Қазо ва қадар
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-Фиқҳ Ал-Акбар» китобида:
Аллоҳ таоло нарсаларни яратди, лекин бирор нарсадан эмас. Аллоҳ таоло азалдан нарсаларни бўлишидан олдин ҳам (қандайлигини) билувчи эди. У зот нарсаларни тақдир қилди, ўлчовини яратди. Дунё ва охиратда бирор нарса йўқки, Унинг хоҳишисиз, илмисиз, қазо ва қадарисиз, лавҳи маҳфузда ёзиб қўйишисиз бўладиган бўлса. Унинг ёзиб қўйиши васф билан бўлади, ҳукм билан эмас. Қазо ва қадар ҳамда хоҳиш-истак азалдан Унинг кайфиятсиз сифатларидир.
Аллоҳ таоло коинотдаги барча нарсаларни йўқдан бор қилган, уларни бирор нарсага қараб ёки бирор нарсанинг бўлакларидан яратган эмас.
Яратилган барча нарсалар Аллоҳнинг тақдири ва ўлчови билан бўлган. Демак, тақдир ва хоҳиш-истак Аллоҳ таолонинг сифати экан, улар азалий ва абадийдир.
Лавҳи маҳфузнинг маъноси сақланган лавҳа-тахта бўлиб, унга Аллоҳ таолонинг ўзи яратган нарсаларининг тақдирини ёзиб қўйгандир. Бироқ, унда фалон-фалон иш бўлсин тарзида эмас, балки фалон-фалон иш бўлади тарзида ёзилган.
Қазо ва қадарнинг маъноси бир: ҳукм қилмоқ ва ўлчамоқ.
Истилоҳда бирини қисқача ҳукм, иккинчисини батафсил ҳукм деб тушунилади. Яна бирор нарсанинг режасини тузмоқни қадар, уни амалга оширмоқни эса қазо деб тушунтирганлар ҳам бўлган.
Муҳаммад Абдураҳманов