Яратилиш санаси 29.09.2025

Саловaт фазилати

الصلاة – сўзи луғатда дуо, илтижо ва намоз деган маънони ифода қилади. Шу маънодан келиб чиқиб махсус арконлар ва дуодан иборат бўлган ибодат намоз учун ҳам араб тилида الصلاة калимаси ишлатилади. Пайғамбаримизга йўлланадиган саловотнинг маъноси ҳақида имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ Абул Олиядан ривоят қиладилар: 

صلاة الله تعالى ثناؤه عليه صلى الله عليه وسلم عند الملائكة. و صلاة الملائكة الدعاء له

Яъни: Саловот Аллоҳ таоло пайғамбар алаҳиссаломни фаришталар ҳузурида мақташидир. Фаришталарнинг саловотлари эса у зот ҳаққиларига қилинадиган дуодир. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан саловотнинг маъноси ҳақида ривоят қилинади: “Саловотнинг маъноси Робб таборака ва таоло  раҳматига олишидир. Фаришталар йўллайдиган саловотларнинг маъноси эса истиғфордир”-деганлар. Ушбу маънолардан келиб чиқиб пайғамбаримизга йўллайдиган саловотимизнинг маъноси: “Эй Аллоҳ! пайғамбаримизни ўзингни муқарраб фаришталаринг ҳузурида мақтагин, у зотни саҳобалари ва аҳли байтларини мағфиратинга, раҳматинга олгин”- деган маъно келиб чиқади. Биз пайғамбаримизга йўллайдиган саловотимиз ортидан пайғамбаримизнинг аҳли байтларига, саҳобаларига ва пайғамбаримизга эҳсон ила эргашган зотларга ҳам саловот йўллаймиз. Уларга йўллайдиган саловотимизнинг маъноси уларнинг ҳаққиларига Аллоҳ таолодан мағфират сўрашдир. 

Қуръони каримнинг Аҳзоб сураси 56-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:

إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِىِّ يَٰأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ صَلُّوا۟ عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا۟ تَسْلِيمًا

Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг.     (Аҳзоб сураси 56-ояти)

Юқорида зикр қилинган ояти каримага кўра ҳар бир мусулмон росули акрам алайҳиссаломга умри давомида бир маротаба саловот айтиши фарздур. Қолган вақт эса пайғамбар алайҳиссалом зикр қилинсалар, ёки у зотнинг муборак исмлари эшитилса ёки китобда у зотнинг исмлари ўқилса доим саловот айтиш умматни у зотга кўрсатган одоби бўлади. У зотга айтган саловоти аслида ўзига хайр, ўзига барака, ўзига яхшиликдир. Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ Росули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисларида пайғамбар алайҳиссалом:

"البخيل من ذكرت عنده ثم لم يصل علي"

“Бахил одам шундай одамки: кимни ҳузурида ман зикр қилинсам у манга саловот айтмаса ўша бахил одамдур”- деб марҳамат қилдилар. Пайғамбаримиз зикр қилинган вақтларида саловот айтмаслик катта одобсизликдир. Ўзининг ҳидоятчиси бўлган зотни эҳтиром қилмаслик бўлиб қолади.   Шунинг учун биз мусулмон кишиларнинг одобимиз доимо у зот зикр қилинганларида саловот айтишимиздур. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган саловотимиз туфайли дунё ва охират ғам ташвишларидан қутуламиз. Саловот айтган бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот ва раҳмат йўллайди. Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

مَنْ صَلَّى عَليَّ وَاحِدَةً صَلَّى الله عَلَيْهِ عَشْرا

 “Кимки менга бир бора салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади”-деб марҳамат қилдилар.

Ушбу ҳадисдан келиб чиқиб уламоларимиз: “Энг афзал зикр бу Пайғамбар алайҳиссаломга йўлланадиган саловотдир. Чунки Пайғамбаримизга йўллайдиган саловотимиз туфайли Аллоҳ таолонинг бизга йўллайдиган саловотига мушарраф бўламиз”-дейдилар.

Имом Табароний келтирган ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Ким менга бир бора салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади. Кимки менга ўнта салавот айтса, Аллоҳ унга у юзта салавот айтади. Кимки менга юзта салавот айтса, Аллоҳ уни нифоқ ва дўзахдан озод деб ёзиб қўяди ва қиёмат кунида шаҳидлар билан бирга қилади”. 

Пайғамбар алайҳиссаломга ҳар вақт саловот айтиб юришимиз лозим. Робиул аввал ойида эса бошқа вақтларда айтадиганимиздан ҳам зиёда саловот айтишимиз даркордир. 

Усманов Абдусамад

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ўқитувчиси