Яратилиш санаси 20.10.2025

Ахлоқ таърифи

Ахлоқ – сўзи хулқ сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради.

Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб таъриф қилган. Яъни, ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса ўша хулқга айланган бўлади. Мисол учун кишининг иродаси бировларга хайри эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб қолса, ўшани карамли хулқ дейилади.

Қадимдан ахлоқ илми уламолари одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими, деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган. Улардан баъзилари, яхши бўлсин, ёмон бўлсин ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади. Ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди, деганлар. Бошқа бир гуруҳ ахлоқ илми уламолари эса инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади. Унда қандай хислат бўлса туғилганидан кейин пайдо бўлади, деганлар.

Мусулмон ахлоқ илми уламолари эса инсонга ота-онасида бор баъзи ахлоқларни хамиртуруши онасининг қорнида ҳомила бўлганида ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ундан ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон туғилиб ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади, дейдилар.

Бизнинг боболаримиз яхшилик ва ахлоқнинг ҳақиқати нима эканини тўлиқ маънода Исломдан билганлар. Улар Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, макоримул ахлоқлар дини бўлган Ислом дини орқали яхшилик ва ҳусни хулқни ўзларига касб қилганлар. Улар ўзлари бу улуғ неъматлардан баҳраманд бўлганлари билан бир қаторда ўзгаларга ҳам ўзлари каби яхшиликлар етишини истаганлар. Шунинг учун боболаримиздан баъзилари яхшилик ва ахлоқ бобида ўлмас асарлар битганлар. Уларнинг бу асарлари жаҳон адабиётининг дурдоналарига айланган.

«Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласида ўттиз тўртинчи рақам билан келган «Яхшилик ва Ахлоқ китоби» ҳозирги замонимизда ахлоқ бобида алоҳида ёзилган китоблар муқаддимаси бўлса, ажаб эрмас.

Маҳмудов Калимуллоҳ домла,

таълим муассасаси ўқитувчиси