Яратилиш санаси 20.10.2021

«Биз оҳод ҳадисларда келган хабарларни ақида борасида қабул қилмаймиз.....» дейишади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “ал-Фиқҳ ал-акбар” китобида : 

«Мункар ва Накирнинг қабрдаги саволи ҳақ ва бўлувчидир. Руҳнинг бандага қабрда қайтарилиши ҳақдир. Қабрнинг сиқиши ҳақдир, унда азобланиш ҳақдир ҳамда барча кофирлар ва айрим гуноҳкор мўъминлар учун бўлувчидир».

Бу матинда қадимдаги хаворижлар, бугунги кундаги «Ҳизбут-таҳрир» оқимига эргашганларга раддия бор. 

Улар Ислом уламолари тарафидан энг кучли танқидга учраган жиҳатларидан бири – «Биз оҳод ҳадисларда келган хабарларни ақида борасида қабул қилмаймиз, ким бундай ҳадисларда ворид бўлган хабарга эътиқод қилса гуноҳкор бўлади», деб қабр азобини инкор қиладилар ва этиқод қилишни харом дейишади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
Албатта, банда қачон қабрига қўйилсаю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг ковушлари тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтқазишади ва: Бу одам – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида нима дер эдинг?  дейишади. Мўмин бўлса: Шаҳодат бераманки, у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир, дейди. Дўзахдаги ўрингга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди, дейилади унга. У икковини ҳам кўради. Аммо кофир ёки мунофиққа эса: 
Бу одам ҳақида нима дер эдинг?  дейилади. Билмадим, одамлар айтадиган нарсани айтар эдим, дейди. Бас, унга: Билмадинг ҳам, (билганларга) эргашмадинг ҳам, дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан бир урилади. Ўшанда у шундоқ ҳам қичқирадики, инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади, дедилар.

Ушбу ҳадисда аҳли сунна ва жамоа ақидаси бўйича Қуръон ва суннат билан собит бўлган ақидавий масала, қабр саволи ва азоби ҳақ экани ва уни қай йўсинда бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Шунга ўхшаш кўплаб хадисларни улар инкор қилишади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб ҳадисларда хабар берган қабрдаги сўроқ-саволлар, қабр азоби ва неъмати кабилар барчаси ҳақ бўлиб, имон келтириш ҳам вожиб бўлади.

Муҳаммад Абдураҳманов