Яратилиш санаси 29.06.2025

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг фазллари

Азизлар, келажак сатрлардан Аллоҳ таолонинг ёрдами ила улуғ ҳаётларини ўрганадиган саҳобий розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Баро ибн Молик ибн Назр ал-Ансорий, ан-Нажжорий ал-Маданийдир. У киши машҳур саҳобий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ота бир- она бир акаларидир.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оталари Молик мушрик Ҳолида иймонга келмай ўлиб кетган. У кишининг оналари машҳур саҳобия Умму Сулайм. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ўгай оталари Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг тарбияларини олдилар.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло паҳлавонлик, чавондозлик ва жангчилик сифатларини берган эди. Шунинг учун ҳам Исломни қабул қилган кунларидан бошлаб ўзларини мазкур сифатларини сайқаллаб, улар ила Исломга хизмат қилишга ҳозирлана бошладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайтларида Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ўта ёш бўлганларидан бошқа баҳодир катта саҳобалар соясида унча яққол кўзга ташланмаган бўлишлари эҳтимол. Аммо Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг қаҳрамонликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги юришларда тилларда достон бўлди.

Биринчи халифа ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ҳаммага маълум Ридда урушлари бошланди. Исломдан қайтиб, муртад бўлган араб қабилалари билан ҳаёт-мамот жанглари бўлди. Ана ўша жангларда Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг жангчилик сифатлари ўзининг бутун қомати ила майдонга чиқди.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ўз даврларида кўп қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтган баҳодир шахс эдилар. У кишининг жасоратларига ҳамма тан берар эди.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу иштирок этган жангларда у кишининг укалари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ҳам иштирок этар эдилар. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу жангларнинг бирида укалари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни ўлимдан сақлаб қолганлари тилларда достон бўлиб кетган эди. Аслида воқеа бундоқ бўлган эди.

Мусулмонлар душман қўрғонини қамал қилган эдилар. Мужоҳидлар ичида Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳулар ҳам бор эдилар. Душман юқоридан қизитилган занжир сиртмоқ ташлаб одамларни илинтириб ўзларига тортиб олар эди. 

Иттифоқо, ўша сиртмоқлардан бирига Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу илиниб қоладилар. Душман аскарлари у кишини ўзлари томон торта бошлайдилар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бор имконларини ишга солиб, жон-жаҳдлари билан сиртмоқдан чиқишга интиладилар. Лекин имкони бўлмайди. Душманлар у кишини аста-секин ўзлари томон тортиб бораверадилар.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳуга укалари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг душманнинг қизитилган занжир сиртмоғига тушиб қолгани ҳақидаги хабар етиб боради. У киши елдек учиб етиб келадилар. Қарасалар, укалари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ҳоллари чатоқ. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу сакраб деворга чиқадилар ва қизитилган занжирни ушлаб ўзлари томон торта бошлайдилар. Икки томон тортишмачоқни анча вақтгача давом эттирадилар. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг қўллари куйиб борар эди. Аммо у киши қизиган занжирни қўйиб юборишни хаёлларига ҳам келтирмас эдилар. Занжирни қўйиб юбориш у киши учун жонажон укаларини ўлимга топшириш билан баробар эди.

Бу ҳаёт-мамот тортишуви охири занжирнинг узилиб кетиши ва Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг озод бўлишлари билан тугади. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу нафасларини ростлаб, қўлларига қарасалар, эти битта қолмай куйиб суяги чиқиб қолибди.

Муҳиддинов Музаффар

таълим муассасаси ўқитувчиси