Яратилиш санаси 11.12.2025

МОВАРОУННАҲРДА ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИНИНГ ТАРҚАЛИШИ (1-қисм)

Абу Ҳанифа асос солган мазҳаб саккизинчи аср ўрталари-а, унинг ҳаётлик чоғиданоқ тарқала бошлаб, шу асрнинг охирларида узоқ-яқин ўлкалар, жумладан, Мовароуннаҳрга етиб келган эди.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг мумтоз шогирдларидан бири бўлмиш Абуҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ал-Кабийр ал-Бухорий биринчи бўлиб, IX аср бошларида ушбу мазҳаб таълимотининг ҳақиқий ташувчиси сифатида ўз ватанига қайтиб келди. Бухоро шаҳрини ҳанафийликнинг муҳим марказларидан бирига айлантирди. Унинг тарбияси остида бир гуруҳ фақиҳлар, жумладан, ўз даврида Ҳанафий мазҳабининг шайхи ва салоҳиятли вакили бўлган унинг ўғли Абуҳафс Сағийр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс юксак даражали фақиҳ мартабасига етганди.

Абуҳафс Кабийрнинг замондоши, ҳадис илмининг буюк имоми Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» китоби ва «Фиқҳул-Бухорий» деб аталган ўзига хос фиққий йўналиши билан ушбу фан ривожига катта ҳисса қўшган эди. 

Бухоролик фақиҳлар ўша даврдан бошлаб ҳам усулул-фиқҳ ва ҳам фуруъул-фиқҳ бўйича муҳим ва эътиборга лойиқ асарлар ёзиб келдилар. Ибн Халдун «Ал-Муқаддима»да таъкидлашича, Абузайд Дабусий ушбу мавзуда ёзган китоб энг муҳим асарлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, кейинроқ Садруш-шариа Иккинчи Убайдулло ибн Масъуд ёзган "Танқийҳ ул-усул" номли китоб ва унинг устидан ёзган "ат-Тавзийҳ" номли шарҳи катта эътибор ва илмий аҳамият касб этиб келган[1].

IX асрдан бошлаб Ҳанафий, Шофиъий ва Ҳанбалий мазҳаблари Марказий Осиёда ўз нуфузини ўтказа бошлади. Хуросонда Ҳанбалий мазҳабининг йирик намояндаси шайхул-ислом Абдулло Ансорий эди.

Шофиъий мазҳабининг атокли вакили, Ўрта Осиё бўйича шофиъийлар имоми тошкентлик Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший эди. У ўз даврининг машҳур кишиси фақиҳ, муҳаддис, муфассир, усулий адиб ва шоир бўлиб, кўп асарлар ёзган. "Усулул-фиқҳ" ва "Шарҳур-рисола" номли асарлари катта шуҳрат қозонган. Ибн Халликоннинг таъкидлашича, ўша даврда Мовароуннаҳр ҳудудида унга тенг келадиган олим ва фақиҳ бўлмаган. Заркалийнинг ёзишича, у фиқҳ, ҳадис, луғат ва адабиёт бўйича ўз даврининг атокли олими ҳисобланган. Олим кўп сафарлардан кейин ўз шаҳри Тошкентга қайтиб келиб, шу ерда ҳаётдан кўз юмган. Унинг қабри Ҳастимом ёнида бўлиб, мухлислар мозорига айланган.

Абдуллаев Азимжон 

таълим муассасаси ўқитувчиси