
ТАСАВВУФНИНГ ВАЗИФАЛАРИ
Муҳаққиқ уламолар тасаввуфни ботиний, яъни, ички фиқҳ дейдилар.
Бундан фиқҳ икки қисмга: зоҳирий – ташқи ва ботиний – ичкига бўлиниши келиб чиқади.
Уламоларимиз шариат илмларини зоҳирий фиқҳ деб атайдилар, ёки шундай фиқҳ илми дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради.
Мисол учун таҳорат, ғусл, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларнинг зоҳирий масалаларини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида зоҳирий фиқҳ илми–шариат баён қилиб беради.
Худди ўша ибодатларни адо этиш жараёнида қалбни қандоқ тутиш керак, хушуъ ва хузуъни қандай адо этиш лозимлигини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида ботиний фиқҳ илми–тариқат баён қилиб беради.
Яна ҳам тушунарли бўлиши учун мисоллар келтирайлик. Таҳоратнинг фарзи, суннати ва мустаҳаблари нималар эканлигини, бу ибодатни адо этиш чоғида турли аъзоларни қандоқ тутиш ва ювилиши лозим бўлган аъзоларни қанча ҳамда қандоқ ювиш кераклигини зоҳирий фиқҳ илми–шариат баён қилиб беради. Таҳоратдан таълим бераётган фақиҳ олим, қўлни яхшилаб уч марта ювилади, панжаларни бир-бирининг орасига киритиб таҳлил қилиш лозим. Юзни ювганда ундоқ қилиш керак. Оёқни ювганда бундай қилиш керак деб ташқи ҳукмларни баён қилиб беради.
Таҳоратдан таълим бераётган тасаввуф олими бу ибодатни қилишни бошлаганда ва уни адо этиш жараёнида қалбни қандай тутишни ўргатади. Ҳар бир аъзони ювганда қалбдан нималар ўтиши кераклигини майдалаб баён қилади.
Намоз неча вақт фарз, вожиб ёки суннат. Бомдоднинг неча ракъати фарзу, неча ракъати суннат. Намозда турганда, рукуъ ёки сажда қилганда гавдани қандоқ тутмоқ лозим. Қаъдада ўтирганда гавда, қўл ва оёқлар қай шаклда бўлиши керак каби кўплаб масалаларни зоҳирий фиқҳ илми баён қилиб беради.
Намоздаги руҳий ҳолатни, қалбни тутишни, хушуъ ва хузуъни ҳамма – ҳаммасини ботиний фиқҳ илми баён қилади.
Тасаввуфнинг ақоид илмига ҳам яқиндан боғлиқлиги бор.
Маълумки, ақоид илми эътиқод масалаларини муолажа қилиб, одатда бу борадаги бош масалалар ҳақида баҳс юритиб, ҳар бир масала бўйича оят ва ҳадислардан далиллар келтиради. Аммо бу илм ҳис - туйғу, завқу шавқ, қалбий масалаларга аҳамият бермайди. Тасаввуф эса айнан шу масалаларга аҳамият беради.
Мисол учун ақоид илми Аллоҳ таоло эшитиш, кўриш, гапириш, қудрат, ҳаёт, илм каби сифатларга эга эканлиги ҳақида баҳс юритади. Аммо банда ўзини Аллоҳ таоло эшитиши ёки кўришини бутун вужуди билан қандоқ ҳис қилишини тасаввуф илми ўргатади.
Ақоид китобларида иймон ҳақида, куфр ва унинг турли кўринишлари ҳақида, шунингдек нифоқ ва унинг белгилари ҳақида баҳс юритилади.
Тасаввуф китобларида эса иймоннинг амалий равишдаги ҳақиқатга айлантириш йўллари, куфрдан четланиш ва нифоқдан қутулиш йўллари батафсил баён қилинади.
3. Тасаввуф Қуръон ва Суннат ҳақиқатига етиб, унга амал қилишни йўлга қўйишга ўргатади.
Албатта, оят ва ҳадисларни ўқиш бошқа, уқиш бошқа. Уларни уққандан кейин зоҳирий амал қилиш бошқа, бутун вужуди – жисми, қалби ва руҳи билан амал қилиш бошқа.
Тасаввуф айнан Қуръон ва Суннатда келган маъноларни тушуниш билан кифояланиб қолмай, уларнинг моҳиятини англаб етиш, уларга бутун вужуд ила амал қилишни йўлга қўйишни ўргатади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мужтаҳид уламоларимиз Қуръон ва Суннатдаги маъноларни бизларга тўғри тушунтириб берган бўлсалар, муҳаққиқ суфийларимиз ўша маъноларнинг руҳиятини англатиб берганлар.
4. Тасаввуф қалб, руҳ, ақл ва нафс каби маъноларни алоҳида эҳтимом ила тушунтиради ва уларнинг ҳар бирига мусулмон банда қандай муносабатда бўлиши зарурлигини баён қилиб, ўша баённи татбиқ қилинишини ҳам йўлга қўяди.
Тасаввуфнинг номларидан бири «руҳий тарбия» бўлгани ҳам шундан. Тасаввуфда қалб, руҳ, ақл ва нафс деб аталадиган маъноларни аниқ билиб олиш катта аҳамият касб этади. Бу нарсаларнинг ҳар бирининг ҳақиқатини англаб етиш ва уларни бир – биридан ажратиб олиш ҳам осон иш эмас.
Калимуллоҳ домла Маҳмудов,
таълим муассасаси ўқитувчиси