Тасаввуфда мақомот тушунчаси
Тасаввуфда мақомот ва ҳол тушунчалари муҳим ўрин тутади. «Мақомот» - мақом (манзил, бекат) сўзининг кўплиги бўлиб, соликнинг руҳий-маънавий камолоти босқичларини англатади.
Абу Наср Саррож тасаввуфнинг қуйидаги мақомларини қайд этган: тавба, вараъ, зуҳд, фақр, сабр, хавф, ражо, таваккул, ризо.
Тавба — қайтиш демак, яъни камолотга, олий ахлоқий сифатларга қайтиш. Тавбани боб ул-абвоб — эшикларнинг эшиги ҳам дейдилар, чунки тариқатга қадам қўйган одамнинг нияти ва моҳияти аввало шу тавбасида аёнлашади. Тавбанинг ҳақиқати шуки, солик Худога етишиш йўлида fob бўладиган жамики нарсалардан юз ўгиришга қасамёд этади, бутун интилиши, таважжуҳини Аллоҳга қаратади, аввалги ҳаёт тарзидан бутунлай воз кечади. Тавба куфрдан қайтиш, шариат манъ этган наҳй ва ёмон ишлардан қайтиш, замима ахлоқдан ҳамида ахлоққа қайтиш, Хдқнинг ғайри бўлган нарсалардан қайтиш кабиларни ўз ичига олади. Тавбанинг моҳияти ўз нуқсонларини кўра билиш, ўзининг аҳволини англаш, қабиҳ ишлар, қабиҳ феъл ва қабиҳ фикрдан қайтиш, дунёнинг маънисизлиги, арзимаслигини англаб, зулму адолатсизликдан қайтишни ҳам билдиради. Қўрқув тавбаси, яъни гуноҳга иқрор бўлиш — оддий одамларга хос. Сўфийлар тавбаси эса қалб истижоби, яъни истижобат— узилиш, ўзгариш тавбасидир.
Вараъ — сўзининг маъноси парҳез, тақво бўлиб, булғанишлардан, маънавий зарар келтирадиган шубҳалардан сақланиш демакдир. Шиблийнинг кўрсатишича, вараънинг уч кўриниши бор: тил вараъи, яъни тилни бемаъни гаплар учун ишлатмаслик, ғийбат-туҳматга берилмаслик; кўз вараъи — шубҳали нарсалардан сақланиш, ғализ шаклларга боқмаслик; қалб вараъи, яъни паст ҳимматни тарк этиш ва нохуш қилиқларни қилмаслик. Кўнгил ман этган жамики нарсалардан парҳез қилиш, тамаъдан сақланиш, маҳрумликдан қўрқишдан ҳазар қилиш. Хуллас, тилга, кўзга, қулоққа ва оёққа банд солиш.
Зухд — вараънинг давоми ҳисобланади, бу ҳам парҳез, ҳазар қилиш демакдир. Аммо бунда таом ва ичимликдан сақланиш, ҳалол ва ҳаромни ажратишга алоҳида аҳамият берилади. Зуҳд сўфий учун дунё ва охират тарки, дунё молига эга бўламан, деб интилмасликдир. (Хадис: Кимки дунёдан парҳез этса, унинг қалби тажаллиёт нури кирадиган жойга айланади). Жунайд Бағдодий сўзи: «Зухд — қўлни мулкдан холи тутиш, дилни эса Ҳақдан ўзга ҳар нарсадан пок сақлаш демак». Ғаззолий дейди: «Зуҳд дунёдан ихтиёрий равишда воз кечиш ва бунинг учун қайғурмасликдир».
Фақр — маъноси қашшоқлик, бенаволик. Сўфийлар наздида улуғвор илоҳий моҳият касб этиш бўлиб, Худога бандаликни сидқидилдан олий даражада бажо келтириш, бандаликдан шараф топиш, ниёзмандлик ва талабгорликда йўлдаги
тупроқ мисол ному нишонсиз бўлиш, Илоҳ наздида ўзини зарра, балки заррадан ҳам кам, деб ҳисоблаш. Ва шу мартабада комиллик рутбасини қозониш ҳам. Барча нарсалар, оламу одам Аллоҳга тегишли, инсоннинг вужуди ҳам ўзиники эмас, чунки у ҳам Яратганнинг мулкидир. Фақрни ана шундай мазмунда англаган одам тасаввуф моҳиятига ҳам етиб боради.
Сабр — тоқат, чидам. Сўфийлар тилида қийинчиликлардан шикоят қилмаслик, айниқса, Худодан бошқага нола-илтижо қилмаслик. Сабр этувчи (собир) ўзини бало гирдобига солиб, балолардан қўрқмайдиган одамдир. "Сабр кушойиш учун интизорликлар" (Саҳл Тустарий), яъни руҳий-маънавий мушкулликлар юз берганда, сабр қилган солик кушойиш топади, янги манзилларни кашф этади. Сабр — имоннинг ярми дейдилар, чунки сўфийнинг душмани бўлган нафс сабр орқали жиловланади, тоатдан ҳаловат топиш ҳам сабр билан бўлади.
Хавф — қалбнииг ишончдан, имон аминидан чиқиши, иккиланиш, таҳлика. Вақтинчалик шайтон найранги ҳам кўнгилга хавф-қўрқув солади. Солик азобдан эмас, балки макрдан, нафс макридан қўрқади. Ваҳоланки, шайтон имони мустаҳкам одамдан қўрқиши керак.
Ражо — умидворлик. Қалбнипг келажакда маҳбуб васлига етишидан умидворлиги, хавфдан қутулиш умиди. Дилнинг соғинчи, интиқликлари ҳам шунга киради.
Таваккул — барча яхши-ёмон ҳодисалар, ишларни Худодан деб билиш, куллан Парвардигорга суяниш. Таваккул илоҳий файзга эътимодли кишининг имонидир. Бу маърифат камолидан келадиган олий мақомдаги имондир. Барча ҳолларда ва амалларда Аллоҳга суяниш, ўзини бир фаолият асбоби ҳисоблаш, барчани Худога топшириб, Худодан ўзга нарсалар ҳам Худодан эканига чуқур ишониш. Инсон жуда кўп нарсаларни қила олади, аммо бу ҳаракатларнинг бари Улуғ Тангри қудрати туфайли, қудратининг намоён бўлиши эканини англаш шарт. Худонинг иродаси бизнинг иродамизга ҳоким. «Таваккул — имон ҳақиқатидир» (Кошоний).
Ризо — қалбдан қабоҳатва кирларнинг кетиши, қазову қадар ҳукмига бўйсуниш, нафс розилигидан чиқиб, Ҳақ розилигига киришдир. Қазо амрига таслим бўлган қалбнинг сурури. Лоҳижий: Ризо — банданинг ўз ризосидан чиқиб, Маҳбуб ризосига кириши, илоҳий қисматта зарра эътироз қилмаслигидир. Соликда ушбу мақомда ҳеч нарсадан ғазаб, ҳаяжон, гина-кудурат ва хафаланиш бўлмайди.
Маҳмудов Калимуллоҳ,
таълим муассасаси ўқитувчиси