
Намоздан сўнг Қуръон тиловати 2-қисм
Бундан ташқари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон тиловат қилиш ва уни тинглаш улкан ажрли амал эканлигини ҳадислардан кўришимиз мумкин.
روي أحمد في مسنده من حديث أبي هريرة رضي الله عنه أنَّ النَّبِيَّ صلي الله عليه و سلم قال: «مَنْ اسْتَمَعَ إِلَى آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ كُتِبَ لَهُ حَسَنَة مُضاعَفَةٌ وَ مَنْ تَلاهَا كَانَتْ لَهُ ثَوْرًا يَوْمَ الْقِيَامَة»
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳнинг китобидан бир оят тинглаган кишига бир неча баробар яхшиликлар ёзилади, Аллоҳнинг китобидан бир оят тиловат қилган кишига Қиёмат кунида нур бўлади” Имом Аҳмад ривояти.
Ўрни келганда шуни таъкидлаш керакки, намоздан кейин ўқиладиган тиловати Қуръоннинг намозга алоқаси йўқ. Яъни, у намоз амалларидан эмас. Фақат бизнинг диёрларимизда савобни кўпроқ олиш, Қуръонни яхшироқ ўқиш, кўпроқ эшитиш ҳамда ўтганларнинг руҳларига бағишлаб қўйиш мақсадида одатга айланиб қолган. Чунки намоз салом бериш билан тугайди. Бу намоздан кейин қилинадиган мўминлар чиройли деб билган ишлардан бири, холос. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган асарда :
ما رآه المسلمون حسنا فهو عند الله حسن
“Мусулмонлар нимани яхши деб билсалар, бас, у Аллоҳ ҳузурида ҳам яхшидир”. Имом Аҳмад ривояти. Шунинг учун ҳам одамлар бу ишни вожиб экан, деб ўйлаб қолмасликлари учун гоҳ-гоҳида тарк қилиб туриш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Токи одамлар бу ишни "намознинг бир қисми, буни қилмаса бўлмайди" деб, эътиқод қилмасинлар
Аллоҳ таоло “Тоҳо” сурасининг 124-оятида қуйидагича марҳамат қилади:
وَمَنْ أَعْرَضَ عَن ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكًا وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَى
“Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”.
Машҳур Ҳанафий муфассирлардан Имом Исмоил Ҳаққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Руҳул баён» асарида зикр-эслатмадан юз ўгириш қандай бўлишини тафсир қилганлар:
“Куръони каримдаги “зикр” лафзи Қуръон, намоз, тасбеҳ-таҳлиллар ва бошқа шу каби маъноларда келади. Яъни Мени доимо ёдига солиб турувчи шу Китобдан ва Менга чақирувчи бўлган мана шу элчимдан юз ўгиришидир. Зеро, унга бу дунёда ниҳоятда тор ва қийинчилик машаққатлари кўп бўлган ҳаёт бордир”.
Ҳанафий уламоларимиздан баъзилари бир инсоннинг Қуръон тинглаши қироат қилишидан афзалдир, дейишади. Чунки, тингловчи тинглаши билан фарзни адо қилади. Қуръон қироати эса, фарз эмас. Ҳанафий олимлардан бўлмиш, Абу Суъуд раҳматуллоҳи алайҳ: “Қуръон тинглаш қироат қилишдан савоблироқдир, чунки тинглаш фарз, қироат фарз эмас”, деганлар. Демак, юқорида келтирилган далиллар ва қоидаларга кўра, намоздан кейин Қуръон тиловати қилиш бидъат эмас, балки ихтиёрий савобли ишлардан. Фақат уни вожиб, деб билмаслик керак. Шунинг учун гоҳида тарк қилиш ҳам жоиз. Айрим намозхонлар зарурат юзасидан фарз ва суннат намозларни ўқиб масжиддан тиловат бошланмасидан аввал чиқиб кетишларини гувоҳи бўлимиз мана шу холатларда айрим намозхонлар уларга нисбатан нафрат билан боқмаслилклари лозим бўлади, чунки хар –бир кишини ўзининг мақсадлари зарур юмушлари, сафарга оталанётган, беморга қараётган,машинасида оиласи ва фарзандалири билан бирон жойга шошиб кетаётган бўлиши, ижтимоий ва иқтисодий ўзининг юмушлари бўлиши мумкин. Чунки зиммасидаги фарз ибодатни ўз вақтида бажарди. Шуни инобатга олган ҳолда аҳён аҳён тарк этишга мажбур бўлиб қолади буни ҳам инобатга олиш лозим.
Ишанов Исмоилхон
таълим муассасаси ўқитувчиси