Фотима бинти Алоуддин
Абдулҳай Лакнавий «Ал-Фавоид»да ёзишича, Фотима отаси Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфатул фуқаҳо» китобини ёддан билган, отасига фатво чиқаришда ёрдам бериб, фатволар ҳар иккаласининг ижозати билан чиққан. Абу Бакр Косонийга турмушга чиққандан кейин фатволар ҳар уччаласининг муҳри билан чиқарилган. Баъзан эри Абу Бакр хатога йўл қўйганда Фотима унинг хатосини тўғрилаб келган.
Табақотда ёзилишича Ибнул-Адимнинг отаси унга Фотима ҳақида қуйидагидек маълумот берган экан: «У, мазҳабни янгича накл қилар экан, фатво биринчи унинг ижозати билан чиқар, кейин отасининг ижозати билан. Ҳаловия (Ҳовия)даги фақихлардан бири Довуд ибн Али айтишича рамазон ойида фақихларга фитр садақасини беришни биринчи марта Фотима жорий қилган".
Айрим манбаларда айтилишича, Фотима ўз эри Абу Бакр ибн Масъуд Косоний билан баъзи сабабларга кўра, бир муддат Ҳалаб диёрида истиқомат қилганлар.
У эрини Ҳалабдан кетишга ундаган. Буни эшитган Нуриддин Маҳмуд Занкий Косонийни чақириб, уни қолишга кўндиради. Нимага кетмоқчи эканлигининг сабабини сўраганда, у устозининг қизига хилоф иш қила олмаслигини айтади. Кейин Нуриддин Маҳмуд у билан маслаҳатлашиб, Фотимага бир аёлни юбориб уни кўндиради ва улар умрларининг охиригача Ҳалабда қолиб, Ҳанафий фиқҳини тарқатиш билан шуғулланадилар
Косоний 587 йил ражаб ойининг учинчи куни вафот этиб, хотини Алоуддин қизи Фотима ёнида "Зоҳири Ҳалаб"да мақоми Иброҳим Халилнинг ичида дафн этилган.
Шундай қилиб, ўзбек қизи Фотима ислом дунёсида ўз буюк истеъдоди ва фиқҳ илми бўйича юксак салоҳияти билан мумтоз ва мисли кам бўлган фақиҳ аёл сифатида донг таратган.
Абдуллаев Азимжон
таълим муассасаси ўқитувчиси