Яратилиш санаси 01.10.2025

УСТОЗ - ШАРАФГА ЛОЙИҚ ЗОТ

Инсоннинг инсон бўлиб камол топишида, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга кириши ва мустаҳкам ўрин олишида ўқитувчи ва мураббийларнинг, барча таълим соҳаси фидойиларининг ҳиссаси беқиёсдир.

Албатта, устозлик шарафли ва улуғ касб.

Абу Умома р.адан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ с.а.в айтадилар: “Албатта, Аллоҳ, унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, хаттоки, инидаги чумоли ва балиқ ҳам инсонларга яхшиликни ўргатувчи муаллимларга саловат айтади”.

Ушбу шарафга ёш болаларга алифбе  ҳарфларини ўргатаётган муаллимлардан тортиб, фан докторлиги илмий ишларга раҳбарлик қилаётган профессор устозлару раҳбарлар киради.

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.

Ҳазрат Навоийдан келтирилган бу ердаги сўзларда ҳеч муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидирлар. Дунё уларнинг меҳнатлари эвазига ободдир. Уларнинг қалблари таратган зиё туфайли инсонларнинг маънавий дунёси ёруғ ва равшан. Бинобарин, биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзозласак, шунча оз.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ устозлари Имом Молик ҳазратларини илм мажлисларида ўтирган вақтларида китобларини саҳифасини жуда юмшоқлик билан очардилар. Зеро, устозларига азият ва маллолик етказиб қўймаслик учун. 

Ҳазрат қози Имом Фахриддин ал-Арсобандий Марв вилоятида барча имомларнинг раиси эдилар. Марвнинг султони бу зотни ғоятда ҳурматлар эди. У зот  “Фақатгина устозимнинг дуолари шарофати билан бу мансабга эришдим. Ҳурматларини ўринлатишга ҳаракат қилдим. Ҳазрат устозим қози Имом Абу Язид ад-Даббусий (а.р.)нинг хизматларида қуш мисоли учар эдим. Кийимларини ювиб, поябзалларини тозалаб, таомларини ҳозирлар, устозим овқатланиб бўлгунлари-ча, ўзим тановул қилмас эдим, - деб кўп бор такрорлардилар.

Ҳорун ар-Рашид ўғилларини имом Асмоий (р.а) ҳузурларига илм ва одоб ўрганмоғи учун юборди. Бир куни устоз ҳазратларининг таҳорат олаётганларини кўриб қоладилар. Ўғиллари эса оёқларига сув қуяр эди. Шунда халифа ҳазратлари имом Асмоийни уришиб маломат қилдилар.

- Мен сизнинг ҳузурингизга ўғлимни илм ва одоб ўргансин деб жўнатган эдим, шундай экан нима учун бир қўли билан сув қуйиб, бошқаси билан оёғингизни ювишни буюрмайсиз?! - дедилар.

Демак, устоз ҳурматига риоя қилмоқ, хизматларига қоим бўлмоқ, унинг кўнглида муҳаббат ва ризолигини топиш ҳар бир талабанинг ҳаётий вазифасига айланмоғи керак экан. Бу эса, илмидан ўзи ҳам, бошқалар ҳам манфаат топишига асосий омиллардан биридир. Толиб бу юксак бурчни ихлос ва самимият билан ёндошгандагина, самарасидан баҳра олишга эришади.

Шавкатжон МАДАМИНОВ,

 “Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси ўқитувчиси