳарамнинг учинчиси, деб васф қилинади. 

Бу маънони Имом Байҳақий ривоят қилган қуйи-да­ги ҳадиси шарифдан яна ҳам аниқроқ билиб оламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидул ҳаромдаги намоз юз минг намоздир. Менинг масжидимдагиси минг намоздир. Байтул Мақдисдагиси беш юз намоздир», деганлар.

Усманов Абдусамад

таълим муассасаси ўқитувчиси