Абу Мансур Мотуридийнинг илмий мероси
Буюк имом кўп сонли илмий мерос қолдирди. Унинг энг муҳим асарлари:
1. "Китобу маъхазиш шаръ" ё «Маохизуш-шаръ» (Шариат манбаи ё манбалари).
2. "Китобул-жадал" (Мунозара китоби).
3. "Таъвилотул Қуръон" ёки "Таъвилоту аҳлис-сунна" (Қуръон таъвилига доир китоб, Қуръон тафсири).
4. "Китобур-рад алал-Қаромита" (Қарматийларга радция китоб).
5. "Китобу радци авоилил адилла лил-Каъбий" (Каъбийнинг бошланғич далилларини рад қилишга бағишланган китоб).
6. "Китобу баёни ваҳмил мўътазила" (Мўътазила ваҳм ва гумонларининг баёни).
7. "Рисолотут-тавҳид" (Тавҳид бўйича рисолалар).
8. "Китобул усул"».
9. "Китобул мақолот фи усулид-дин" (Дин асослари бўйича мақолалар).
10. "Шарҳу китобил фиқҳил акбар" (Абу Ҳанифанинг "Ал-фиқҳул-акбар" китобига шарҳ).
11. "Китобу радди таҳзибил жадал лил-Каъбий" (Каъбийнинг "Таҳзибул жадал" китобига раддия).
12. "Китобу раддил-усулил хамсати ли Аби Муҳаммад ал-Боҳилий" (Абу Муҳаммад Боҳилий томонидан ишлатилган бешта усул ва қоидага раддия китоб).
13. "Китобу раддил-имома ли баъзир-равофиз" (Айрим Рофизий шиалар томонидан имомат масаласи бўйича илгари сурилган ғояларга раддия китоб).
14. "Китобу радди ваъидил-фуссоқ" (Фосиқлар томонидан йўлга қўйилган ваидларни рад қилишга доир ёзилган китоб).
Котиб Чалабий "Кашфуз-зунун"да "Маъхазуш-шаръ" ва "Китобул-жадал"га усулул-фиқҳ бўйича илмий асосда ниҳоятда пухта ва мукаммал ёзилган асарлар деб эътибор беради ва унинг сабабини китоблар муаллифи фиққ бўйича усул ва фуруъ илмларини чуқур билиб ўзлаштирганлигида деб билади.
Мотуридийнинг калом мактаби кейинги даврларда ҳам бидъатчиларга қарши Мовароуннахр халқининг кураш байроғига айланган. Қорахонийлар давлати Бухорода Мотуридий яратган ақоид мактабини ҳақиқий ислом ва аҳли сунна вал жамоанинг ақидавий асослари деб эълон қилган эди.
Шундай қилиб, Мотуридий калом ва усулул фиқҳ бўйича Ҳанафий мазҳабининг йирик ва салоҳиятли вакили сифатида ўзидан қолдирган барҳаёт асарлари билан, Ҳанафий таълимоти асосида "Мотуридия" калом мазҳабини яратди ва фиқҳ илми услубияти ривожига тенгсиз ҳисса қўшди. Ундан кейин Насафийлар ва бухоролик Нуриддин Собуний олимнинг издошлари сифатида, унинг йўлини давом эттирдилар.
Абдуллаев Азимжон
таълим муассасаси ўқитувчиси