Ўзгариш ўзингдан бошланади!
Инсон ҳаётида ва дунёда бўлаётган ишларда ўзгариш доимий юзберадиган ҳолатдир. Лекин ҳар қандай ўзгариш тасодифан ёки фақат ташқи омиллар таъсирида юз беравермайди. Қуръони каримда инсонга ҳаётни бошқариб турадиган аниқ омиллар кўрсатилган: Ташқи ҳолат ички дунёга боғлиқ. Шу маънода ислом таълимотида ислоҳ аввало қалбдан бошланади. Қандай жамиятда яшашимиз, қандай келажак қуришимиз инсоннинг нияти, фикри ва амалига боғлиқ. Раъд сурасида келган оят айнан шу ҳақиқатни илмий ва ҳаётий асосда баён қилади. У инсонни кутишга эмас, ҳаракатга, баҳонага эмас, масъулиятга чорлайди. Қуръон инсон ва жамият ҳаётини бошқариб турадиган умумий қонунлардан бири Раъд сурасида келган машҳур оятдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Албатта, Аллоҳ бир қавмнинг ҳолини улар ўзларидагини ўзгартирмагунча ўзгартирмайди. Агар Аллоҳ бир қавмга мусибатни ирода қилса, уни қайтарувчи йўқ ва улар учун Ундан ўзга ҳимоячи ҳам бўлмайди” Раъд сураси 11- оят.
Бу оят ислом нуқтаи назаридан мўмин мусулмонларни ҳаётини ўзгартирадин омил сифатида қаралади. Муфассирлар таъкидлашича, “ма би анфусихим” ибораси инсоннинг қалби, нияти, эътиқоди, ахлоқи ва амалий ҳолатини англатади. Демак, ташқи ўзгаришлар ички ислоҳга боғлиқдир. Жамиятнинг равнақ топиши ёкиинқирозитасодифий эмас, кўп ҳолларда ўзимизнинг жидду жаҳтимиз ва ғайрату шижоатимизга боғлиқдир.
Имом Табари, Қуртубий ва Ибн Касир каби муфассирлар бу оятни шундай шарҳлайдилар: Аллоҳ қавмга берган офият, тинчлик ва баракани улар тоатни маъсиятга, шукрни носипосликка, адолатни зулмга алмаштирмагунча ўзгартирмайди. Шунингдек, агар қавм ислоҳга юз тутса, Аллоҳ ҳам уларнинг аҳволини яхшилайди. Демак, ислоҳ фақат ташкилий чоралар билан эмас, балки маънавий янгиланиш билан амалга ошади.
Оят инсонни фақат масъулиятга чақириб қолмай, уни фаолликка ундайди. Қуръони карим кўрсатмасига кўра, дуо ва таваккул ҳаракатсиз маъно касб этмайди. Инсон ҳалолликни истаса, унинг ўзи ҳалол бўлиши, адолатни орзу қилса, ўз муомаласини адолатли қилиши лозим. Шундагина ижтимоий муҳит ҳам ўзгара бошлайди. Бу ерда Қуръон инсонни дангасалик ҳолатидан чиқариб, фаол ислоҳга чорлайди.
Бу маъно Шарҳ сурасида келган оятлар билан ҳам уйғун:
إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا
Маъноси: “Албатта машаққат билан бирга енгиллик бор. Албатта машаққат билан бирга енгиллик бор”. Шарҳ сураси, 5-6 оятлар.
Бу икки оят Қуръонда умид ва барқарорлик тамойилини баён қилади. Яъни қийинчилик доимий ҳолат эмас. Ислоҳ йўлидаги машаққат инсонни тўхтатиш учун эмас, уни етукликка олиб чиқиш учун берилади. Муфассирлар таъкидлашича, оятда енгилликнинг икки марта такрорланиши қийинчиликдан кейин имкониятлар эшиги очилишини англатади.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, Раъд сурасидаги ўзгариш қонуни билан Шарҳ сурасидаги енгиллик ваъдаси бир-бирини тўлдиради. Инсон ўзини ислоҳ қилишга киришса, йўлда машаққат бўлади, аммо у билан бирга илоҳий ёрдам ва осонлик ҳам келади. Қалб тузалса, фикр тузалади. Фикр тузалса, амал тузалади. Амал тузалса, ҳаёт тартибга тушади.
Хошимов Нуриддин
Таълим муассасаси ўқтитувчиси