Одоб таърифи
Бизнинг тилимизда «одоб» тарзида талаффуз «қилинишига одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида «маъдаба» ўзагидан олингандир. Маъдаба эса одамларни даъват қилинган зиёфатни англатади. Одоб ҳам одамларни доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба» — зиёфат бўлгани учун шу номни олган.
Абу Муҳаммад ўзларининг «Китобул Воъий » номли асарларида:
“Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун “одоб” деб номланган”, дейдилар.
Абу Зайд раҳматуллоҳи алайҳ:
«Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исмдир», деганлар.
Одобнинг таърифида қуйидаги таърифлар ҳамкитобларимизда келган:
«Мақтовга сазовор сўз ва амални истеъмол қилиш одобдир».
«Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир».
«Нафснинг одоби – дарснинг одобидан яхшидир».
«Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичиккамеҳр кўрсатишинг одобдир».
Юқоридаги барча таърифлар жамланганда ислом динимизда кўзланган «одоб»нинг таърифи юзага келади.
Ҳозирги кунда ғарб маданиятига тобеълик таъсирида «одоб»ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади.
Одоб масаласини инсоният тарихида тўлақонли равишда ислом бошлаган, десак муболаға бўлмайди. Исломда кишининг ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Дунёдаги одобга бағишланган муаллафотларнинг асосини ва кўпчилигини ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилган асарлар ташкил этади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини жамловчи китобларимизнинг ҳар бирида «Китобул адаб» номли ички китоблар бор. Уларда одобга оид ҳадиси шарифлар келтирилади.
Бундан ташқари муҳаддисларимиз одобга бағишланган алоҳида китоблар ҳам таълиф қилганлар. Бунга мисол қилиб буюк ватандошимиз, мўминларнинг ҳадис бўйича амири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳиалайҳнинг «ал-Адабул Муфрад» китобини келтириш мумкин.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг шоҳ асарлари «Жомеъ Саҳиҳ»да китобул адабга ўрин берганларига қарамай бу масалани ўта аҳамиятли билганлари учун ҳам алоҳида китоб қилишга ўтганлар. У киши «ал-Адабул Муфрад» китобида турли одобларга оид бир минг уч юз йигирма иккита ҳадиси шарифни олти юз қирқ тўрт бобда келтирганлар.
Бу масала бўйича мусулмон адиблар ҳам кўплаб асарлар битганлар. Уларнинг ичида энг машҳурларидан бири имом Мувардийнинг «Адабуд дунё вад дин» китобидир.
Каломуллоҳ домла Маҳмудов
Таълим муассасаси ўқитувчиси