Яратилиш санаси 30.09.2025

Устоз ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти

Инсоният тараққиёти ва маънавий камолоти устоз ва мураббийларнинг меҳнати билан узвий боғлиқ. Чунки илм ва маърифат инсоннинг энг қимматли меросидир. Ислом таълимотида ҳам устозга эҳтиром қилиш, илм эгаларига муносиб муомалада бўлиш алоҳида ўринга қўйилган.

Исломда устоз ва мураббийнинг мақоми юксак бўлиб, Қуръон ва ҳадисларда илм аҳли ва уларнинг тарбиячи сифатидаги мақоми юқори баҳоланган.

Қуръон каримда марҳамат қилинади: "Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларда улуғлайди" (Мужодала, 11). Бу оят илм соҳиблари, яъни устоз ва уламоларнинг жамиятдаги юксак ўрнини кўрсатади.

Ҳадиси шарифда эса: "Албатта, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир" (Абу Довуд, Термизий). Бу ерда илм тарқатувчи устоз ва мураббийларнинг аҳамияти пайғамбарлар вазифасига қиёс қилинган.

Устоз ва мураббий нафақат билим берувчи, балки тарбиячи сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ислом уламолари таъкидлаганки, устознинг одоби, илми ва тақвоси шогирднинг қалбига таъсир қилади.

Имом Ғаззолий (р.а.) ўзининг “Иҳё улумид-дин” асарида шундай дейди: "Шогирд устозига отасига қилинадиган эҳтиромдан ҳам ортиқроқ эҳтиром билан қараши лозим. Чунки отаси уни дунёвий ҳаётга сабабчи бўлган бўлса, устози абадий ҳаёт (охират) учун сабабчи бўлади".

Мураббий сўзи "рабб" сўзидан келиб чиққан бўлиб, маъноси тарбия қилувчи, йўл кўрсатувчи деганидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: "Ҳар бирингиз масъулдир ва ҳар бирингиз қўл остидагилар ҳақида масъулдир" (Бухорий, Муслим).
Бу ҳадис мураббийлик фақат мактабда эмас, балки жамиятда, оилада ҳам муҳим масъулият эканини кўрсатади.

Ўзбек халқ меросида устоз ва мураббий Мамлакатимиз маънавий меросида ҳам устоз ва мураббийга катта аҳамият қаратилган. Мир Алишер Навоий хазратлари: “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо ҳаққин онинг юз ганж ила” деб бежизга айтмаганлар.

Доно халқимизнинг мақолларида ҳам бу ҳақиқат ифодаланган: “Устоз отадек улуғ.” “Устоз отангдан улуғ.” Бу ҳикматларда устознинг жамият ва шахс камолоти учун нақадар муҳим шахс экани ўз ифодасини топган.

Устоз ва мураббийлар — илм тарқатувчи, тарбия берувчи ва маънавият парвариши сифатида жамият равнақининг асосий устунларидир. Шу боис уларнинг мақоми ислом таълимотида ҳам, миллий меросимизда ҳам юксак баҳоланган. Устозга эҳтиром қилиш – илмга, маърифатга ва тараққиётга эҳтиром қилиш демакдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни илм ўрганадиган, илм ўргатадиган маърифатли бандаларидан қилсин. Устозларимизга дунё ва охиратда улкан савоб ва мукофотларини ато этсин, барчаларимизни икки дунё саодатига эришганлардан қилсин.

Абдураҳманов Муҳаммадхон

таълим муассасаси ўқитувчиси