Яратилиш санаси 19.04.2026

Абу Мансур Мотуридий (2-қисм)

Мотуридий биринчидан, Мўътазилийларга, сўнгра Ботинийлар ва Қарматийларга қарши ғоявий кураш олиб бориш, Қуръонни таҳриф ва ўзгартиришдан саклаб қолиш, ислом руҳи ва таълимотини бидъатчиларнинг заҳарли ғояларидан ҳимоя қилиш, уларнинг мазҳабий ва фалсафий сафсаталари қанчалар асоссиз эканлигини исботлаб беришни ўз олдига асосий ва муқаддас вазифа қилиб қўйган эди. У Ботинийлар таъвилига бутунлай қарши турган аҳли сунна вал жамоа таъвилини ривожлантирди ва бу соҳада кўп жилдлик "Таъвилоту аҳлис-сунна" номли Қуръон тафсирини яратди. Аввалидан охиригача Мўътазилийлар ва Ботинийлар томонидан Қуръон оятларига қилинган ўринсиз таъвилларни рад қилиш, илмий, фалсафий ва нақлий далиллар билан уларнинг нотўғрилигини кўрсатиб беришга ихтисослашган ушбу тафсир ниҳоятда муҳим бир илмий асардир. Бу китоб Алоуддин Самарқандий томонидан "Шарҳу таъвилотил-Қуръон" номи билан шархланган. Ундан айрим қўлёзма нусхалар Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Р.3155, 3249 рақамларда ва "Таъвилотул-Қуръон"нинг нусхалари Р.5126, 5127 рақамларда мавжуд.

Ашъарий мазҳаби араб дунёси ва Яқин шарқца тарқалган бўлса, Мотуридия Туркистон, Хуросон ҳудудида кенг кўламда тарқалиб, одамлар онгидаги ғоявий бўшлиқни тўлдирди. Самарқанд аҳолиси, узоқ муддатли мунозаралар ва кескин жадалларда ғалаба қозониб, ўз илмий асарлари билан мухолифларга қақшатқич зарба берган имом Мотуридийни эъзозлаб, камоли ҳурмат ва самимият билан кутиб олди ва у билан фахрланди.

Абдуллаев Азимжон 

таълим муассасаси ўқитувчиси